Соғлом оила - соғлом келажак

Туғуруқ кўнгилдагидек кечиши учун…

Бугунги даврда ҳам фарзандини шифохонада эмас, уйида дунёга келтиришни афзал биладиганлар йўқ эмас. Туғуруқ кўнгилдагидек кечса-ку хўп-хўп, лекин у асоратли бўлса-чи? Зудлик билан тиббий ёрдам керак бўлиб қолса-чи? Ахир туғуруқ жараёнида дақиқалар тугул, ҳатто сонияларнинг ҳам муҳим ўрни бор! Қолаверса, момоларимиз даврида туғуруқ жараёнида аёлларнинг ҳам, болаларнинг ҳам ўлими кўрсаткичи анча юқори бўлгани яқин тарихдан маълум. Саҳифамизнинг бугунги эксперти — акушер-гинеколог Моҳира МИРХАИТОВА.

туғиш жараёни

Туғуруқ вақтидаги жароҳатларга нималар киради?

Юмшоқ тўқималарнинг юза жароҳатлари

Оддий қилиб айтганда бу — шилиниш, тананинг унчалик катта бўлмаган соҳасида қон қуйилиши… Улар гўдакнинг туғуруқ йўллари бўйлаб ҳаракатланиши оқибатида ёки қандайдир тиббий аралашув натижасида юзага келади. Бундай зарарланишлар маҳаллий даволашни талаб этади ва 7-14 кун давомида ўтиб кетади.

Гематома (ғурра)лар, микроаденомалар

Баъзида нафақат тери, шунингдек, бирмунча чуқур тўқималар, масалан, тери ости ёғ тўқималари ҳам таъсирланади. Бундай вазиятда сийпалаб кўрилганда чақалоқда майда тугунчаларни сезиш мумкин. Гематома пайдо бўлиши мумкин бўлган мушаклар ҳам бундан азият чекди. Бу боланинг боши муайян томонга қайрилиши оқибатидаги (айниқса ҳаётининг дастлабки 2 ҳафтасида) патологиядир.

Туғуруқ шиши

Бунда ҳомила туғуруқ йўллари бўйлаб олдинга ҳаракатланганда бошининг, юмшоқ тўқималарнинг шишганлиги назарда тутилади. Туғуруқ шиши янги туғилган гўдакда сарғайманинг давомли кечишига сабаб бўлиши мумкин. Одатда бир неча кун ичида ўзи сўрилиб кетади. Камдан-кам ҳолларда суяк синиши, дарз кетиши ҳоллари юз бериши мумкин. Бундай вазиятларда шиш ўлчами катта бўлади ва узоқроқ вақт сақланиб туради, мураккаб муолажаларни талаб этади. Бундай муаммоларга наслий қон касалликлари сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳомила ўлчами йирик, аёл чаноғи тор бўлганда, муддатдан олдин сув кетиб, ҳомила сувсиз қолганда ҳам туғуруқ шиши кузатилади.

Чиқиш, синишлар

Шифокорларнинг ҳомила қандай жойлашганига катта эътибор қаратиши бежизга эмас. Агар ҳомила туғилиш олдидан олдинга оёқ томони билан ҳаракатланса, жароҳатланиш хавфи юқори бўлади. Ҳомиланинг айнан шундай жойлашиши туфайли (албатта бошқа омиллар ҳам инобатга олинган ҳолда) туғуруқ кесарча кесиш йўли билан амалга оширилади.

Кичкинтойни туғуруқ вақтидаги жароҳатлардан асраш қоидалари:

  • Имкон қадар тезроқ аёллар маслаҳатхонасидан рўйхатдан ўтинг.
  • Соғлом турмуш тарзи кечиринг, зарарли одатларни тарк этинг.
  • Инфекцияларни эрта босқичларда аниқлашга эътиборсизлик қилманг.
  • Шифокор тавсияларига қатъий амал қилинг.
  • Оилада ижобий руҳий муҳит ҳукм суришига эришинг.
  • Туғуруқни уйда эмас, албатта шифокорлар назорати остида амалга оширинг.

Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ!

Кўпинча танишлардан, дугоналардан, қўшнилардан туғуруқ ҳақида ваҳимали гапларни эшитиб, бўлажак оналар яқинлашиб қолган туғуруқдан қўрқувга тушишади. Лекин ёмон хаёлларга бориш керак эмас. Ахир бу аёл фаоллик билан иштирок этиши керак бўлган физиологик жараён. Асосийси, бўлажак она дунё юзини кўриш арафасида турган мурғаккина дилбандига ёрдам бериши кераклигини англаши керак. Туғуруқ қандай ўтиши кўп жиҳатдан бўлажак онанинг ўзига ҳам боғлиқ. Унутманг, туғуруқ пайтида ҳар доим ҳам бола жароҳатланавермайди. Яхши ният қилинг, насиб этса, сизнинг фарзандингиз соғ-омон туғилади!

туғиш жараёни

Энг асосийси, шифокор фикрига қулоқ тутинг. Шифокорлар ҳамиша ҳомила боши ва она чаноғи ўлчамлари бир-бирига мос келиш-келмаслигини, туғилажак бола қай ҳолатда ётганини инобатга олишади. Бу каби омиллар бўлажак она ҳомиладорлик даврида назоратда бўлганда баҳоланади. Шунинг учун у аёллар маслаҳатхонасида қанча эрта рўйхатга олинса, шунча яхши. Туғуруқ вақтида аёл ва туғилажак боланинг умумий аҳволи қай даражадалиги жуда муҳим. Хуллас, ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Ҳомиладорлик даврини асаббузарликларсиз, кўнгилдагидек ўтказишга ҳаракат қилинг, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилинг (бу гўдакда кислород етишмовчилигининг олдини олишнинг энг яхши чораси). Шунда орзиқиб кутган фарзандингиз соғ-омон дунё юзини кўради!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.