САВОЛ: Ассалом алайкум, мен 28 ёшдаман, уйланганимга 2 йилдан ошди. Шу вақтгача хотинимнинг 2 марта ҳомиласи тушди. 2 ойлик бўлиб ТОРЧ инфекцияга тўлиқ даволандик. Афсуски, врачлар яна ҳомила нобуд бўлди, дейишябди. Мен текширинганимда варекоселе аниқланди, сперма фоизи 45%, хотинимда икки шохли бачадон дейишди. Маслаҳат беринг, қандай йўл тутайлик. Олдиндан раҳмат.
ЖАВОБ: Ҳомиладорлик кечишида ТОРЧ инфекция роли катта. ТОРЧ инфекция ўз-ўзидан тузалиб йўқолиб кетмайди. Ҳомиладорликдан аввал ТОРЧ бўйича даволаниб, инфекцияни «уйқу» ҳолатига келтириб олиш керак. Ҳомила тушиб қолишида спермограмма кўрсаткичлари алоқадорми билмадим, ҳар ҳолда бу бўйича бизда маълумот йўқ. Спермограммадаги 45% нималиги бизга қоронғу. Ҳомила тушиб қолиши фақат, ТОРЧ инфекцияларгагина боғлиқ эмас. Бошқа сабаблари ҳам кўп. Ҳомила тушиб қолишига варикотселе алоқаси бор деб ўйламайман.
Икки шохли бачадон бўйича тавсияни гинеколог берса маъқул. Шохли бачадон ҳомила тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Бу икки шохли бачадон қандай шакли борлигига боғлиқ. Кўпинча шохли бачадон билан ҳам ҳомиладорлик яхши кечиши мумкин.
Тавсиямиз, агар аёлда икки шохли бачадон бўлса ва у тўла икки шохли шаклда бўлса, гинеколог билан маслаҳатлашган ҳолатда операция қилиш лозимдир. Буни гинеколог кўригида маслаҳатлашинг.
© Абдулхаев Файзулло. Уролог.
САВОЛ: Ассалом алайкум, оргазм пайтида қайси гормонлар ажралади. Шу гормонларнинг организмга, ҳайзга таъсири борми яъни ҳайзни кўпайтирадими ёки аксинча. Раҳмат.
ЖАВОБ: Оргазм вақтида аёлларда эстроген, пролактин ва окстотсин ишлаб чиқарилади. Жинсий алоқанинг ҳайз циклига сезиларли таъсири йўқ. Агар аёл биринчи марта жинсий алоқага киришаётган бўлса, психоген тарзда ҳайз бузилиши кузатилади. Лекин жинсий алоқа эндорфинлар ажралиб чиқиши ҳисобига аёлнинг иммунитетини оширади, оғриқ сезишини пасайтирали ва кайфиятини яхшилайди.
© Ёқубжонов Хуршидбек, гинеколог.
САВОЛ: Ассалом алайкум, ҳомила йўлдошининг эрта етилиши ҳақида маълумот бериб ўтсангиз, илтимос. Бунда қандай чора кўриш лозим? Жавобингиз учун раҳмат.
ЖАВОБ: Йўлдош етилишининг 4 та даражаси бор. Ҳомиладорликнинг 30 ҳафта муддатгача 0-даража. 24-34 ҳафтада 1-даража, 34-39 ҳафтада 2-даража ва 37 ҳафтадан сўнг 3-даража бўлади. Йўлдошнинг эрта етилишини УТТда ташхис қўйиш мумкин. Йўлдошнинг эрта етилишига бир қанча сабаблар бор. Масалан, чекиш ва алкоголли ичимликлар ичиш, инфекцион омиллар, аввалги ҳомиладорликда абортлар, гестоз, эндокрин касалликлар, кўп ҳомилалилик ва бошқалар. Йўлдошнинг эрта етилишида ҳар доим ҳам йўлдош етишмовчилиги бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли текширувларни якунига етказиш керак. Йўлдош етишмовчилиги 50-70% ҳолларда эрта туғиш хавфи, 32% гестоз, 25-45% бошқа касалликлар билан бирга учрайди. Ҳомилага кислород бориши бузилиши сабабли ҳомиланинг гипокцияси ривожланиши мумкин. Шу сабабли ушбу ҳолатда врачингизга мурожаат этинг.
© Ёқубжонов Хуршидбек, гинеколог.
САВОЛ: Ёшим 25 да. Бир йил аввал шифокорлар менга бачадон миомаси ташхисини қўйишганди. Кейин уни жарроҳлик йўли билан бир томондаги тухумдоним билан бирга олиб ташлашди. Шундан бери ҳайз кўрмайман. Шифокор кўригидан ўтдим. Айтилган даволаш курсларини олдим. Лекин натижа бўлмаяпти. “Ҳайз кўрмаган аёл фарзандли бўла олмайди”, дейишади. Мен шундан хавотирдаман. Менга қандай маслаҳат берасиз?
ЖАВОБ: Одатда, миома ёши катта аёлларда учрайди. Сизнинг ёшингизда эса камдан-кам ҳолларда дуч келинадиган ҳолат. Миома ривожланишига етарлича сабаб бўлган, албатта. Масалан, ўсмирликда ҳайзнинг оғриқли келиши ёки кўп қон йўқотиш касалликларнинг ривожланишига муҳит яратади. Қолаверса, организмдаги гормонал безлар фаолиятининг ўзгариши ва бўқоқ хасталиги уни юзага келтиради. Сизга маслаҳатим, яна бир бор гинеколог, эндокринолог текширувидан ўтинг. Гормонал дисбаланс юзага келган бўлса, уни дарҳол даволаш зарур. Тухумдонларнинг бири олиб ташланса, иккинчиси ёрдамида ҳомиладор бўлиш мумкин. Лекин баъзи ҳолларда биргина тухумдон ишлаб чиқараётган гормон бачадон вазифасини тўлиқ бажара олмайди. Сизда ҳам худди шундай. Гормонлар ҳайз аломатларини белгилаётгани сабаб оғриқлар юзага келади. Аммо улар ҳайз келишини таъминлашга ожизлик қилмоқда. Ҳайз цикли бир маромда бўлиши учун эндокринолог шифокор қондаги гормонлар миқдорини аниқлаб олиши ва таҳлилларга кўра даво чораларини олиб бориши лозим.
© Райҳон Саломова, гинеколог.