Ғарб олимларининг тадқиқотларига кўра, эркакларнинг узоқ умр кечириши жинсий ҳаётдан оладиган лаззатланиш миқдори билан узвий боғлиқ эмиш..
Мутахассислар бунинг сабабини инзол пайтида қонга лаззат гормонлари – эндорфинларнинг кўпроқ миқдорда тушиши билан боғлайдилар. Бошқа жисмоний фаол ҳаракатлар каби меъёрий жинсий муносабат ҳам зиқликни бартараф этиб, асаб-руҳий тизим ва бошқа аъзолар фаолиятига ижобий таъсир этади. Албатта, ушбу ўринда эркак кишининг ўз хасми ҳалоли-рафиқаси билан бўлган муносабати назарда тутилмоқда. Зино эса, аксинча эрлик кушандаси эканлиги шубҳасиз.
Агар эр-хотин ўртасидаги жинсий муносабат икковларини ҳам тўлақонли қаноатлантирадиган даражада бир маромда, режали тарзда муттасил амалга оширилса, унинг қуйидаги шифобахш жиҳатларидан баҳраманд бўлиш мумкин:
Биринчидан, жинсий муносабат фаол жисмоний ҳаракат бўлганлиги боис, киши бир маротабалик интим яқинлик давомида спортчининг ярим соат шуғулланганига тенг миқдордаги энергияни йўқотади. Бу эса, танадаги ортиқча юкни бартараф этиб, аср таҳдиди бўлган семизликнинг олдини олади.
Иккинчидан, яқинлик пайтидаги тананинг фаол ҳаракатлари сон, думба, бел ва тос мушаклари фаолиятини кескин кучайтириб, ундаги қон айланиши, модда алмашинуви каби кўплаб жараёнларга ижобий таъсир этади.
Учинчидан, жинсий яқинлик учун зарурий биофаол тестостерон моддасининг ишлаб чиқилишининг кучайиши боис, инсон суяк-мушак тизими мустаҳкамланади.
Тўртинчидан, бошқа жисмоний фаоллик талаб этувчи спорт турлари каби жинсий муносабат ҳам қондаги иммуноглобулин моддаси миқдорининг кўпайишига сабаб бўлар экан. Шу туфайли ҳам бу тоифа кишиларда турли яллиғланиш касалликлари камроқ учраши кузатилар экан.
Бешинчидан, мунтазам жинсий муносабатни тарк этмаслик ички жинсий аъзолар-простата бези, уруғ пуфакчалари, мояклар кабиларда димланиш ҳолатининг рўй бермаслигини таъминлайди. Натижада, орхит, простатит, эпидидимит, везикулит каби нохуш хасталикларнинг олди олиниб, келажакда жинсий заифлик каби нохуш дардларга йўл очилмайди.
Олтинчидан, тўлақонли жинсий муносабат пешоб қопчаси жом мушаклари мустаҳкамлигини таъминлайди. Бу эса, қовуқ бўшлиги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олади.
Еттинчидан, режали, маромида олиб борилган жинсий муносабат (агар ўта зўриқишга йўл қўйилмаса) юрак-қон томир тизимига сезиларли ижобий таъсир этади.
Саккизинчидан, бошқа жисмоний ҳаракатлар каби жинсий яыинлик ҳам танадаги қувватнинг йўқотилишига олиб келади. Бу ҳол эса, иштаҳанинг кучайиб, ошқозон – ичак тизимидаги ҳазм жараёнларининг ҳам меъёрлашувига олиб келиши билан беназирдир.
Тўққизинчидан, мунтазам тарзда, режали жинсий ҳаёт кечирувчиларда барвақт қартайиш-климакс ҳолатининг енгил ўтиши кузатилади. Гоҳо эса, эркакларда бу нохуш даврнинг мутлоқ рўй бермаслиги айнан жинсий фаолиятнинг маромида олиб борилиши билан боғлиқлиги аниқланган.
Ўнинчидан, меъёрий жинсий муносабатда яшовчи эр-хотинларда ўсма (саратон) касалликларининг кескин кам учраши кўплаб илмий манбаларда келтирилган.
Юқоридагиларни келтиришдан мақсад жинсий муносабатга ҳарисмандликни асло рағбатлантириш эмас. Чунки, ҳар бир инсонга фақат ўзига хос бўлган меъёр ва имкон ато этилган. Зеро, жинсий алоқага беҳад ружу қўйишнинг салбий жиҳатлари ҳақида кейинги мақолаларда тўхталиш ниятидамиз. Мисол учун, айрим ғарб олимлари аёлига хиёнат қилишга одатланган эркакларнинг аксарияти гўёки кучли жинсий қувватга эга бўлишларини эътироф этишади. Зеро, айнан ўша зинокор тоифаларда инфаркт ва инсултдан вафот этиш хавфи бошқаларга нисбатан 3-3,5 маротаба юқорилиги аллақачон ўз илмий исботини топган.
Tib.uz nashri