Бачадон найининг яллиғланиши тиббиётда сальпингит деб аталади, оофорит – тухумдонларнинг яллиғланиши. Ҳар икки касалликнинг бир пайтда кечиши эса сальпингоофорит номи билан юритилади.
Бепуштликка олиб келиши мумкин!
Микробларнинг организмга тушиш йўлига кўра касаллик бирламчи ва иккиламчи турларга бўлинади.
Бирламчи сальпингоофорит
Бирламчи сальпингоофоритда микроблар пастки жинсий йўллардан, жинсий алоқа вақтида, бачадон ичига турли хил асбоблар кириши билан боғлиқ муолажалар (бачадонни қириш, бачадон найларини очиш амалиёти), бачадон ичи воситаси (спирал) қўйиш вактида тушади.
Иккиламчи сальпингоофорит
Иккиламчиси эса яқин аъзолардаги яллиғланиш (аппендицит, тўғри ичак яллиғланиши) ёки қон, лимфа орқали микроблар тушиши натижасида юзага келади.
Хламидийли инфекция туфайли юзага келган сальпингоофорит секин-аста ва яширин кечиб, кўп ҳолларда бачадон найининг беркилишига ва бепуштликка олиб келади.
Ўткирми ёки сурункали?
Микроб тушиши натижасида дастлаб бачадон найининг шиллиқ қавати юзаки яллиғланади. Бунда най ичи қизариб, шишади. Кичик томирларда қон айланиши бузилади. Тўқималардаги жароҳат натижасида най ичидаги бурмалари ўзаро ёпишиб қолади. Натижада сероз ёки йирингли суюқлик билан тўлган бўшлиқлар ҳосил бўлади. Шунингдек, найнинг қорин бўшлиғига очилган томонида яллиғланиш суюқлиги қорин бўшлиғига оқиши ва бунинг натижасида найнинг шу қисмида ўтказувчанлик бузилиши мумкин. Ёпилган икки қисм ўртасида йиринг ёки бошка суюқлик тўпланган қопча ҳосил булади. Жараёнга тухумдон ҳам қўшилиб, сальпингоофорит ривожланади.
Ўткир сальпингоофорит
Ўткир сальпингоофорит яққол ифодаланган белгилар билан бир қаторда яширин ҳам кечиши мумкин. Беморлар кўпинча қорин пастидаги оғриқлар, оғриқларнинг бел ва тўғри ичакка тарқалишидан шикоят қилишади. Уларни кўнгил айниши, титраш, умумий ҳолсизлик, оғиз қуриши, сийишнинг бузилиши, ичакларнинг дам бўлиши каби ҳолатлар безовта қилади. Беморнинг пульси тезлашади, қонда лейкоцитлар миқдори ошади. Пайпаслаб кўрилганда қориннинг пастки қисмлари оғриқли, ҳатто қорин олд деворининг таранглашишини сезиш мумкин. Бундай касаллик билан оғриган аёлларнинг ҳайз фаолияти доим ҳам бузилавермайди. Гинекологик кўрик вақтида бачадон ортиқларининг катталашганини ва оғриқли эканлиги кўрилади. Баъзан оғриқ сабабли бемор бачадон ортиқларини пайпаслагани қўймайди. Сўнгги йилларда касаллик диагностикаси ва даволаш учун лапароскопия ҳам муҳим рол тутмоқда.
Сурункали сальпингоофорит
Ўткир сальпингоофорит ўз вақтида даволанмаслиги натижасида касаллик сурункали шаклга ўтади. Сурункали сальпингоофоритда бачадон найи шиллиқ ва мушак қавати ўзининг хусусиятларини йўқотади. Натижада бириктирувчи тўқима ривожланиб, най ва тухумдон атрофи чандиқлари ривожланади. Бу эса найнинг ўтказувчанлиги бузилишига олиб келади. Касалликни сурункали шаклда ривожланишига кўпинча хламидийли инфекция сабаб бўлади. Шунингдек, герпес вируси (учуққа сабаб булувчи вирус) ҳам касаллик кечишини оғирлаштиради.
Касалликнинг клиник кўриниши турлича бўлиб, беморлар кўпинча қорин пастидаги тўмтоқ оғриқлардан, оғриқнинг қинга, белга, чов бурмасига тарқалишига, ҳайз кунлари ва совқотганда кучайишидан шикоят қилишади. Оғриқ тос нерви бўйлаб таркалиб, унинг характери най яллиғланиш даражасига кўпинча мос келмайди. Сурункали касаллик аёлнинг жинсий ҳаётига, ҳайзига таъсир қилиб, бепуштлик, бачадондан ташқари ҳомиладорликка сабаб бўлади. Касалликнинг узлуксиз узоқ давом этиши ёки тез-тез қайталаниши аёлнинг руҳий ҳолатига ёмон таъсир этиб, унинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада ёмонлаштиради.
Даволаш усули
Даволаш усулини танлаш касалликнинг босқичига боғлиқдир.
Сурункали сальпингоофоритнинг ремиссия (сусайиш) босқичида оғриқ қолдириш мақсадида физиотерапевтик муолажалар ўтказилади. Бунда аёлга ультратовушни пульс режимида юбориш, балчиқли ванналар, мишьякли, натрий хлоридли сув, индуктотерапия, игна билан даволаш яхши самара беради. Касаллик бачадон миомаси, эндометриоз ёки мастопатия билан бирга кечганида радонли ёки йод-бромли сувлар, йод, йод ва рухни электрофорез ёрдамида юбориш фойдали. Тухумдон фаолияти сустлашиши билан келганида эса балчиқли ванналар, вибрацион уқалаш, импульсли режимдаги ультратовуш, паст частотали импульсли ток, шунингдек, мис билан электрофорез қилиш лозим.
Антибактериал воситалар касалликнинг қўзиш даврида ва ўткир сальпингоофоритда қўлланилади.
Кичик тосда ривожланган чандиқли жараён ва сурункали оғриқда, консерватив даво самара бермаган анатомик ўзгаришлар билан кечувчи сурункали сальпингоофоритда, яллиғланиш жараёни тез-тез қўзғашида, най ёпиқлиги исботланган бепуштликда, сурункали яллиғланиш билан кечувчи тухумдон кистаси ёки бошка ўсма ҳосилаларида жарроҳлик усулида даволаш лозим. Операциядан кейинги даврда беморга ҳайз ва репродуктив фаолиятини тиклаш борасида муолажалар (фармакотерапия, физиотерапия, санатор-курорт даво, даволаш жисмоний тарбияси) ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Ўхшаш мақола: Тухумдон яллиғланиши қандай касаллик?