Гимен, яъни иффат пардаси қин даҳлизи ва унинг бўшлиғи орасида, тахминан, 1,5-3 см ичкариликда жойлашган шиллиқ қават бурмаларидан иборат бўлади.
Бокира қизларда қин тешиги ташқаридан кирилган томондан нозик бириктирувчи тўқимали номус пардаси билан қопланган бўлади. Иффат пардаси ҳомиладорликнинг бешинчи ойидан бошлаб она қорнида шаклланади. Бу шиллиқ қават бурмалари қинга кириш ҳудудини 0,5 смдан — 2 смгача бўлган қалинликда қоплаган.
Ҳайз қони чиқиб туриши учун бокиралик пардасининг бир ёки бир неча жойида меъёрий тешиклари мавжуд бўлади.
Қизлик пардасининг энг кўп учрайдиган тури — марказида бир халқасимон тешиги мавжуд хилидир.
Қизлик пардасининг турлари
Анатомик тузилиши бўйича қизлик пардасининг қуйидагича турлари тафовут қилинади:
- Халқасимон бир тешикли;
- Ярим ой шаклли;
- Найсимон тусли;
- Қўш паллали;
- Оролчасимон, яъни турли жойларида ўсимта қолдиқли иффат белгиси;
- Спиралсимон тусли;
- Панжара шаклли, яъни кўп тешикли қизлик пардаси;
- Лабсимон тусли, яъни қўш тешикли гимен;
- Тилимсимон шаклли;
- Тешиклари илғаб бўлмайдиган шаклли.
Қизлик пардасини бўшанг ёхуд қаттиқлиги, яъни консистенциясига қараб тўрт турга ажратиш мумкин:
- толасимон;
- бўшашган, майинроқ;
- эластик-чўзилувчан;
- гўштдор.
Қандай ҳолларда илк қовушишда оғриқ ва қон чиқиши кузатилмаслиги мумкин?
Камдан-кам вазиятларда дастлабки қовушишда оғриқ ва қон чиқиш ҳоллари учрамаслиги ҳам меъёрий ҳолат ҳисобланади. Бу аломатлар қуйидаги ҳолларда рўй бермаслиги ҳам мумкин:
- Қизлик пардаси туғма бўлмаслиги ёхуд болаликда ўзи билмаган ҳолда нохос бузилган бўлиши мумкин.
- Қизлик пардаси ўта чўзилувчан бўлса, жинсий алоқага монелик қилмай, закар бошига либосдек кийилган ҳолда анча вақтгача йиртилмаслиги мумкин.
- Иффат пардаси қон томирлар ва асаб толалари билан ўта сийрак таъминланса ёки улардан бутунлай ҳоли бўлса қон чиқиши ва оғриқ рўй бермаслиги ҳам мумкин.
- Тажрибасиз куёв дастлабки қовушишдан сўнг келинчакни чўккалатиб ўтқазиб қўйишни унутса, оз миқдорда чиққан қоннинг барчаси ичкарига кетиб қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу эса асоссиз тушунмовчиликларга сабаб бўлади.
- Агар келинчак ўта жуссадор, кенг фаржли ва аксинча эркак олати узун энсиз бўлса ҳам закар парда ўртасидаги халқасимон тешикдан шикаст етказмай ўтиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
- Чуқур жойлашган, қўштавақали, енгил чўзилувчан, этдорроқ қизлик пардаси жинсий алоқада йиртилмай, туғруқ давригача шикастсиз етиб бориши ҳам ҳаётда гоҳо учраб туради.
Юқоридаги мақола орқали қизлик пардаси ҳақида озмунча тушунчага эга бўлдингиз деб ўйлаймиз.
Энди сарлавҳа орқали кўтарган қизлик пардаси бокиралик мезоними бўла оладими, деган саволимизга аниқлик киритиш мақсадида эксперт андролог Зарифжон Муродовга юзландик:
Қизлик пардаси тўлақонли равишда бокиралик мезони бўла олмайди. Қизлик пардаси туғма бўлмаслиги, ёш қизларнинг жисний аъзолар гигиенасидан уқувсизлиги оқибати, парда қон томирлар ва асаб толалари билан ўта сийрак таъминланганлиги, тажрибасиз куёвнинг бу борада уқувсизлиги ва мақолада таъкидланган, умуман, бошқа кўплаб сабаблар туфайли қизлик пардаси бокиралик мезони дейишимиз нотоғри бўлади.
Бокираликка мезон сифатида аслида қизлик пардадан ташқари, аёлнинг ибо-ҳаёси, ор-номусини ҳисобга олишимиз керак.
Фойдали мақола: Келинчакнинг бокира эмаслиги шубҳа қилинса, момоларимиз қандай йўл тутишган?