Соғлом оила - соғлом келажак

Туғруқ! Табиий жараён

Туғруқ табиий жараён. Она соғлом бўлса ва туғруқ жараёни нормал ўтса, боланинг туғилиши учун жиддий тиббий аралашувнинг ҳожати бўлмайди. Ёдда тутинг, ҳар бир аёлда туғруқ турлича ўтиши мумкин. Қуйида келтирилган маълумотлар туғруқ жараёни ҳақидаги энг асосий маълумотлардир.

Тайёрлаш жараёни

Қуйида туғруқ яқинлигини кўрсатувчи белгилар келтирилган, аммо улар ҳар доим ҳам туғруқ яқинлашганлигидан далолат бермайди. Улар танангиз туғруқа қандай тайёргарлик кўраётганлиги ҳақида аниқ хабар берувчи асосий белгилардир. Баъзи аёллар уларни сезади, бошқалар эса сезмаслиги мумкин, бу иккала ҳолат ҳам нормал ҳисобланади. Агар бу белгилар кузатилмаса ҳам, ҳеч хавотирланманг.

  • Кутилманда қувватнинг кўпайиши ёки оналик ҳиссиётининг кучайиши.
  • Бола бачадонда пастроққа тушади (бунда нафас олишингиз осонлашади ва тез-тез сия бошлайсиз), ўзингизни енгил сезасиз.
  • Ошқозон фаолиятининг бузилиши.
  • Ичкетар.
  • Қонли ажралма чиқиши – қиндан бачадон бўйнини бекитиб турувчи пушти рангли қон аралаш қуюқ шилимшиқ ажралма чиқиши.
  • Қуюқ шилимшиқ ажралмалар чиқиши.

Кўп аёллар туғруқ бошланиши муддатини аниқ билишмайди ва туғруқхонага қачон бориш кераклиги ҳақида хавотирланадилар. Қайси вақтда туғруқхонага боришингиз зарурлиги ҳақида шифокор билан суҳбатлашинг.

Туғруқ олди ҳолати

Ҳомиладорлик даврининг охирида мунтазам равишда ҳайз даврининг оғриқларига ўхшаб кетадиган, қаттиқ тўлғоқларни сезишингиз ва туғруқ муддатидан олдин содир бўлади деб ўйлашингиз мумкин. Аммо кўп ҳолатларда улар тўғруқнинг бошланишидан дарак бермайди. Бу тайёрлов тўлғоқлари бўлиб, “ёлғон тўлғоқ” ёки “туғруқ олди” деб аталади. Бу ҳолат бачадон бўйнини туғруққа тайёрлашда асосий рол ўйнайди. Ёлғон тўлғоқлар тез-тез бошланиб, қаттиқ оғриқлар билан ўтади, аммо кейинчалик эса бола туғилгунга қадар бир неча соат ёки кунларга тўхтайди. Ёлғон тўлғоқлар тутганда кўпроқ юринг ва уларнинг давомийлигига ва орасидаги интерваллар узун ёки қисқалигига аҳамият беринг.

Тўлғоқларнинг тўхташи ёки улар орасидаги интервалнинг бир хил бўлиб, қисқармаслиги туғруқ олди ҳолати содир бўлаётганлигидан дарак беради. Сизда “асл туғруқ” бўлаётганлиги аниқланганда ҳам хавотирланманг, чунки тўлғоқ содир бўлганда боланинг туғилишига бир қадам яқинроқ қолган бўлади. Туғруқ олди даврида қуйдагиларнинг барчаси ёки баъзилари кузатилади:

  • тўлғоқлар бир хил куч билан ўтади, улар орасидаги вақт ҳам ва уларнинг давомийлиги ҳам бир хил бўлади;
  • тўлғоқлар мунтазам равишда содир бўлмаслиги ҳам мумкин;
  • юриш ва тана ҳолатини ўзгартириб туриш тўлғоқларга салбий таъсир кўрсатмайди;
  • тўлғоқлар қовуқда қаттиқ оғриқлар билан ҳам ўтиши мумкин.

Туғруқ

Тез-тез ва қаттиқ оғриқли тўлғоқлар туғруқ яқинлигини кўрсатувчи белгидир. Тўлғоқ вақтида бачадонингиз маълум бир вақт давомида мунтазам равишда қаттиқ қисқаради.

Дастлаб, ич дам бўлишида, ҳайз даврида, бел оғриши ёки қин атрофининг тортишиши ва таранглашидаги каби оғриқ сезишингиз мумкин. Туғруқнинг биринчи даврида тўлғоқлар орасидаги вақт 10 дақиқа бўлиши ва улар соат ишлаши каби мунтазам содир бўлиши мумкин ёки номунтазам, бир-бирига ўхшамаган, орасидаги вақт узоқ бўлган аммо қисқа тўлғоқлар тутиши ҳам мумкин. Айрим ҳолатларда, айниқса биринчи ҳомиладорликда, тўлғоқлар мунтазам содир бўлиши, узоқ вақт давом этиши ва қаттиқ оғриқли бўлиши мумкин, аммо бунда бачадон бўйни 3 сантиметрдан ортиқ очилмайди.

Туғруқ даврида қуйидаги белгилар кузатилади:

  • тўлғоқлар мунтазам равишда содир бўлади;
  • тўлғоқлар одатда бел соҳасидаги қаттиқ оғриқлар билан бошланади ва тананинг олд қисмига қараб ҳаракатланади;
  • бачадон бўйни очилади ва кенгаяди.

Қоғоноқ халтасининг ёрилиши

Бачадонда бола сув ичида бўлади. Баъзан туғруқ бошланганда қоғоноқ халтаси (ҳомилани ўраб турадиган ички парда) ёрилади, аммо бу одатда туғруқ бошлангандан сўнг анча вақт ўтгач содир бўлади. Бунда қиндан суюқлик оз-оздан ёки бирданига отилиб оқиб чиқиши мумкин. Шифокорингиз билан суюқлик чиқиб кетгандан сўнг қачон шифохонага келиш кераклиги ҳақида суҳбатлашишингиз лозим, аммо қуйидаги белгилар кузатилганда, дарҳол шифокорга мурожаат қилишингиз керак:

  • суюқлик тиниқ эмас, балки яшилроқ ёки жигарранг бўлса;
  • иситма чиқса;
  • суюқлик чиқиб кетгандан сўнг 12-24 соат давомида асл туғруқ бошланмаса.

Суюқлик чиқиб кетгандан сўнг қинга ҳеч нарса тушмаслиги керак, шунинг учун қуйдагилардан сақланишингиз керак: Жинсий алоқада бўлиш, ванна қабул қилиш ва қинни тиббий текширувдан ўтказиш (шифокор томонидан ўтказиладиган текширув бундан мустасно).

Барча аёлларда туғруқ турлича ўтади. Сиздаги туғруқ жараёни, ўқиб ўрганганингиздан бутунлай фарқ этиши мумкин. Танангизга ишонинг. Таёргарлик узоқ давом этиши мумкин, аммо танангиз ва чақалоқ туғруққа тайёргарлик кўриш давомида жуда муҳим ўзгаришларни амалга оширади!

Оғриқ

Туғруқ ҳақида гап кетганда биз кўпинча оғриқ ҳақида ўйлаймиз, аммо биз энг муҳим масала – қандай қилиб оғриқни енгиш ва ортиқча оғриқни камайтириш мумкинлиги ҳақида ўйламаймиз.

Ҳозирги пайтда кўп аёллар туғруқдан қўрқадилар. Бу оддий ҳақиқат. Яна бир оддий ҳақиқатни билишингиз керак – қўрқув оғриқни кучайтиради. Қўрққанингизда танангиз таранглашади, тана таранг бўлса, оғриқ кучаяди.

Баъзи аёллар туғруқ умуман оғриқли бўлмайди дейиши мумкин, баъзи аёллар эса туғруқ пайтида улар энг азобли оғриқларни сезганликларини айтиши мумкин. Кўпчилик аёллар эса туғруқ оғриғига чидаса бўладиган ва кутилган ҳолат деб ўйлайдилар. Кўп аёллар учун туғруқ ҳаётининг энг кучли кечинмаси, энг қийин ва машақатли жараёнидир. Бу жараёнга тайёрланишнинг бир неча усуллари бор.

Қуйидаги оғриқ ва тўлғоқларни енгиллатишга ёрдам берадиган бир нечта оддий ва самарали усуллар берилган:

Ҳаракатланиш:  туғруқнинг бошланиш даврида иложи борича уйда кўпроқ бўлинг, туғруқхонага боришингизда ҳали ҳам туғруқ бошланиш даврида бўлсангиз муассаса ҳудуди бўйлаб юринг ёки уйга қайтинг. Ҳаракат қилинг ва тана ҳолатини ўзгартириб туринг. Тананинг тик ҳолатда бўлиши, яъни юриш оғриқларни камайтиради. Шуниндек, бу ҳолат ўзингизни хотиржам тутишга ва тўлғоқларнинг самарали ўтишига ёрдам беради. Шуниндек, қўл ва тиззаларни ерга тираб туриш, бел оғриғини камайишига ёрдам беради;

Овқатланиш:  тўлғоқ даврида суюқликлар ва енгил овқатларни истеъмол қилиб туришингиз керак. Агар иштаҳа бўлмаса шарбат, асалли чой ёки суюқ овкат ичишингиз мумкин. Бу сизнинг танангизга қувват бағишлайди, сувсизланишнинг олдини олади, туғруқни енгил ўтишига, тўлғоқ оғриқларни енгишга ёрдам беради ва чақалоқнинг асоратларсиз туғилишини таъминлайди. Туғруқ жараёни узоқ масофа (марафон) югуриш учун сарфланадиган куч-қувватни талаб этади;

Нафас олиш:  қандай нафас олиш кераклигини биласиз – кўпроқ очиқ ҳавода юринг ва чуқур нафас олишга ҳаракат қилинг! Бу асабларингизни тинчлантиради, танани бўш тутишга, диққат-эътиборингизни бир жойга тўплашга ва туғруқ жараёнининг уддасидан чиқишингизга ёрдам беради. Нафасингиз тананингизнинг ҳар бир қисмига кислород етказиб беришини тасаввур қилинг. Оғиз очиб чуқур нафас олинг ва ўзингизни бўш тутишга ҳаракат қилинг;

Далда берилган ёрдам:  Атрофдагилар билан кўпроқ дўстона мулоқотда бўлсангиз, ўзингизни енгил, қўллаб-қувватланаётган ва севикли эканлигизни ҳис қиласиз. Шу сабабли, турмуш ўртоғингиз (ёки онангиз)дан сиз билан туғруқхонада бирга бўлишини сўрашингиз мумкин. Аксарият аёллар туғруқ даврида далда бериш, қўл ушлаш ва массаж қилиш каби қўллаб-қувватлашнинг турларини қадрлайдилар. Атрофдагилардан чўккалаб ёки тиззалаб ўтирганингизга ёрдам беришни ёки қўлтиқлаб олишни сўрашингиз мумкин;

Туғруқхонада сизга далда берадиган одамлар:  қўллаб-қувватлаши, кўнглингизни кўтариши, қатьий бўлиши керак. Энг муҳими, улар сизга диққат-этибор билан қараши керак, ваҳоланки сиз туғруқ жараёнини бошингиздан ўтказаяпсиз!

Туғруқ

Бачадон бўйни тўла очилганда ёки камида 10 сантиметрга кенгайганда сиз туғишга тайёр бўласиз. Болани боши тосга чуқурроқ ўрнашгани сари кучли босим сезасиз. Қаттиқ кучаниш ана шу пайтда бошланади. Бачадон ўз-ўзидан таранглашади, кучанганда ва бўш қўйганда болани ташқарига итара бошлайди.

Бола туғилиши йигирма дақиқадан беш соатгача давом этиши мумкин. Бачадон қисқариши орасида дам олиш ва кучаниш келганда кучаниш қувватни сақлашга ёрдам беради. Одатда бу жараён аста-секин ўтади. Кўп ҳолларда боланинг боши бачадон қисқарганда пастга, кейин яна орқага ҳаракатланади. Боланинг боши туғилиш йўлининг охирига келганда жинсий оралиқ аста-секин очилади. Дастлаб боланинг боши кўринади.

Баъзида эса бола одатдан ташқари ҳолатда бўлиши ва думба билан келиши мумкин. Бола навбатдаги бачадон қисқаришидан олдин ёки кейин туғилади. Баъзан, бош кўрингандан сўнг боланинг бутун танаси ўзи ҳам бирданига чиқиб кетади, баъзан эса, аста-секин чиқа бошлайди.

Бола туғилиши биланоқ уни кўлингизга олиб, ўзингизга яқин тутинг, Бунда у танангизга тегиб турсин, исингизни ҳидласин, овозингизни эшитсин, сизни ва атрофингиздаги одамларни кўрсин. Болангизни силанг ва у билан гаплашинг, болангиз тўғилгандан кейинги вақтдан завқланинг.

Болангиз туғилганидан сўнг уни бир ёки икки соат ичида эмизинг. Чақалоқ биринчи кўкрак сути ёки ўғиз сути билан бирга унинг таркибидаги ҳар хил касалликлардан ҳимоя қилувчи зарур витамин ва озиқ моддалари олади. Чақалоқларда туғма сўриш рефлекси бўлиб, уларни эмизиш хоҳлаш даражаси ва эмишни бошлаш учун кетадиган вақт турлича бўлади. Бола кўкрагингизга ўрганиши учун унга бироз вақт беринг.

Боланғиз туғилди! Уни иложингиз борича соғлом ва хавфсиз туғдингиз! Энди сиз болангизнинг кундалик фаолияти билан машғул бўласиз, турли саргузаштларни бошдан кечирасиз ва она бўлиш қувончи ва ташвишларидан баҳраманд бўласиз.

Манба: Tib.uz

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.