Тухумдон фаолияти бузилиш

Ҳар бир аёлда ҳайз ўзига хос тарзда кечади. Баъзиларда у ҳар уч ҳафтада содир бўладию уч кунда тўхтайди. Бошқаларда ойда ёки ҳатто 35 кунда бир келиб, 5-7 кун давом этади. Вариантлар жуда кўп, аммо бир қонуният бор: ҳайз цикли 21 дан 35 кунгача оралиқ ичида такрорланиши, узоғи билан 7 кундан ошмаслиги керак.

tuxumdon faoliyati buzilishi

Яна бир жиҳат: ҳайз бир хил оралиқда (масалан, ҳар 21, 28, 32 кунда) келиши лозим. Бир ой 21 кунда келиб, 5 кун давом этса-ю, кейинги ой 32 кунда келиб, бир ҳафтага чўзилса, бу меъёр эмас. Шунингдек, ҳайз кўрмаган кунларингиз жуда кўп ажралмалар келса, бу ҳам ҳушёр тортиш учун сабаб бўлиши керак. Бундан ташқари, ҳайз кунлари қаттиқ оғриқлар бўлиши, бош оғриши ҳам яхши аломат эмас, демак, организмда қандайдир мувозанат бузилган.

Ҳайз циклидаги бузилишлар

Ёшликда, айниқса, ўсмирлик пайтида ҳайз даврининг ўзгариб туриши тухумдонлар ҳали балоғатга етмаганидан далолат. Тухумдонлар махсус гормонлар ишлаб чиқаради, улар эса бутун аёл организмининг ишини йўлга солади. Агар тухумдонлар ҳали заиф бўлса, ҳайз даври ҳам изга тушмайди. Шу сабабли илк ой бошидан кейинги икки йил давомида ҳайз даврининг «ўйнаб туриши» — одатий ҳол.

Гормонлар ва аёллик латофати бир-бири билан узвий боғлиқ. Қиз боланинг тухумдонлари иши тўла изга тушмагунча қомати ҳам ўғил болаларники каби «теп-текис» бўлиб тураверади. Баъзида аксинча: тухумдонлар худди катталарники каби жуда фаол ишлайди. Унда қиз бола худди балоғатга етгандек кўринади. Мутахассисларни бу унчалик қувонтирмайди. Чунки бир гормоннинг меъёрдан ортиқлиги бошқаси (масалан, бўй ўстирувчи гормонлар)нинг етишмаслигидан далолат бўлиши мумкин. Аммо ваҳима қилманг, ҳозир тиббиёт бундай номутаносибликларни осон бартараф эта олади. Вақтида болалар гинекологига мурожаат этсангиз кифоя. Аммо бизнинг ғалати одатларимиз бор: ҳеч ким «Қизим ҳайз кўрмаяпти» ёки «Ҳайз даври мўътадил эмас» деб гинекологга мурожаат этмайди-да, кейинчалик «Қизим туғмаяпти» деб келишади. Ҳаммаси ёшликдан бошланади ахир!

Оналар, қизингиз ҳайз кўришни бошлаши билан унга «ҳайз кундалиги» тутишни ўргатинг ва уни ўзингиз назорат этиб боринг. Кундаликка ҳар ой ҳайз кўрганининг биринчи ва охирги кунини қайд этса, кифоя. У ёғига хулосани ўзингиз (ёки мутахассис ёрдамида) чиқариб олаверасиз.

Мутахассислар тухумдонлар фаолияти бузилиши ҳар қандай ёшда кузатилишини айтишади. Яъни у ўсмирликда ҳам, репродуктив даврда ҳам, климакс пайти ва ҳатто ундан кейин ҳам учраши мумкин экан.

Қалқонсимон без ва ҳайз даври

Қалқонсимон без ҳам ҳайз даврига таъсир кўрсатади. Баъзида гинеколог биринчи кўрикдаёқ ҳамма гап қалқонсимон безда эканини англайди. Чунки одатда бундай аёлларнинг териси қуруқ, қон босими паст, томир уриши суст бўлади. Улар хотира заифлиги, диққатни жамлай олмаслик, ҳайз эса узоқ вақт оралиғида келиб, кўп қон кетиши билан кечишидан шикоят қилишади. Агар мутахассис ҳайз давридаги муаммоларга қалқонсимон без фаолиятининг издан чиқишини сабаб қилиб кўрсатса, уни меъёрга солувчи препаратлардан буюради.

Кўр-кўрона парҳездан эҳтиёт бўлинг!

Кўпинча тухумдонлар фаолияти бузилиши турли инфекциялар, сурункали касалликлар, тухумдон ўсмалари туфайли юзага келиши мумкин. Агар аёл узоқ сафарга отланса, ҳайз муддатидан олдинроқ ёки кейинроқ келиши мумкинлигини эътиборга олиши лозим. Чунки организм иқлим ўзгаришига (стресс ва ҳаддан ортиқ чарчоққа ҳам) айнан шу тарзда муносабат билдиради. Аммо ҳайз даври муаммолари бирон янги парҳезни бошлаганингиздан кейин юзага келса, ўйлаб кўринг: демак, организмингизни унга зарур қандайдир нарсадан маҳрум этаяпсиз. Одатда ёш қизлар бирданига озиш мақсадида умуман ҳеч нима емай қўйишади. Натижада ўсаётган организм оқсиллар, минераллар, витаминлардан маҳрум бўлади. Парҳезни ҳам ўйлаб, организмнинг ҳолати ва эҳтиёжларини эътиборга олган тарзда амалга ошириш керак.

Гинеколог қабулига ташриф

Албатта, ҳайз даврингизда ўзгариш содир бўлса, буни аввало ўзингиз сезасиз. Фақат ҳафсаласиз бўлманг. Бордию ишингиз, ташвишларингиз кўплигидан аввалги ҳайз санасини унутиб қўйишдан қўрқсангиз, махсус тақвим тутиб, белгилаб боринг. Бир неча ой давомидаги кузатишларингиз зарур маълумотни беради. Шифокор эса махсус таҳлилларни (қон, пешоб) буюради. Ультратовуш текширувига юборади ва аниқ ташхис қўяди. Агар сизга тухумдонлар фаолияти бузилиши ташхиси кўйилса, қўрқманг. Буни даволаса бўлади. Ҳатто шифохонага ётмай, уй шароитида шифокор тавсиялари асосида зарур дориларни қабул қилиб турсангиз, ҳаммаси изига тушиб кетади.

Тиббиёт фанлари доктори,
профессор Наргиза МАГЗУМОВА.

 

Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

Related Posts
error: Saytdan ma\'lumot ko\'chirish mumkin emas.