Соғлом оила - соғлом келажак

Туғруқдан кейинги муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўллари

Шундай муаммолар борки, янги туққан аёл уларни энг яқин дугонаси билан ҳам муҳокама қила олмаслиги мумкин. Уялади-да! Биз эса худди шифокор қабулида бўлгани каби, ҳеч нимани яширмасликка қарор қилдик. Биласиз-ку, касални яширган билан барибир иситмаси ошкор қилади…

Аёлларда кузатиладиган чилла даврига хос 3 та нозик муаммони тилга олишга қарор қилдик. Булар: бавосил (геморрой), пешоб тута олмаслик ва қиннинг қуруқшаб қолиши.

Туғруқдан кейинги муаммолар

Туғруқдан кейин геморрой

Янги туққан аёлларнинг ҳар учтадан биттаси геморрой аталмиш аччиқ дард билан таниш. Аввалига орқа чиқарув тешиги атрофида симиллаб бошланган оғриқ ичингиз келаётганида кучаяди. Аллақаёқдан кичкинагина ғудда пайдо бўлиб, баъзида жадал суръатда катталашиши мумкин. Бироқ кичрайиб қолган тақдирда ҳам чидаб бўлмас даражада азоб бера бошлайди. Булар — геморрой белгилари. Оғриқ ҳожатга борганда, ички кийим кийишда, кундалик гигиена амалларини бажаришда янада авж олади. Чунки ўша жойга қил тегса ҳам қаттиқ азоб беради.

Геморрой — тўғри ичакдаги вена томирларининг кенгайиши ва шишиши оқибатида ғуддачалар, тугунчалар юзага келиши билан намоён бўладиган касаллик. Бу ғудда ва тугунлар турли шакл ва тусда бўлиши мумкин. Улар қанча катта бўлса, оғриқ шунча кучли, деган аксиома йўқ. Аксинча бўлиши ҳам мумкин. Геморройнинг юзага келишига қорин ичидаги босим ортиши натижасида вена томирларида қон туриб қолиши сабаб бўлади. Ҳомиладорлик ва туғруқ даврида аёл организмига тушадиган фавқулодда юк бу дарднинг келиб чиқишига туртки бўлиши мумкин. Албатта, ирсий омил ҳам аҳамиятга молик. Агар онангиз бу касалликни бошдан кечирган бўлса, сизда ҳам унинг азобини «татиб кўриш» эҳтимоли мавжуд.

Хасталик жуда зўрайиб кетган ҳолларда жарроҳлик йўли билан даволанади. Аммо одатда, бу дард тиғсиз тузатилади. Ўзингизга яхши эътибор бериб, шифокор тавсияларига тўлиқ амал қилсангиз албатта. Бугунги кунда геморройни даволишда қўлланиладиган дори-дармонлар кўп бўлсада, ўзингизни ўзингиз даволашни маслаҳат бермаган бўлардик. Чунки айнан сизга мос келадиган воситани фақат шифокор танлаб бериши мумкин. Биз эса халқ табобатида қўлланиладиган айрим усулларни ёрдамчи даво чораси ўлароқ таклиф этамиз.

  • Халқ табобатида энг самарали восита сифатида муздан фойдаланилади. Бунда эрталаб, кечқурун ва ич келгандан сўнг оғриқли жойингизга оҳисталик билан муз ишқалаш тавсия этилади.
  • Мойчечак дамламаси ёки қайнатмасининг музлатилгани ҳам самарали таъсир кўрсатади. Мойчечакнинг қуритиш ва микробларни ўлдириш хусусияти бор.
  • Оғриқли нуқталар гигиенасини муздек сув билан амалга оширишнинг маъқул жиҳати шундаки, оғриқ камроқ ҳис этилади.
  • Оғир жисмоний меҳнатни бутунлай истисно этамиз.
ЎҚИНГ:   Мастопатия асорати оғир дард

Туғруқдан кейин пешоб тута олмаслик

Туғруқдан кейин оралиқдаги мушаклар тонуси пасайиб кетади. Одатда, аёллар бунга етарлича эътибор беришмайди. «Ўтиб кетади», деб ўйлаб, қимматли вақтни ўтказиб юборишади. Гап беихтиёр пешоб қўйиб юбориш ҳақида кетаяпти. Ой-куни яқин, шунингдек, янги туққан аёлларда бу ҳол тез-тез кузатилади. Аввалига қаттиқ кулганда ич кийим ҳўл бўлиб қолади. Агар эътибор берилмаса, кейинчалик оғир юк кўтарганда, аксирганда ва ҳатто йўталганда ҳам бу ҳол такрорланади. Пешоб тута олмаслик — 90 фоизга яқин аёлларнинг муаммоси. Бизнинг анатомик тузилишимиз шундайки, қорин пастига тўпланадиган ёғлар, ички аъзоларимиз, ҳомила туфайли ҳам айнан уретра (пешоб йўли) устига босим тушади ва қовуқни эзиб туради. Уретра атрофидаги мушаклар заифлашса, пешоб тутиб тура олмаслик муаммоси юзага келади. Нима қилмоқ керак?

Аввало, туғруққача ва туққандан кейин оралиқ мушаклари учун ишлаб чиқилган махсус машқларни бажариб туриш керак. Бундай машқлар талай, моҳият эса битта — қин ва анус мушакларини қисқартириб, бўш қўйиш орқали чиниқтириш. Машқларни тез, секин, ўтирган, турган ва ётган ҳолда, хуллас, исталган вақтда, ўзингизга қулай ҳолатда бажариш мумкин. Асосийси, уларни ҳар куни бир неча бор такрорлаб туриш.

Иккинчидан, кунига ҳеч бўлмаса икки марта сонлар орасига ўртача катталикдаги коптокни қистириб олиб, у ёқдан бу ёққа юриш лозим.

Учинчидан, пешоб ажралишини назорат қилиб бориш шарт. Ҳар сафар қовуқни бўшатиш учун ҳожатга борганда оқимни бир неча сонияга тўхтатиб, кейин яна тиклаш маслаҳат берилади. Шунда биз тилга олган мушакларнинг қаерда жойлашгани ва қандай ишлашини янада яхшироқ ҳис қиласиз ҳамда улар тонусини оширасиз. Такрорлаймиз, ҲАР САФАР қовуқни бўшатаётганда! Унутманг, азиз аёллар, бу — кексайганда пешоб тута олмасликдан ҳимояланишнинг кафолати! Янги туққан аёлларда эса бу машқлар икки ҳафтадаёқ натижа бериб, нам ички кийимлар муаммосини унутиш имконин беради. Агар биринчи мартада машқлар самара бермаса, қунглингизни чўктирманг. Майли, аввалига бу ҳолатни хаёлан бўлса-да, ҳис этинг. Тасаввур ортидан амалий натижа ҳам келади, ишонинг!

ЎҚИНГ:   Ҳомиладорликнинг 1 ҳафтаси

Қиннинг қуруқшаб қолиши

Сув — ҳаёт демак. Аёл организмида сувнинг етарли миқдорда бўлиши нафақат терисини ёшартиради, балки бутун танасидаги шиллиқ қаватларни намлайди. Аёллар гўзаллиги учун эстроген гормони масъул. У бизнинг теримиз ва шиллиқ қатламларимизга сув етказиб беради. Туғруқ пайти яқинлашганда, бошқа бир гормон — окситоцин ишлаб чиқарилиши ортади. Туғруқдан кейин мия сут ишлаб чиқариш лозимлиги ҳақида хабар жўната бошлайди. Бу эса пролактин гормони воситасида кечади. Шу сабабли янги туққан аёл организмида эстроген гормони кескин камайиб кетади. Мана шу «гормонлар рақси» қиннинг қуруқшаб қолишига олиб келади.

Асоратларсиз кечган туғруқдан сўнг шифокорлар аёлга жинсий ҳаётни бир ярим ойдан кейин, яъни чилла даври тугагач тиклашни тавсия этишади. Бу вақт оралиғида организмда илк тикланиш даври кечади: жинсий аъзолар аввалги ҳолатига қайтади, шишлар сўрилади, туғруқ пайтида шикастланган тўқималар тикланади. Аммо қиндаги зарурий намлик бола олти ойлик бўлгачгина у ёки бу даражада тикланиши мумкин. Шундай вазиятда аёлга уч асосий интим восита ёрдам бериши мумкин.

  • Интим любрикантлар. Бу сув асосли геллар бўлиб, улар эҳтиёж туғилганда қиннинг қуруқшаган шиллиқ юзасига суртилади. Уларни нафақат жинсий мулоқот пайти, балки қинда қичишиш, қуруқлик, ноқулайлик сезилган пайтларда ҳам қўллаш мумкин.
  • Қин учун эстрогенли кремлар. Булар любрикантлар сингари «тез ёрдам» кўрсатмайди. Уларни фақат гинеколог тавсиясига кўра қўллаш керак. Мазкур воситани суртиш орқали қиннинг қуруқ жойларини эстрогенларга бойитиш мумкин. Фақат ёдда тутинг, эмизикли оналарга эстрогенлар тавсия этилмайди!
  • Ҳомиладорликка қарши эстрогенли таблеткалар. Буларни ҳам шифокор танлаб беради. Фақат бирор сабабга кўра болангизни эмизмаётган бўлсангиз, уларга мурожаат этишингиз мумкин. Эмизикли оналар учун контрацепция воситалари таркибида эстрогенлар умуман бўлмайди.

Шунингдек, витаминлар ва қиннинг туғруқдан кейинги микрофлорасини тиклаш муолажалари ҳақида ҳам унутмаслик керак. Бола туғилганидан уч ойлик бўлгунича оналар эмизикли аёллар учун мўлжалланган витаминлардан қабул қилишлари шарт. Чунки она истеъмол қилаётган таомдаги барча фойдали моддалар аввало сутга ўтади. Уларни болага берган онанинг ўзида деярли ҳеч вақо қолмайди. Қиндаги микрофлорани тиклаш масаласига келсак, тунги уйқудан олдин истеъмол қилинадиган бир пиёла қатиқ нафақат ичаклар, шунингдек, жинсий аъзолар шиллиқ қавати учун ҳам фойдали.

ЎҚИНГ:   Оофорит ёхуд тухумдон яллиғланиши хавфли касалликми?

Микрофлорани турли шамчалар орқали ҳам мўътадиллаштириш мумкин. Улардан шифокор билан бамаслаҳат фойдаланиш керак.

Азиз оналар! Ҳозир нуридийдангиз жуда кичкина. Сиз ҳаётингиздаги энг ажойиб дамларни бошдан кечиряпсиз. Шундай ажиб онларингизга биз юқорида тилга олган нохуш ҳолатлар соя солмасин. Ушбу мақолани улар ҳақида аввалдан билиб, ҳаракатингизни қилиб қўйинг, деган мақсадда тайёрладик.

Эксперт: Магзумова Наргиза Маҳкамновна, профеесор.
Журналист: Шаҳноза Тўрахўжаева.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш

Бош саҳифа » Гинекология » Туғруқдан кейинги муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўллари

loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.