Соғлом оила - соғлом келажак

Тухумдон раки — сабаби, белгилари, ташхислаш ва даволаш усуллари

Аёллар жинсий аъзоларида учрайдиган онкологик касалликлар ичида тухумдонлар саратони бачадон бўйни саратонидан кейин 2-3-ўринни эгаллайди, шу билан бирга ўлим кўрсаткичлари бўйича эса биринчи ўринда туради. Бу касаллик аёлларда аниқланган онкологик касалликлари ичида 5 фоизни ташкил этади, ўлим ҳолати эса 6 фоизни ташкил қилади.

Тухумдон

Тухумдонлар саратони билан касалланиш бутун дунё мамлакатлари бўйича турли кўрсаткичларга эга, бу касаллик учрашининг юқори даражаси ривожланган мамлакатларга тўғри келади (Дания, Канада, АҚШ). Аммо дунё бўйича Японияда тухумдонлар раки билан касалланиш энг паст даражада. Бундан ташқари, ривожланиб келаётган мамлакатларда ҳам тухумдонлар саратони билан касалланиш паст (Ҳиндистон, Нигерия, Куба).

Ҳозирги кунда илмий адабиётлардаги мақолаларга кўра аёлларда тухумдон саратони билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичи ўсиб бормоқда, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ўсма касалликлари борган сари ёш организмларда учраши кўпроқ кузатилмоқда.

Тухумдонлар саратони сабаблари

Тухумдонлар саратони келиб чиқиш сабаблари шу кунга қадар ноаниқ. Бу ўсмаларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олиб, тухумдонлар ўсмаси ривожланиш факторини кўп сабабли (мультифакториал) деб ҳисоблаш мумкин. Улар орасида гормонал, генетик, ёшга кўра ўзгаришлар, айниқса, ҳайз цикли ва ҳомиладорлик вақтидаги турли патологик ўзгаришлар, турли бактериал ва вирусли инфекциялар, кимёвий омиллар, радиактив нурланишлар тухумдонлар тўқимасига салбий таъсир кўрсатади ва саратон касаллиги ривожланишига олиб келади.

Бу омиллар якка ҳолда ёки бир қанча омиллар бир вақтнинг ўзида аёл организмига таъсир этиши мумкин. Шунинг учун тухумдонлар функцияси, аниқроғи, унинг гормонал ҳолати бузилиши тухумдонлар саратони ривожланишида асосий факторлардан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Адабиётларда ёзилишига кўра баъзи вируслар аёл тухумдонлари тўқимасига салбий таъсир этиб ўсма касаллигини келтириб чиқаради. Ўсмирлик давридаги ривожланиш вақтида организмда гормонал баланснинг бузилиши, яъни баъзи гормонларнинг кўп миқдорда ишлаб чиқилиши сабабли ҳам ўсма ривожланиши учун шароит яратилади. Шунга кўра ҳозирги кунгача тухумдонлар ўсмаси келиб чиқишининг илмий асосланган бутун бир концепцияси йўқ.

Шу билан бирга тухумдон саратони ва сут бези саратонлари орасида боғлиқлик борлиги ҳақидаги эпидемиологик материаллар ҳам фикрни ўзига жалб қилади. Сут бези саратони билан касалланган аёлларда кейинчалик тухумдонлар ўсмаси пайдо бўлиш эҳтимоли анча юқори бўлади.

Касаллик қандай белгилар билан намоён бўлади?

Тухумдонлар саратони турли ёшдаги аёлларда учраши мумкин, кўпинча касаллик климакс ва менопаузадан кейинги даврда кузатилади.

Касалликнинг клиник симптомлари икки гуруҳга бўлинади: объектив ва субъектив.

Объектив симптомлар

Объектив симптомлар: қорин бўшлиғида эркин суюқлик йиғилиши (асцит) ёки ўсманинг актив ўсиши ҳисобига қорин катталашиши, қорин бўшлиғида катта ҳажмли, ҳаракатчан ёки ҳаракати чекланган, зич, асосан оғриқсиз, баъзан оғриқли ҳосила пайпасланишига, ҳайз цикли бузилиши, қиндан турли хил патологик ажралмалар келиши кузатилади.

Субъектив симптомлар

Субъектив симптомлар қориндаги турли хил характерли оғриқлар, меъда-ичак трактидаги функционал ўзгаришлар, енгил дискомфортдан тортиб, қабзиятга мойиллик ва ичак тутилиши белгилари, пешоб ажралишининг қийинлашиши, кунлик пешоб миқдорининг камайиши ва бошқа умумий симптомлар – иштаҳа пасайиши, ҳолсизлик, озиш, нохушлик, тез чарчаш, меҳнатга лаёқатнинг пасайиши, тана ҳароратининг вақти-вақти билан кўтарилиши, уйқунинг бузилиши, агар касаллик ўпкаларга суюқлик йиғилиши билан кечса, нафас сиқиши кузатилади.

Касалликнинг илк даври асосан симптомларсиз кечади, вақт ўтиши билан қоринда, белда, думғазада турли хилдаги оғриқлар, сийдик ва меъда-ичак йўлларида бузилишлар кузатилади. Касалликнинг кейинги даврларида эса, ўсма жараёнининг қўшни аъзоларга ва организмнинг бошқа тўқима ва аъзоларига тарқалиши натижасида тананинг турли қисмларида интенсив оғриқлар, кахексия (озиб кетиш), сийдик ажралишининг бузилиши, ичак тутилиши ҳолатлари кузатилади.

Тухумдон саратони касаллигини ташхислаш

Тухумдон саратонини барвақт аниқлаш учун ҳозирги замон медицинасида етарли шарт-шароитлар мавжуд. Аёл кишининг ўз соғлиғига эътиборли бўлиши асосий омилдир.

Тухумдон раки

Ташҳислашнинг биринчи этапида анамнез йиғиш, умумий кўрик, қин орқали ва ректовагинал кўрик, Дуглас бўшлиғи суртмасини цитологик текшириш бажарилади. Анамнез йиғиш қулай шароитда ва бемор билан юзма-юз ўтказилади. Ички текширувлар ичак ва сийдик қопи тозаланган (бўшатилган) ҳолда бажарилади ёки қорин бўшлиғидаги суюқлик эвакуация қилингандан сўнг ўтказилади.

Генитал кўрик орқали кўришнинг муҳим аҳамияти шундаки, фақат шу йўл билан бачадон ва тухумдонларни яхши пайпаслаш, ўсма жараёнини аниқлаш мумкин. Шу билан бирга ҳосиланинг юзаси, консистенцияси ва ҳажмини таърифлаш мумкин. Тухумдон ўсмалари катта бўлмаса, ҳаракатчан, юзаси силлиқ, бемор шикоятлари ноаниқ бўлганида қўшимча ташҳислаш усулларини қўллаш керак. Уларга рентгенологик, ультратовуш, компьютер томографик, эндоскопик, лапароскопик, радионуклид текшириш усуллари киради.

Морфологик текширув

Тухумдонлар саратонини морфологик, яъни ўсма ҳужайраларини микроскоп орқали аниқлаш усули ўз актуаллигини сақлаб келмоқда. Кўп ҳолатларда касалликни аниқлашда қорин бўшлиғидан олинган суюқлик (асцит) ёки ўпкалардан олинган суюқликни микроскопик текшириш билан ўсма ҳужайраларини аниқлаш мумкин.

Рентгенологик текшириш

Рентгенологик текшириш усуллари ёрдамида ўпкада ўсма ўчоқлари ёки суюқлик бор-йўқлиги аниқланади, ўсма жараёнининг ичакларга тарқалиш даражаси ҳам рентгенографик йўл билан текширилади. Ультратовуш текшируви ўсманинг қайси аъзодан ривожлангани, унинг структураси, қўшни аъзолар билан боғлиқлиги, бошқа аъзо ва тўқималарда метастазлар борлигини аниқлашда юқори аҳамиятга эгадир. Ультратовуш текширувида энг замонавий аппаратуралар ва текшириш усуллари қўлланилади.

Компьютер томографик текширув

Компьютер томографик текширув асосан йўғон ичак, сийдик қопи, бачадон ва бачадон ортиқларининг жойлашишини кўриш учун ва кичик чаноқ деворларидан чиқувчи ҳажмли ҳосилаларни аниқлашда аҳамиятлидир. Компьютер томография текширувларига кўра тухумдон ўсмалари, унинг нотекис контурли, нотўғри формали ҳосила экани, ички структураси ногомоген ўчоқлар, кистасимон бўшлиқлар билан алмашиниб туриши аниқланади.

Лапароскопик текшириш

Лапароскопик текшириш усули ёрдамида қорин бўшлиғи аъзоларини экранда кўриш, текшириш ва ҳаттоки жарроҳлик амалиётини ҳам бажариш имконини беради, шу билан бирга тухумдон ўсмаларини ташҳислашда, даволаниш даврида эришилган клиник натижаларини объектив назорат қилишда катта ёрдам беради. Лапароскопия билан бирга фиброгастроскопия, ректороманоскопия, колоноскопия, цистоскопия каби усуллар меъда-ичак тракти, сийдик йўллари ҳолатини билиш учун ишлатилади.

Турли мамлакатлар тадқиқотчилари томонидан тухумдон ўсмалари барвақт диагностикасини юзага келтиришга ёрдам берувчи ўсма маркерлари, яъни организмда ўсма жараёни бор-йўқлигини аниқлашда қон зардобини текшириш усули ҳам қўлланилмоқда.

Касалликни илк даврида аниқлаш мумкинми?

Тухумдонлар ўсмаларини илк босқичларда аниқланиши камдан-кам учрайдиган ҳолдир. Адабиётларга кўра симптомлар юзага келгандан кейин бир ой ичида бемор шифокорга мурожаат қилганида 70 % ҳолларда касалликнинг III-IV босқичи аниқланади. Касалликнинг кеч аниқланишидаги диагностик хатонинг сабаби асосан шифокордан онкологик эҳтиёткорликнинг етишмаслиги, касалликнинг кам симптомли кечиши ва диагностик қийинчиликлардир.

Кўп ҳолларда терапевтлар гинеколог консультациясисиз беморларни колит, гастритдан даволайдилар, асцитни жигар циррози белгиси, ўпкадаги суюқликни – экссудатив плеврит белгиси деб қабул қиладилар. Маслаҳат поликлиникаси гинекологлари кўп ҳолларда тугунли бачадон миомаси ёки сурункали яллиғланиши каби ташҳиси билан ёмон сифатли тухумдон ўсмаларини узоқ вақт назорат қиладилар.

Тухумдонлар саратонини даволаш

тухумдон касалликлари

Тухумдонлар саратонини даволаш асосан комбинирлашган ва комплекс даво усулларидан иборат. Тухумдонлар саратонини даволашда операция ва кимётерапия асосий даволаш усуллари ҳисобланади. Баъзи клиник кўринишларда нур терапияси кимётерапияни тўлдириш учун ишлатилади. Ўсма жараёни эрта аниқланган ҳолларда фақат жарроҳлик амалиёти ўтказиш ва динамик кузатувда бўлиш мумкин. Ёш аёлларда аъзони сақлаб қолувчи операциялар ва кимёвий даволаш усуллари қўлланилади. Кимётерапия индивидуал равишда узоқ вақт ремиссияни (ўсма ўсишини тўхтатиш) таъминлаш мақсадида қўлланилади. Касалликни даволашдан кўра уни олдини олиш мақсадга мувофиқдир.

Профилактика учун…

Тухумдонлар ўсмасининг профилактикаси уларни барвақт аниқлашга, профилактик кўрикларга, хавфли гуруҳдаги аёлларни махсус муассасаларда чуқурроқ текширишларга боғлиқдир. Шу билан бирга ўз-ўзини текшириш, яъни бир ойда бир марта қовуқ ва ичакни бўшатган ҳолда қоринни кўздан кечириш ва пайпаслаб кўриш, ҳайз циклини назоратда сақлаш, турли инфекциялардан, нурланишдан, зарарли одатлардан, хавфли омиллардан сақланиш ҳам ижобий натижалар беради.

[su_youtube_advanced url=»https://www.youtube.com/watch?v=ns_bOXyLKN4″ showinfo=»no» loop=»yes»]

Мутахассислар: Н. ЮЛДАШЕВА, Н. УМАРОВА.
ЎзССВ Республика онкология илмий маркази шифокорлари.
Манба: “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш” газетаси.