Тестостерон – эндокрин системаси томонидан ишлаб чиқариладиган энг муҳим гормонлардан бири. Уни ҳар икки жинс вакилларида ҳам топса бўлади, лекин эркакларда унинг миқдори кўпроқ ва эркаклар учун унинг аҳамияти кучлироқ. Мана шу гормон ҳисобига эркаклар аёллардан фарқланиб туришади. Шунинг учун бу гормоннинг миқдори эркак организмида катта роль ўйнайди. Аммо айрим ҳолларда эндокрин тизими томонидан қандайдир ўзгаришлар бўлиши ҳисобига гормон миқдори камайиб кетади. Бу камчиликни бартараф этса бўладими ?
Тестостерон нормаси қанча?
Эркакларда тестостерон жинсий безлар – тестикула (мояк, уруғдон)ларда синтезланади. Шу билан бир қаторда буйрак усти бези пўстлоғида ҳам маълум миқдорда ишлаб чиқарилади. Кимёвий таркибига кўра бу гормон стероидлар гуруҳига киради. Тестостерон синтезида гипофиз ва гипоталамус безларининг иштироки ҳам катта аҳамиятга эга, улар махсус ферментлар ишлаб чиқаради ва бу ферментлар эндокрин безларига тестостерон синтези ҳақида буйруқ беради.
Тестостерон организмда турли хилдаги оқсиллар бирикишидан ташкил топган. Эркин тестостерон умумий гормонларининг 2 % ини ташкил қилади. 18-20 ёшларда гормон миқдори максимал консентрацияга чиқади. Кейинчалик гормон миқдори камайишни бошлайди ва 35 ёшга етганда гормон миқдори йилига 1-2 % га камайишни бошлайди. Гормоннинг ёш ўтиши билан камайиши бу табиий физиологик ҳолат. Аммо баъзида ёш эркакларда ҳам тестостерон миқдори камайиши кузатилиб туради. Бу эса нормал эмас ва даво талаб қилинади.
Ёш | норма, нмол/л |
0-1 | 0, 42-0,72 |
1-7 | 0,1-1,12 |
7-13 | 0,1-2,37 |
13-18 | 0,98-38,5 |
18-50 | 8,64-29 |
50+ | 6,68-25,7 |
Тестостерон эркаклар учун нега керак?
Тестостерон организмни эркак типида ривожлантириш учун керак бўлган гормондир. Бу жараён болалик давридан бошланиб, балоғат ёшида ва ўрта ёшларда ҳам давом этиб қариган пайтда сустлашади. Бироқ тестостерон фақатгина организмда эркаклик белгиларини юзага чиқариш учунгина эмас балки организмни соғлом ушлаш учун моддалар алмашинуви жараёнида ҳам иштирок этади. Унинг иштироки натижасида сперматогенез жараёни амалга ошади. Тестостерон мускул ва суяк тизими ривожланиши учун ҳам муҳим бўлган гормондир. Ва яна у психик жараёнларга ҳам таъсир этади. Масалан тестостерон стресс гормони кортизол миқдорига ҳам таъсир кўрсатади. Ушбу гормон натижасида эркаклар ҳаётдан завқ оладилар ва хурсанд бўладилар.
Тестостерон миқдори камайишининг белгилари
Тестостерон миқдори камайиши бир қатор белгилар билан намоён бўлади:
- Депрессия, атроф муҳитга эътиборсизлик;
- Импотенция;
- Семириш;
- Феминизация – танадаги тукларнинг камайиши, гинекомастия;
- Мушак массасининг камайиши;
- Хотиранинг сустлашиши;
Тестостерон камайиши сабаблари
Гормон миқдори камайишига ҳар хил сабаблар бўлиши мумкин. Улар икки гуруҳга бўлинади: бирламчи сабаблар эндокрин тизимининг ўзида бўладиган ўзгаришлар ва иккиламчи сабаб ташқи муҳит факторлари, яшаш тарзи. Улар қуйидагилар:
- Кам ҳаракатли яшаш тарзи;
- Нотўғри овқатланиш;
- Ортиқча вазн;
- Тартибсиз жинсий ҳаёт;
- Зарарли одатлар;
- Стресс;
- Уйқунинг етарли бўлмаслиги;
- Медикаментоз даво;
- Атроф оламнинг зарарли таъсирлари.
Кам ҳаракатли яшаш тарзи
Маълумки ҳаракатчанлик – яшаётганлик белгиси. Бу қоида барчага тегишли, айниқса эркаклар учун. Эркак организми доимо жисмоний ҳаракат қилиш учун қулай қилиб яратилган. Авваллари эркаклар дала ишлари, ов қилиш ва жанг қилишар эди. Бу ишларнинг барчаси жисмоний меҳнат талаб қилади ва уни тестостерон гормони бошқариб туради. Ҳозирги кунга келиб кўпчилик эркаклар кам ҳаракат талаб қилинадиган ишлар билан шуғулланишади ва бу тестостерон гормонини кўп талаб қилмайди. Албатта гормон миқдорини ошириш учун аввалги ҳаёт тарзига қайтиш керак эмас, шунчаки жисмоний машқлар билан кўпроқ шуғулланиб туриш керак. Эркак қонида тестостерон миқдори организмнинг мушак вазнини ошириб туради.
Нотўғри овқатланиш
Биз истеъмол қилаётган озуқа маҳсулотларимизнинг барчаси ҳам тестостерон миқдорини нормада ушлаб туриш учун етарли эмас. Овқат таркибида организмга етарлича бўлган микроэлементлар, витаминлар, оқсил, углевод ва ёғлар бўлиши керак. Ҳаддан зиёд кўп ейиш ва етарлича овқатланмаслик ҳам тестостерон миқдорининг камайишига олиб келади.
Ортиқча вазн
Эркакларда ортиқча вазн – бу фақатгина ташқи кўриниш нуқсони эмас. Аслида ёғ ҳужайралари тестостероннинг антогонисти бўлган эстероген гормонини ишлаб чиқариш учун фабрика вазифасини бажаради. Бундан ташқари ёғ ҳужайраларида тестостерон эстероген гормонига айланиши ҳам мумкин.
Тартибсиз жинсий ҳаёт
Жинсий ҳаётни актив олиб бориш тестостерон миқдорини оширади. Аммо бетартиб, тез тез жинсий алоқа ҳам тестостерон миқдори қайтар эффект натижасида камайиб кетиши мумкин. Ҳафтасига 2-3 марта етарли.
Алкогол
Машҳур тушунча бор – алкоголга бўлган мойиллик эркакликдан далолат беради. Бу сафсата. Аниқланишича, алкогол марказий нерв тизимига таъсир этиб, эркаклик гормонларини ҳосил бўлишига жавобгар марказлар ишини ўзгартириб юборади ва қайтар эффект натижасида тестостерон гормони эстерогенга айлана бошлайди. Пиво ичишни яхши кўрувчилар хурсанд бўлаётган бўлсалар керак, чунки пиво таркибида алкогол кам миқдорда. Беҳуда гаплар, аксинча пиво таркибида эстероген миқдорини оширувчи моддалар кўп. шундай экан пиво қолган ўткир ичимликларга қараганда кўпроқ зарар қилар экан.
Стресс
Стресс пайтида организмда махсус гормон – кортизол миқдори кўпаяди. Бу гормон тестостерон миқдорига тўғридан тўғри таъсир қилмайди. Кортизол тестостерон рецепторларини блоклаб қўяди. Тестостерон эса бефойда бўлиб қолади. Шунинг учун стресс пайтида эркакларда тестостерон етишмовчилигида кузатиладиган белгилар намоён бўлади.
Етарлича ухламаслик
Деярли барча эркакларга маълум тонгда уйғонгач спонтан равишда эрекция бўлиши. Бу жараён тонг пайтидаги тестостерон миқдорининг максимал даражага етиши билан боғлиқдир. Гормоннинг кўп миқдори тунда синтезланади.
Бирор бир касаллик
Кўпгина соматик касалликларда ҳам тестостерон миқдори камаяди. Айниқса андроген системасига боғлиқ бўлган касалликлар, масалан простатит. Бироқ яна бир қатор касалликлар, диабет, гипертония, ёғ алмашинуви бузилиши, лейкоцитоз каби касалликлар ҳам гормон миқдорига таъсир кўрсатади.
Медикаментоз даво
Баъзи дори препаратлари қабул қилиш натижасида ҳам тестостерон миқдори маълум вақтга камайиши мумкин. Масалан карбомезапин, верошпирон, тетрациклин, магний сульфат ва глукокортикостеродиларни узоқ муддат қабул қилганда тестостерон камаяди. Аммо препарат қабул қилиш тўхтатилса гормон миқдори нормага қайтиши мумкин.
Ташқи муҳит ифлосланиши
Замонавий сивилизация организмимизни кимёвий моддалар билан заҳарламоқда. Булар организмдаги тестостерон миқдорига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса автомобильлардан чиқаётган газлар. Илмий изланишлар шуни кўрсатадики ёқилғИ қуйиш шаҳобчаларида ишлайдиган ишчиларда тестостерон миқдори камайган. Кундалик гигиена воситалари таркибидаги бисфенол моддаси ҳам эркаклик гормонларига салбий таъсир кўрсатади. Бисфенол шампун, лосён, суюқ совун ва шу кабилар таркибида кўп бўлади.
Тестостеронни кўпайтириш мумкинми?
Агар сиз тестостерон миқдорини қандай кўпайтиришни билмасангиз шифокор мутахассисга мурожаат қилинг. Аммо баъзи бир факторларни ҳам ҳисобга олишингиз керак, гормон миқдори камайиши кўпгина омилларга боғлиқ. Маълумки тестостерон сақловчи гормонал препаратлар мавжуд, лекин уларни эндокрин тизимида патологиялар бўлсагина қабул қилиш тавсия этилади ва у табиий тестостерон ўрнини боса олмайди. Хўш, тестостерон миқдорини табиий йўл билан қандай оширса бўлади?
Тестостеронни табиий усуллар билан ошириш
Спорт билан шуғулланиш
Спорт билан мунтазам шуғулланган эркакларда тестостерон билан боғлиқ муаммолар учрамайди. Энг самаралиси мушаклар массасини оширувчи машқлар (тренажерлар) билан шуғулланиш. Албатта бунда керагидан ортиқ шуғулланиш ҳам тавсия этилмайди, чунки организм буни стресс деб қабул қилиши мумкин. Ҳафтасига 2-3 марта, бир кунда 1 соат шуғулланиш кифоя.
Овқатланишни кучайтириш
Тестостерон миқдорини ошириш учун овқатланиш тартибини тузиш керак, ортиқча овқатланмасдан кунига 3-4 марта ва уйқудан камида 3 соат олдин овқатланиш керак. Керакли бўлган углевод, ёғ, оқсил ва микроэлементлар нисбатини ҳам тўғирлаш керак.
Холестерин. Организмдаги тестостероннинг кўп миқдори холестериндан синтезланади. Шунинг учун холестеринни кўп сақловчи маҳсулотлар истеъмол қилиш керак. Улар қуйидагилар:
- Балиқ;
- Гўшт;
- Жигар;
- Тухум;
- Икра;
- Сут ва сут маҳсулотлари.
Бу ерда «ёмон холестерин» миқдорини ҳам ҳисобга олиш керак, у юрак қон тизимида жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Рух микроэлементи. Организмда гормон миқдорини оширишда рухнинг ҳам ўрни катта. Бу элемент гормон синтези учун тўғридан тўғри керак. У балиқ, ёнғоқ, писта, қовоқ уруғи, сир ва баъзи сабзавотларда кўп бўлади.
Озиқланиш бўйича оддий маслаҳатлар
Овқат тартибида селен, C ва B витаминлари, алмаштирилмайдиган аминокислоталардан аргинин (гўшт, тухум, нўхат, кунжут, писта, творог, арахис, сут таркибида кўп), ўсимликлардан – карам, брокколи каби маҳсулотлар кўп бўлиши керак. Бундан ташқари оддий сувнинг ҳам ўрни жуда катта, камида бир кунда 2 литр сув ичиш керак. Алкогол билан бирга мунтазам кофе ичиш ҳам тестостерон миқдори камайишига олиб келади. Яна бир маҳсулот соя ҳам эстероген синтезини кучайтириб юборади.
Кимёвий заҳарлар таъсир
Тестостерон миқдорини ошириш учун кимёвий заҳарланишни ҳам камайтириш керак. Бунинг учун вақти-вақти билан шаҳардан ташқарига, очиқ дала, тоғларга чиқиб туриш керак. Автомобильда ҳаракатланаётган пайтда ёки «пробка»ларда қолиб кетганда машина ойнасини охиригача ёпиш тавсия этилади. Бундан ташқари шахсий гигиена воситаларидан фойдаланганда ҳам меъёрга эътибор қаратиш керак. Оддий тиш ювиш пастасида ҳам бисфенол моддаси кўп бўлганлиги сабабли тишларни ювиш учун нўхат катталигидаги ҳажмда ишлатиш керак.
Уйқу
Тестостерон миқдорини ошириш учун етарлича ухлаш керак. Суткада камида 7 соат ухлаш лозим, ҳохишга кўра 8-9 соат. Аммо уйқу юзаки эмас, чуқур бўлиши керак.
Мунтазам жинсий алоқа қилиб туриш
Эркаклик гормонларига мунтазам жинсий алоқа қилиб туриш ҳам яхши таъсир кўрсатади. Албатта бунда ўзингизнинг жуфти ҳалолингиз билан бўлгани мақсадга мувофиқ.
Офтобда тобланиш
Тестостерон миқдорини ошириш учун тез тез офтобда тобланиб туриш тавсия этилади. Чунки қуёш нурлари таъсирида организмда Д витамини синтезланади. Бу витамин эса гормон синтези учун аҳамиятлидир.
Тестостерон миқдорини оширувчи препаратлар
Гормон миқдорини оширувчи препаратлар қатъий шифокор назорати остида қабул қилиниши керак ва улар дорихоналарда шифокор рецепти асосида берилади. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
- Тестостерон пропионате;
- Тестостерон ундеканоат;
- Провирон;
- Гормон ажралишини стимулловчилар (Сикло-Болан, Паритет, Витрикс, Энимал Тест).
Тестостерон миқдорини оширувчи препаратлар ва потенцияни оширувчи препаратларни адаштирмаслик лозим. Биринчи препаратлар гормон миқдорини ошириш йўли билан потенцияни ҳам оширади.