Хламидия ҳозирги кунда кенг тарқалган жинсий инфекция бўлиб, у жинсий алоқа орқали юқади. Агар ҳомиладор аёлда хламидия инфекцияси мавжуд бўлса, туғиш пайти онадан болага юқиши мумкин.
Хламидия инфекциясининг ҳомиладорликка таъсири
- Хламидия инфекцияси ҳомиладор аёл учун жуда хавфли ҳисобланади.
- Ушбу инфекция туфайли ҳомила олди сувлари инфекцияланиб, боланинг тўғри ривожланишига салбий таъсир кўрсатади;
- Бола муддатидан олдин туғилиш эҳтимоли катта бўлади;
- Бачадон мембранаси муддатидан олдин ёрилиб сув кетиб қолади;
Ундан ташқари вақтида даволанмаган хламидия туфайли ҳомиладор аёлда бошқа жинсий инфекцияларнинг ривожланиши ва сийдик йўллари яллиғланиши кузатилади.
Бола табиий йўл билан ёки кесарев кесилиш орқали туғилишидан қатъий назар хламидия унга юқиши эҳтимоли катта.
Агар болага инфекция юқиб туғилса, унда кўз шамоллаши, пневмония каби касалликлар илк кунлариданоқ ривожлана бошлайди. Бу даврда чақалоқни пневмониядан даволаш ўта кучли назоратни талаб этади. Яхши даволанмаган ҳолатда бола нобуд бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Шунинг учун хламидияни ҳомиладор бўлмай туриб ёки ҳомиладорликда аниқланган заҳоти даволаш керак.
Хламидия аломатлари қандай?
Хламидия юқтириб олган аёлларнинг 75% да аломатлар намоён бўлмайди.
Баъзида намоён бўладиган аломатларга сийиш давомида ёқимсиз ҳис, бачадон бўйни яллиғланиши, қиндан суюқлик ажралишининг кескин кўпайиши ёки ички кийим доғланишини киритиш мумкин. Ушбу аломатлар хламидия юққандан сўнг 1 3 ҳафта давомида намоён бўлади.
Ҳомиладорликдан олдин ва ҳомиладорлик даврида инфекция сийдик йўлларидан, бачадон бўйни томон бачадон найлари орқали ўтади. Шунда бачадон найлари яллиғланиши ривожланиши мумкин. Агар бачадон найлари яллиғланган бўлса, аёлда қорин паст қисмида ва белида, жинсий алоқа давомида оғриқ пайдо бўлади. Қон ажралади ва тана ҳарорати кўтарилади. Даволанмаслик натижасида бачадон найлари инфекция туфайли қаттиқ зарба олади ва бепуштлик ривожланади. Кейинчалик эса бачадондан ташқари ҳомиладорлик юзага келиш эҳтимоли юқори бўлади.
Эркакларда ҳам хламидия аломатсиз ўтиши мумкинлиги туфайли, ҳомиладор бўлишдан олдин касалликни йўқлигида амин бўлиш учун эр-хотин биргаликда анализ топширишлари муҳим.
Ҳомиладорлик даврида хламидия қандай даволанади?
Хламидия, асосан, ҳомилага зарар келтирмайдиган антибиотиклар билан даволанади. Антибиотикни шифокор айтган миқдорда, керакли вақтда ичиш шарт. Акс ҳолда, унинг фойдаси бўлмайди. Одатда, бир даволаниш курси инфекциядан ҳоли бўлишга ёрдам беради. Лекин эр-хотин биргаликда даволаниши жуда муҳим. Чунки аёлни ўзи даволаниб, кейин эри билан жинсий алоқада бўлса, инфекция қайта юқади.
Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Ҳомиладорликда ҳомилага хавф солиши мумкин бўлган энг жиддий ҳолатлар
Манба: Uzbaby.uz