Ёшим 41 да. Анчадан бери жинсий аъзоларимдаги шамоллаш безовта қилади. Ҳожатга тез-тез борадиган бЎлиб қолдим. Сийганда ачишиш бор, қовуғим ҳам санчиб оғрийди. Текширтирсам, дўхтирлар ўнг тухумдонингиз қаттиқ шамоллаган дейишмоқда. Қишлоқда яшайман, қўлимни совуқ сувга жудаям кўп соламан. Деярли ҳар куни кир ювишга одатланиб қолганман. Бунинг устига зах жойларда кўп юраман. Балки шамоллашимга шу ҳолат ҳам сабаб бўлгандир. Бу касалликка қарши қандай даволанишим керак?
Фотима Отахўжаева, гинеколог:
Халқ тилида тухумдон шамоллаши дейиладиган бу касаллик тиббиётда тухумдонлар яллиғланиши деб юритилади. Аниқроқ қилиб айтганда, ички жинсий аъзоларнинг (аёллар жинсий бези)нинг яллиғланиши шундай номланади. Тухумдонларнинг яллиғланишига қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
- кўп марталик аборт;
- ташқи жинсий аъзоларнинг яллиғланиши (қин дахлизи, бачадон бўйни)
- оғир меҳнат шароити билан шуғулланиш (зах, совуқ, сув);
- организмдаги умумий яллиғланишлар (кариес, ангина, буйрак яллиғланишлари);
- пала-партиш жинсий алоқа.
Мана шу омиллар таъсирида турли инфекциялар юқиши оқибатида тухумдонларда яллиғланиш юзага келади.
Касаллик ўткир ва сурункали кечиши мумкин
Ўткир яллиғланишлар жинсий йўл орқали юқувчи касалликлар билан оғриганда кўпроқ учрайди. Сурункали яллиғланишлар бирор акушерлик ва гинекологик муолажалардан кейин, тез-тез аборт қилдирганда ҳамда туғуруқлар асоратли кечгандан сўнг етарли даражада даволанмаганлик оқибатида юзага келиши мумкин.
Касалликнинг илк аломатларига қандай?
Касалликнинг илк босқичида қорин остида симилловчи оғриқ пайдо бўлади, ҳайз бузилиши, қиндан турли ажралмалар оқиши кузатилади. Яллиғланишнинг ўткир турида баъзан тана ҳарорати ҳам кўтарилади. Шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур касалликни аниқлаётганда бошқа касалликлар билан қиёсий ташхис ўтказилиши керак. Чунки тухумдонлар яллиғланиши белгилари бачадондан ташқаридаги ҳомиладорлик, кичик қорин пардасининг ўткир ялллиғланиши, ҳамда қорин бўшлиғидаги ўткир яллиғланиш касалликларининг аломатларига ўхшайди. Шу боис мутахассис ташхис қўяётганда бу ҳолатга яхшилаб эътибор бериши зарур.
Касалликқайси даврда кўпроқ хавф солади?
Мазкур касалликдан қизлар унчалик хавфсирамаса ҳам бўлади. Чунки турмушга чиқмаган қизларда тухумдонлар яллиғланиши жуда кам учрайдиган ҳолат. Агар бу касаллик қиз болада аниқланган бўлса, унинг умумий соғлигида бир қанча муаммо бор деганидир. Чунки қизлардаги тухумдонлар яллиғланиши асосан ички аъзоларида кучли яллиғланишлар туфайли юзага келади. Масалан, буйраги касаллиги, ангина, ошқозон-ичак тизимидаги хасталиклар ва ҳоказо. Ички органлардаги инфекциялар гематоген (қон айланиши) йўл орқали тухумдонларга етиб келиб, уларни ҳам яллиғлантиради. Бу касаллик асосан туғиш ёшидаги аёлларда учрайди. Чунки туғиш ёшидаги аёлларга микробларнинг ташқи томондан юқиши кўпроқ хавф солади.
Юқорида савол билан мурожаат қилган беморга мутахассис сифатида маслаҳатим шуки, албатта, акушер-гинеоколог кўригига бориб, махсус (лабаратор ва бактериологик) текширувлардан ўтгач, даво муолажаларини қабул қилишингиз керак. Чунки бу касалликка беътибор қараб бўлмайди ва айни пайтда фақат дори-дармонларнинг ўзи билан ҳам даволаниб бўлмайди. Шунинг учун мазкур касалликни даволаш махсус акушерлик ва гинекологик комплексларда уч босқичда ўтказилади.
- Стимулловчи (сурункали яллиғланишларни ўткир яллиғланишга ўтказиб даволаш). Яъни организмда яшириниб тинч ётган микробларни қўзғатиб, жонлантириш орқали уларнинг антибиотокларга таъсирчанлигини кучайтириш. Бундай усулда дориларнинг таъсир қилиш механизми кучаяди.
- Чандиқларга қарши (биостмуляторлар билан) даволаш. Чандиқли касалликларнинг олдини олишга қаратилган даво.
- Физиотерапия йўли билан даволаш (санаторий, курорт).
Агар касалликка қарши яхшилаб даволанишни истасангиз, мана шу кўрсатмаларга, албатта, риоя қилишингиз керак.
Мазкур даво чоралари вақтида ўтказилмаса, ташқи ва ички жинсий аъзоларнинг ўткир ва сурункали яллиғланиши бачадон бўйни, бачадон ва тухумдонларнинг ҳар хил саратон олди касалликларига, бачадон ва тухумдон ўсмалари (киста, миома) ҳамда бепуштликка олиб келиши мумкин. Шу боис ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш лозим. Умуман олганда, бундай касалликларнинг олдини олиш учун ҳар бир аёл ва қиз йилда бир марта шифокор кўригидан ўтиб туриши мақсадга мувофиқдир.