Соғлом оила - соғлом келажак

Токсикоз — ҳомиладорлик муаммоси

Ҳомиладорликнинг илк кунларида аёл ўзини ёмон ҳис этиши меъёрий ҳолат. Фақат ёқимсиз ҳолатнинг даражаси ҳар хил бўлади. Айрим аёлларнинг фақат эрталаб, уйқудан турган пайтларида кўнгли айниса, бошқаларида бу ҳолат кун бўйи давом этади.

Ҳомиладорликнинг илк босқичида токсикоз бошланиши аёлнинг нафақат турмуш тарзига, балки ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

toksikoz

Агар бу ҳолат ҳомиладор аёлнинг ишида қийинчилик туғдираётган, атрофдагилар билан муносабатга киришишига халал бераётган ёки аёл бола тарбиясида қийналаётган бўлса, албатта, кун тартибини ўзгартириши лозим.

Қачон шифокорга учрашиш керак?

Шифокор билан маслаҳатлашиш қанча эрта амалга оширилса, ҳомиладор аёл учун ҳам, унинг дунёга келтирмоқчи бўлаётган боласига ҳам шунча яхши. Чунки токсикозни вақт ўтиши билан оғирлаштириб юбориш мумкин. Шунинг учун кўнгил айниши кундалик турмушингизнинг бир бўлагига айланиши билан дарҳол шифокорга мурожаат этинг. Шунга қарамай, кўпчилик мутахассислар фақат кучли кўнгил айнишинигина даволаш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Чунки у аёл ва унинг ҳомиласига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис кўпчилик шифокорлар ҳомиладор аёлга умумий аҳволи яхшилангунига қадар сабр қилишни маслаҳат беришади. Қолаверса, кўпчилик кўнгил айнишини оғир ҳолат деб қабул қилмайди. Аммо ўтказилган тадқиқот баъзида токсикознинг аёл ҳаётига таъсирини етарлича баҳолай олмаслигини кўрсатди.

Маълум бўлишича, айрим аёллар кўнгил айнишини қайт қилишдан ҳам оғир кечириши мумкин экан.

Агар қайт қилиш кун давомида кўп марта такрорланса ва шунинг оқибатида аёл овқатлана олмаса ҳамда вазн йўқота бошласа, дарҳол шифокорга мурожаат этиши лозим. Чунки бундай ҳолатда аёлда ташналик бошланиши мумкин. Ҳомиланинг илк даврида даволаниш токсикозни кучайиб кетмасдан бартараф этади.

Агар аёл ҳомиладор бўлишни режалаштираётган бўлса ва бундан олдинги ҳомиладорлик даврида оғир токсикозни бошдан кечирган бўлса, у ҳолда олдиндан даволаниши лозим. Бу ёқимсиз ҳолатнинг олдини олишга ёрдам беради.

Токсикозни қандай енгиллатиш мумкин?

Эҳтимол, аллақачон кўнглингиз айнишига сабаб бўлувчи озиқ-овқат ва турли ҳидларни рад этиб бўлгандирсиз. Ундан қутулиш ёки ҳеч бўлмаганда токсикозингизни енгиллатиш учун қуйидагиларга амал қилиб кўринг:

Оз-оз ва тез-тез

Оз-оз ва тез-тез овқатланинг. Оч юриш аҳволингизни ёмонлаштиради. Қонингиз таркибида қанд миқдори меъёрида бўлишини назорат қилиб туринг ва кун давомида енгил тамадди қилишга одатланинг.

Нима хоҳлайсиз?

Нимани хоҳласангиз, шуни енг. Аммо ёғли, ўткир, нордон ва қовурилган таомлардан узоқроқ юринг. Ёгурт каби оқсил ва В витаминларига бой маҳсулотлар истеъмол қилинг.

Эрталаб печене енг

Ётоғингиздаги тумбага бирорта енгил ҳазм бўладиган егулик, масалан, оддий печене солиб қўйинг. Эрталаб турганингизда ундан бир жуфтини енг ва бироз ётинг.

Кундалик тутинг

Унга ўзингизни ёмон ҳис этадиган ва аҳволингиз яхшиланадиган вақтни ёзиб боринг. Бу қачон кўнглингиз айнимай овқатланиш мумкин бўлган вақтни аниқлаш имконини беради.

Суюқлик кўнглингизни айнитса…

Агар суюқликдан аҳволингиз ёмонлашса, егулик ўртасида ичинг ва имкони борича ичимликни чеклашга ҳаракат қилинг. Аммо, албатта, мунтазам суюқлик ичишингиз лозим. Агар суюқлик кўнглингизни айнитса, муз бўлагини сўришингиз мумкин.

Имкони борича кўпроқ дам олинг

Зарурият туғилса, меҳнат таътилига чиқинг. Стресс ва чарчоқ токсикоз аломатларини кучайтиради.

Лимон ҳидлаб кўринг

Кесилган лимон кўнгил айнишини йўқотади. Минерал сув ёки совуқ чойга бир бўлак лимон солиб ичишингиз мумкин.

Занжабилли чой

Занжабилнинг майдаланган илдизидан чой дамлаб ичинг. Маълумки, занжабил ошқозон фаолиятини меъёрлаширади ва кўнгил айнишини йўқотади. Шунга қарамай, уни жуда кам дозада, жуда эҳтиёт бўлиб истеъмол қилиш керак. Чунки у ҳаммага ҳам ёрдам беравермайди.

В 6 витами ёки ҳомиладорлар учун поливитаминлар

В 6 витамин ёки ҳомиладорлар учун поливитаминлар токсикозни камайтириши мумкин. Агар ҳомиладор бўлиш даврида поливитаминлар қабул қилишни бошласангиз, токсикоз оғир асоратларсиз ўтади. Поливитамин қабул қилишдан олдин шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Совиган таомлар афзалроқ

Таом тайёрлаётганда ундан таралаётган ифор кўнгил айнишига сабаб бўлиши мумкин. Бу пайтда совуқ таомлар истеъмол қилиб турган маъқул.

Муолажа қилишнинг табиий йўли

Муолажа қилишнинг табиий йўли — ароматерапия (лайм, лимон ёки бошқа цитрус мевалар мойи) ёки гомеопатия ёрдам беради. Аммо уларни қўллашдан олдин илгари ҳомиладор аёллар билан ишлаган малакали шифокор билан маслаҳатлашинг.

Қандай тиббий воситалар ёрдам беради?

Кўп ҳолларда аёллар ўзларича қўллаган усуллар ёрдам бермагандагина дори-дармон томон шошишади. Кўпчилик ҳомиладорлик вақтида дори воситаларини қабул қилишдан бош тортади. Эҳтимол, болага зарар бўлмаслиги учун шундай йўл тутарсиз. Аммо шуни унутмангки, ҳомилага салбий таъсир кўрсатмайдиган дори воситалари мавжуд. Бундай дори-дармонларни ҳомила 12-14 ҳафталик бўлиб, токсикоз бўшашган пайтда қабул қилишни тўхтатиш мумкин.

Эҳтимол, сиз билмассиз, токсикозга қарши дори воситаси 1950 йилнинг охирида ҳомиладор аёлларга худди уйқу дори каби фаол тавсия этилган. Аммо у болада етишмовчиликни ривожлантириб юборгани сабабли бекор қилинган. Ўтказилган тадқиқотлар натижасида айни пайтда токсикоздан қутқарувчи ёки уни оз бўлсада енгиллатиш хусусиятига эга ягона восита В6 витаминидир.

В6 витамини

Кучли токсикоздан азият чекадиган аёллар организмида В6 витамини тақчиллиги аниқланган. Бу витамин кўнгил айнишини енгиллатишда самарали восита бўлиб, салбий таъсири йўқ. Уни дорихоналардан ресептсиз олиш мумкин бўлса ҳам, шифокор тавсиясисиз истеъмол қилиш ярамайди. Чунки ҳомиладор аёлларга бу витаминнинг кунлик дозаси кунига 3-4 маҳал 10-25 мг ни ташкил қилади. Аммо айрим дори таблеткаларида унинг миқдори юқори бўлади. Шу боис фақат шифокор маслаҳати билан қабул қилиш тавсия этилади. Қолаверса, тадқиқотларда ҳали катта дозада қабул қилинган В6 витаминининг таъсири ўрганилмаган.

Сифатли поливитаминлар ҳам ҳомиладор аёл токсикозини бирмунча енгиллаштиради. Аммо ёдингизда бўлсин, ҳомиладорлик даврида витамин ва минераллар ҳам тиббий муолажа саналади. Шунинг учун уларни шифокор назоратисиз қабул қилиш умуман мумкин эмас!

Токсикознинг илк даври енгил, ўртача ва оғир каби турларга бўлинади.

Оғир тури (кунига 6-12 мартагача қайт қилиш) да стационар муолажа ва инфузион терапия (организмда йўқотилган витамин ва минераллар ўрнини тўлдириш) тавсия этилади, шунингдек, интоксикация даражаси пасайтирилади. Айрим ҳоллардагина ҳомила олиб ташланиши мумкин.

Манба: «Етти мўъжиза» хазинасидан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.