Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладроликда ич қотиши (қабзият)

Тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги муаммоларнинг энг кўп учрайдигани, бу — қабзиятдир. Ачинарлиси, аксарият аёллар бунга оддий ҳол, деб қарашади ва ҳаёт тарзини ўзгартириш кераклиги ҳақида ўйламайдилар ҳам. Негаки, энг осон чора — ични юмшатувчи воситалар ёрдамига таяниладида. Аммо ҳомиладорликда ич келтирувчи оддий шамча ҳам хавфли бўлиши мумкин. Ҳатто, сано ўсимлигидан тайёрланган дамламагада тақиқ бор! Ҳуқна тўғрисидаку… яхшиси, мавзу юзасидан атрофлича суҳбатлашсак.

ҳомиладорликда ич қотиши

Сано дамламаси мумкин эмас!

Қабзият организмни аста-секин заҳарлашини, вақтида даволанмаса, моддалар алмашинувини ишдан чиқариб, турли нохуш касалликлар, ҳатто, саратонга сабаб бўлишини биласизми? Шундай экан, бу ҳолатга бир кун, бир соат ҳам лоқайд қарамаслик керак. Қабзият пайдо бўлдими, ўзингизча даво қўлламангда, шифокорга бориб вазиятга аниқлик киритинг. Ҳар ҳолда мутахассис қабзият сабабини аниқлаб, тез ва безарар таъсир кўрсатувчи даво чораларини буюради.

Акс ҳолда, ўзингиз ва туғилажак боланинг соғлигига жиддий зарар етказиб қўйишингиз мумкин. Мисол учун, кўпчилик яхши биладиган ва тез-тез қўллайдиган сано баргини олайлик. Ични тез келтирувчи бу ўсимлик ҳомиладорликнинг бошланишида ҳомила ривожланишида нуқсонларга олиб келиши мумкин. Ҳуқна қилмоқчимисиз, унда унинг таъсирини ҳам билиб қўйинг: ҳомиладорликнинг илк уч ойлигида мазкур усул қабзиятни тўхтатиб, ичакларни тозалайди, лекин шу билан бирга бачадон қисқаришини тезлаштириб, ҳомила тушишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Ҳомиладорликда қабзият хавфлими?

Ич қотишида ҳуқнани оддий илиқ сув ёрдамида бажариш мумкин. Лекин бу амални бир мартагина қўлланг, ёрдам бермадими, дарров шифокорга учрашинг!

Мутахассис сизга юмшоқ таъсирга эга ич юмшатувчи дорилар буюради. Уларни ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида бемалол қўллашингиз мумкин. Одатда, бу дорилар ичакларни даволовчи фермент ва ёғли кислоталарга бой бўлади. Таъсири дарров билинмаса- да, самарали ҳисобланади, ичаклар тозаланиб, анчагача ичингиз қотмайди.

Таркибида турли доривор бирикмалар бўлган воситалар — уларни ҳоми­ладорликнинг учинчи уч ойлигида қўллашингиз мумкин.

Пробиотиклар — ўзида турли фойдали лакто ва бифидобактерияларни сақловчи воситалар ҳомиладор аёл соғлиғи учун жуда фойдали. Улар овқатнинг тез ҳазм бўлишига ёрдам бериб, қабзиятга йўл қўймайди. Улардан ҳомиладорликнинг исталган даврида қўрқмай фойдаланишингиз мумкин. Албатта, воситанинг миқдори ва қўллаш услубини шифокорингиз белгилайди.

Вазелин мойи — вақти- вақти билан фойда берадиган бу давони доим қўлламанг, сабаби, у ичакларда йиғилиб, соғлиққа зарар келтириши мумкин.

Тиббий шамчалар — қабзиятни ҳақиқатан ҳам тез йўқотади, аммо ҳоми­ладорликнинг илк даврида ғоят эҳтиёткорлик билан қўллаш керак. Сабаби, улар нафақат ичак, бал­ки бачадон мушакларини ҳам ҳаракатга келтириши ва йўлдошнинг кўчишига олиб келиши мумкин.

Шунинг учун фақат ҳомиладорлар учун мумкин бўлган воситаларни танлаганингиз дуруст.

Ич қотса, сув давоми?

Туғишга оз қолганида кўпчилик аёллар шишиб кетмаслик учун сув ичишни камайтиришади. Лекин бу ҳам қабзиятга олиб келиши мумкин. Сув ичишни канда қилманг, фақат овқатдаги туз миқдорини анча камайтириш керак. Шунда қабзият ўз-ўзидан йўқолади. Овқатланишда парҳез, жисмоний ҳаракат ҳамда яхши кайфиятда бўлиш юқоридаги ноҳуш ҳолатнинг йўқолишига, албатта, ёрдам

беради.

Ич қотганда қандай овқатланиш керак?

  • Хамирли таомлар, пишириқлар, маёнез, кетчуп, мош, ловия, нўхат, пишлоқ, ёнгоқ, бодом, манний ёрмасидан тайёрланган бўтқа ва гуручли таомлар маълум вақт чекланиши лозим.
  • Овқатланишда қора ундан (23 навли) ёпилган нон, сули бўтқаси, гречиха, гулкарам, узум, перловка, мева ва сабзавотларни ҳомлигича, қуруқ мевалардан турли қайнатма ва дамламалар истеъмол қилинади.
  • Ҳар куни наҳорда бир пиёла илиқ сувни ичиш, камида бир донадан мева ва бирорта сабзавот ейиш фойдали.
  • Арпабодиён ва наъматак мевасини ярим чой қошиқдан олиб, овқатлар орасида чой дамлаб ичиш ични тез келтиради.
  • Қабзиятда буғдой қипиғига олхўри, анжир ва олча баргини қўшиб сутда қайнатиб ичилса, ич келиши равонлашади.
  • Агар қабзият анчадан бери қийнаётган бўлса, қатиқ зардобига озроқ сабзи шарбатидан қўшиб ярим пиёладан ичилади.

Манба: «Суғдиёна » газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.