Sog'lom oila - sog'lom kelajak

Туғруқдан кейинги ҳомиладорлик

Аввало ёш она туғруқдан кейин ўз организмида қандай ўзгаришлар кечиши, у навбатдаги ҳомиладорликка қачон тайёр бўлишини билиши керак. Бу борада қуйидаги маълумотлар сизга асқотади, деган умиддамиз.

Ҳомиладорлик даврида «иштирок этган» барча аъзо ва тизимлар яна тикланиши учун муайян вақт керак. Акушер-гинекологлар туғруқдан кейинги давр деганда ҳомиладорлик ҳамда туғруқ билан боғлиқ ўзгаришларга учраган аъзо ва тизимларнинг олдинги ҳолатга қайтиши якунига етадиган даврни назарда тутишади. Бу давр одатда 6-8 ҳафта давом этади ва деярли барча аъзолар фаолияти аста-секин тикланади. Фақат сут безлари ва гормонал тизим «ўзгарган» ҳолида ҳам бутун лактация даври мобайнида «ишлайди».

Туғруқдан кейин ҳайз цикли қачон тикланади?

Илгари аксарият мутахассислар бутун эмизикли давр мобайнида ҳайз кўрмасликни нормал ҳолат деб баҳолашган. Бироқ сўнгги ўн йилликларда бир қатор сабабларга кўра мазкур қоида ўзгарди. Хусусан, бу ўзгариш исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш мақсадида аёллар гормонал препаратларидан жадаллик билан фойдаланиши, туғруқнинг дори-дармонлар билан амалга оширилиши ва бошқа кўплаб омилларга боғлиқ. Бундан ташқари, болани қўшимча овқатга эрта ўтказиш ва кўкракдан эрта ажратиш ҳам ҳайз циклининг бирмунча эрта тикланишига таъсир кўрсатади. У ёки бу сабаб билан боласини эмизмайдиган ёш оналарда эса туғруқдан сўнг бир ой ўтгач ҳам ҳайз тикланиши мумкин.

Ҳайз циклининг тикланиши — биринчи галда гормонал жараён. Аёл организмида гормонал ҳолат қанча эрта аслига қайтса, ҳайз цикли ҳам шунча тез тикланади. Ўз навбатида гормонал ҳолат тикланиш тезлиги аввало қандай эмизишга боғлиқ.

  • Агар бола ҳеч қандай қўшимча озуқасиз, фақат кўкрак сутини эмса ва кечаю кундуз унинг талабига кўра эмизилса, кўпинча ҳайз гўдак бир ёшга етганда, яъни лактация даври тугашига бошланади.
  • Ёш она болани эмизиш билан бирга унга қўшимча овқат ҳам бера бошласа ва кичкинтой эмизишни талаб қилавермаса, лактация даври тугамасидан ҳам ҳайз кела бошлаши мумкин.
  • Агар чақалоқ туғилганидан бошлаб ҳам эмиб, ҳам сунъий озиқланса, онада туғруқдан кейинги 3-4-ойга бориб, ҳайз тикланади.
  • Агар она умуман эмизмаса, овуляция ва ҳайз цикли яна-да эрта, тахминан туғруқдан кейинги 10-12-ҳафтада тикланиши мумкин.
O‘QING:  Ҳомиладорликда бавосил (геморрой) ҳомиладорликда кузатилса...

Аммо ҳар бир аёл организми ўзига хос. Шунинг учун туғруқдан кейинги илк ҳайз келиш муддатидаги ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Мунтазам ва ўзгарувчан

Аксарият аёлларда туғруқдан кейин қайта тикланган ҳайз цикли бирданига мунтазам тусга ўтади. Бироқ баъзиларда дастлабки 2-3 циклдан кейин мунтазам ҳайз тикланади. Бу даврда ҳайз мунтазам бўлмаслиги, муддатдан олдин ёки кечикиб келиши мумкин. Аммо дастлабки 2-3 циклдан кейин мунтазам бўлиши керак. Агар бундай бўлмаса, аёл албатта гинекологга мурожаат қилиши лозим. Чунки бундай аломатлар ички жинсий аъзоларда яллиғланиш жараёнлари, эндометриоз каби патологиялар юзага келганига боғлиқ бўлиши эҳтимоли мавжуд.

22-23 кунлик ҳайз цикли нормал ҳолатми?

28 кунлик ҳайз цикли идеал ҳисобланади. Лекин асабий зўриқиш, стресс, касалликлар, экологиянинг ёмонлашуви ҳайз циклига таъсир кўрсатади. Агар ҳайз цикли 21 кундан кам, 35 кундан кўп бўлмаса, нормал ҳисобланади. Бунда цикллар орасидаги фарқ 10 кундан ошмаслиги керак.

Туғруқдан кейинги ҳомиладорлик

Она саломат бўлгандагина соғлом фарзанд дунёга келади. Шунинг учун туғруқлар оралиғидаги муддат уч йил бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунда аёл саломатлиги тўлиқ тикланади, бола соғлом ўсади. Туғруқлар оралиғидаги муддатнинг 3 йилдан кам бўлмаслиги аёл саломатлиги тикланишига, туғилган боланинг жисмоний ва маънавий ўсиши ҳамда кейинги ҳомиланинг соғлом ривожланишига замин яратади.

Мутахассис: Муборак ПИРИМҚУЛОВА, гинеколог.
Журналист:Нилуфар ВАҲОБОВА.
Манба: Darakchi.uz

Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.