Хламидиоз инфекцион тери-таносил касаллиги бўлиб, қўзғатувчиси хламид бактерияларидир. Хламидиоз ёш танламайди. Унга қарши қай даражада самарали курашиш эса тиббий саводхонлик даражангизга ҳам боғлиқ. Шунинг учун мазкур мавзуни ёритишга қарор қилдик.
Хламидиоз қандай юқади?
Юқиш йўллари 3 хил:
- жинсий йўллар орқали;
- ҳаво-томчи йўли орқали;
- контакт йўли орқали (пашшалар ташувчи ҳисобланади). Бунда пашша хламидий инфекциясини юқтирган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари ё бошқа буюмларга қўнса, унга ҳам инфекцияни олиб ўтади.
Турлари
Хламидиознинг бир неча тури бўлиб, улар жуда кенг тарқалган. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ)нинг маълумотларига кўра, ҳар йили ер юзида 100 млн. киши шу касалликка чалинади. Умумий ҳисобда 1млрд. киши хламидий ташувчиси саналади.
Хламидий худди вирус каби ҳужайра ичида яшайди, аммо тузилиши жиҳатидан бактерияларни эслатади. Шундай табиати туфайли ҳам хламидиоз жуда қийинчилик билан даволанади.
Хламидийларнинг нафас йўллари, кўз ва бўғимларни ҳам зарарлайдиган турлари бор. Ҳатто у тўғри ичак, ҳалқум яллиғланиши, буйрак хасталигини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Хламидийлар ҳужайра ичи ва ташида яшашига кўра элементар ва ретикуляр турларга ҳам бўлинади. Яъни хламидий инфекцияси агар ҳужайранинг ички мембранасига жойлашиб олса, уларга қарши дори қўлланганда, таъсир қилмаслиги ҳам мумкин.
Белгилари
Хламидиоз юққанидан кейин унинг яширин даври 5-30 кунга чўзилади. Сўнг касаллик белгилари (қин соҳасида қичишиш, пешоб ажратишда ачишиш, уретра ёки қиндан оқ ё сарғиш ажратма келиши) пайдо бўлади. Агар даволанмаса, бел ёки қорин пастига оғриқ берувчи асоратлари бор.
Эркакларда ҳам касаллик белгилари аёллардагидек бўлади. Фақат оғриқ чот ораси ва мояк халтасида кузатилади.
Ҳомиладорлик даврида…
Хламидиоз зарарланган онадан болага ҳали унинг қорнида бўлган даврида ёки туғуруқ жараёнида ҳам юқиши мумкин. Бундай гўдакларда бронхит, пневмония, конъюктивит кузатилади.
Қандай оқибатларга олиб келади?
Хламидиознинг асоратлари: аёлларда пешоб чиқариш йўллари, кичик тос аъзолари ва ортиқлари яллиғланиши натижасида бепуштликни (айниқса, даволанмаганда, қайта зарарланганда) келтириб чиқаради. Эркакларда пешоб чиқариш йўллари, моякнинг сурункали яллиғланиши, импотенция ҳолатлари кузатилади.
Энг ёмони, аёлларда хламидиоз даволанмаса, бачадон йўлларида ўткир ва сурункали яллиғланиш, бепуштлик, кичик тос бўшлиқларида чандиқли, битишувли (спаечный) жараёнлар бошланиб кетиши мумкин. Иммуномодулятор (организмнинг ҳимоя функцияларини кучайтирувчи восита)лар, турли физиотерапия, антибактериал терапия ёрдам бермаса, лапароскопик йўллар билан бепуштлик даволанади. Агар касалликка ўта беэътиборлик билан қаралса, қаттиқ битишувли жараён авж олиб, одам бир умр бепушт бўлиб қолиши мумкин.
Хламидиозни даволаш
Хламидиозни даволаш учун камида 2 ҳафта керак бўлади. Шифо топишнинг энг муҳим шарти жуфтликлар бирга даволаниши билан боғлиқ. Муолажалар давомида жинсий яқинлик тақиқланади. Одатда антибиотик ва иммуномодуляторлар билан даволанади.
Касаллик юқмаслиги учун…
- Пала-партиш жинсий яқинликдан сақланинг.
- Ҳар ярим йилда гинеколог ҳузурига бориб, хламидиоз инфекциясига анализ топширинг.
- Ҳеч қачон бировнинг шахсий гигиеник воситалари (сочиғи ва ҳ.к.)ни ишлатманг.
- Агар сизда хламидий инфекцияси аниқланган бўлса, даволангандан сўнг яна қайта даво курси белгиланади. Шундан сўнг 3 ой давомида ҳар ой анализингизни текшириб, диспансер назорати ўрнатилади.
Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Жинсий алоқага муносабатнинг пасайишига таъсир этувчи омиллар
Эксперт: Мунирахон ТОЖИХЎЖАЕВА, олий тоифали шифокор-гинеколог.