Тахминий туғруқ кунини қандай аниқлаш мумкин? У нимага боғлиқ? Ёки дунёга қачон келишини туғилажак болакайнинг ўзи белгилайдими?
Ҳомиладорлигини билиб, ҳар қандай аёл аввало фарзандининг айнан қачон туғилишини ҳисоблай бошлайди. Кимдир бўйида бўлган кунни эслашга ҳаракат қилади, кимдир ултратовуш текшируви ёки шифокорларнинг сўзларига қараб тахмин қилади. Лекин натижада бўлажак оналарга «сюрприз» бўлиб, туғруқ санаси тахминий ҳисоб-китоблар билан камдан-кам ҳолларда мос келади. Бугунги кунда туғруқ кунини аниқлашнинг шифокорлар томонидан қўлланиладиган 4 асосий усули мавжуд:
- Охирги ҳайз санаси бўйича (акушерлик усули);
- Овуляция кунига кўра (эмбрионал усул);
- Аёллар маслаҳатхонасига илк келган кунига кўра;
- Ултратовуш текшируви натижаларига кўра.
Акушерлик усули
Туғруқ кунини аниқлашнинг энг машҳур ва кўп қўлланиладиган усули — Негел формуласи ёки охирги ҳайз куни бўйича ҳисоблаш. Бу формулага кўра, махсус акушерлик тақвимлари тузилади.Негел формуласи: охирги ҳайз циклининг биринчи кунидан 3 ойни айириб, 7 кун қўшилади. Яъни биринчи кунга роппа-роса 40 ҳафта қўшилади.
Масалан, охирги ҳайз циклининг биринчи куни 1 августга тўғри келса, бу санага 7 кунни қўшамиз. 8 август бўлади. 3 ойни айирсак, чамаланган туғруқ санаси келиб чиқади. Яъни, 8 август – 3 ой = 8 май.
Бу усул энг кенг тарқалган бўлсада, уни аниқ деб бўлмайди.
Эмбрионал усул
Эмбрионал усул деганда ҳомиладорликнинг овуляция куни бўйича аниқланадиган тақвимли муддати назарда тутилади.
Овуляция (тухум ҳужайранинг тухумдондан чиқиши) ҳомиладор бўлиш учун энг оптимал давр ҳисобланади. Шунинг учун ҳам айнан шу сана чамаланган туғруқ санасини ҳисоблаш учун асос бўлади.
Ҳайз цикли 28 кунлик бўлганда овуляция 14-кунда юз беради. Агар цикл қисқароқ (21-25 кун) ёки узунроқ (31-35 кун) бўлса, ҳисоблаш махсус жадваллар асосида олиб борилади. Жинсий яқинлик кунини аниқ билганда ҳам уруғланиш айнан қачон содир бўлганини ишонч билан айтиш имконсиз. Нима учун?
Сперматозоидлар ўртача 3-5 кун, узоғи билан бир ҳафта, тухум ҳужайра эса 48 соатгача яшайди. Эмбрионал муддатни ҳисоблаш учун овуляция кунига 38 ҳафта қўшилади.
Масалан, цикл 28 кунлик, охирги ҳайзнинг биринчи куни 1 август, жинсий яқинлик 9 августда, овуляция 14-15 августда бўлган, дейлик. Ҳисоблашни жинсий яқинлик бўлган кундан эмас, овуляция кунидан бошлаймиз. Шунинг учун тахминий туғруқ санасини аниқлашнинг эмбрионал усули 7-8 майга тўғри келади. Кўриб турганингиздек, у акушерлик усулидан деярли фарқ қилмайди. Лекин бу ҳайз цикли 28-30 кун давом этадиган мунтазам вазиятлар учунгина тўғри келади.
Қолаверса, организмнинг ўзига хос хусусиятларини, шунингдек, жисмоний ва руҳий босим бўлганда, стресс, касаллик каби омилларда овуляция куни сурилиши мумкинлигини ҳам инобатга олиш керак.
Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам агар аёл овуляция кунини билса, ва жинсий яқинлик бўлган кунни эслай олса, бу шифокорга тахминий туғруқ санаси ҳақида анчагина маълумот беради.
Илк бор аёллар маслаҳатхонасида…
Аёллар маслаҳатхонасига биринчи марта келганда (ҳомиладорлигини тахмин қилиб ёки аниқ билгандан кейин) акушер-гинеколог текширувдан сўнг қуйидаги кўрсаткичлар асосида хулосага келади.
- Бачадон катталигини аниқлаш;
- Бачадон туби баландлигини аниқлаш;
- Қорин ҳажми;
- Ҳомила ўлчами.
Бўлажак она аёллар маслаҳатхонасига қанча эрта мурожаат қилса, ҳомиладорлик муддати шунча аниқ белгиланади.
Ултратовуш текшируви
Бугунги кунда мазкур усул энг аниқ ҳисобланади. Фақатгина бу текширув ўтказиладиган муддатларни ҳисобга олиш керак холос.
Дастлабки скрининг (11-14 ҳафта)да олинган ултратовуш текшируви натижаларига кўра тахминий туғруқ санасини атиги 1-3 кунлик фарқ билан аниқ белгилаш мумкин.
Кечроқ қилинган УТТ эса унчалик аниқ ташхис бермаслиги мумкин. Бу текширувда ҳомиладорлик муддатини ҳомила ҳажмига қараб баҳолашига боғлиқ.
Ҳомиладорликни режалаштираётганда нафақат ҳайз циклингиз давомийлиги ва охирги ҳайз кунини, шунингдек, овуляция куни ва бўйингизда бўлиши мумкин бўлган кунни ҳам билганингиз яхши. Шифокорга қанча кўп маълумот берсангиз, фарзандингиз ёруғ оламга айнан қачон келишини у шунчалик аниқ белгилаб бериш имконига эга бўлади.
Эксперт: Ҳамида Мақсудова, олий тоифали шифокор.
Журналист: Нилуфар ВАҲОБОВА.
Манба: Суғдиёна газетаси.