Соғлом оила - соғлом келажак

Йигитликка илк қадам. Бу даврдан ўғил болада қандай ўзгаришлар кузатилади?

Ўспиринларда кечадиган ўзига хос жараёнлардан бири жинсий майлдир. Бу даврда уларда ёр танлаш, бирор кишига меҳр қўйиш, хаёлан қаҳрамон яратиш иштиёқи кучли кечади. Улар катталарнинг гапини қайтаради, ўз иродасини намойиш этишга интилади. Ўзидан бошқаларни тан олмайдиган, устига-устак ўжар, қўпол, аразчи бўлиб қоладилар.

ўғил бола, Йигитлик

Албатта ўсмирларнинг жинсий етилиш даврида ота-оналар ва муаллимларга осон тутиб бўлмайди, уларни бошқариш жуда мушкул. Лекин шуни унутмаслик керакки, ўспиринлик, ёшликнинг худди шу даврида фарзандингиз ёхуд ўқувчингизнинг келажакда қандай киши бўлиб етишишга, ўзини қандай тутишига, ҳаёти қанчалик бахтли бўлишига «тамал тоши» қўйилади.

Ўспирин энди жисмонан тез ўса бошлайди, бўйчан, елкалари кенг бўлиб қолади, кекирдаги катталашади ва кўзга ташланиб қолади. Бутун организмнинг ўсиши баробарида ташқи жинсий аъзолар, жумладан, олат ҳам шаклан катталашади. Жинсий безлар ривожланади, уларда гормонлар билан биргаликда маний (сперма) ишлаб чиқарила бошлайди.

Теридаги ёғ ва тер безлари фаолияти кучаяди. Қўлтиқда ва қовуқда майда тук пайдо бўлади. Худди шу кезларда ўсмир мўйлаби сабза уради. Энди жинсий қўзғалиш ростмана пайдо бўлади ҳамда олат кўпроқ таранглашиб туради. Эрекция деб аталадиган бу қўзғалиш айниқса эрталаблари, ўсмир ҳали ўринда ётган маҳалда юз беради. Эрекция одатда жинсий етуклик давридан ҳам аввалроқ бошланиб, кексайиб, жинсий қобилияти сусайгандан кейин ҳам давом этади.

Қизлардаги ёшга боғлиқ репродуктив ўзгаришлар ҳақида «Қиз боланинг репродуктив ривожланиши» мақоласи орқали маълумот олишингиз мумкин.

Манба: «Улғайдинг, болам» китоби