Албатта қиз боланинг жинсий тарбиясида кўплаб ўзига хос жиҳатлар мавжуд. Аксари ота-оналар гўдак қизалоқларидаги айрим меъёрий ҳолатларни дард аломатлари деб ўйлашади.
Хусусан, гўдак сийналари, яъни сут безларининг вақтинчалик бироз қаттиқлашиши ёки гоҳида қизалоқ жинсий йўлларидан бирозгина қизғиш суюқлик чиқиши ўткинчи меъёрий ҳоллардир. Қиз бола, тетапоя бўла бошлаган даврданоқ ташқи таъсиротларга ўта сезувчан бўлади.
Қизалоқ бир ёшга тўлгунга қадар унинг суяк тузилиши тўғри ривожланишига аҳамият бериш зарур. Жумладан, рахит касаллигида скелет мускулатураси тонусининг ошиши қиз бола чаноғининг тор ва яссироқ бўлиб қолишига олиб келади. Бу ҳол ўз навбатида жинсий аъзолар ривожига ҳам акс таъсир кўрсатади.
Гоҳо улғайиб турмуш қурилганда одатий туғруқ йўлларининг торлиги боис, туғиш асоратли кечишига ҳам болалик давридаги бефарқ муносабат сабаб бўлиши мумкин. Гўдак беқиёс она сути ва табиат неъматларидан қанча узоқ муддат баҳраманд бўлса, унинг зуваласи шунча пишиқ бўлади. Рахитни имкон қадар тезроқ, шифокор назоратида D-гуруҳидаги дармондориларни тайинлаш, қуёш нуридан баҳраманд этиш билан даволаш лозим.
Қизалоқни йўргак касалликларидан асранг
Гўдак қизалоқни иложи борича, йўргак касаллигидан асраш лозим. Чақалоқ узоқ вақт таги ҳўл ҳолатда ётиши натижасида, тери бичилиши, жинсий аъзолар ҳудуди таъсирланиб, шишиши ва қизариши каби асоратларга олиб келиши билан хатарлидир. Таглик синтетик бўлмаган оддий материалдан бўлиб, яхшилаб ювилиши ва зарарсизлантирилиши, қулай бўлиши мақсадга мувофиқ.
Чўмилтиришда ҳар хил шампунларнинг ишлатилиши ҳам қизларда ташқи жинсий аъзоларнинг жумладан, вулванинг аллергик яллиғланишига олиб келиши билан хатарли. Болакайларни тўғри кийинтириш, иштончаларни тез-тез алмаштириб туриш ҳам зарур. Қиз болалар иштончаларининг почаси ёпиқ бўлиши, жинсий аъзоларни совуқ қотишдан ҳамда турли хатарли нопокликлар билан булғанишдан сақлаши билан қулайдир.
Мактаб ёшидаги қизлар парвариши
Мактаб ёшидаги қизалоқларда анча тортинчоқлик, уятчанлик устувор бўлишини ота-оналар ва муаллимлар кўзда тутишлари жоиз. Зеро, қизалоқларда пешоб қопи ва тўғри ичакнинг тўлиб кетиши, яъни ҳожатга эҳтиёжманд бўлса-да, қимтиниб ўз пайтида чиқмасликлари бачадоннинг жойидан сурилиб, аста-секинлик билан эгилиб қолиши каби хатарли асоратга олиб келади. Бундай ҳолатлар кейинчалик бепуштликка ҳам сабаб бўлишини унутмаслигимиз жоиз.
Шу сабабли ҳам дарс ўтилаётган пайтда қизлар учун ҳатто рухсатсиз бирровга чиқиб келишларига қаршилик қилинмаса, назаримда айрим кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинган бўларди.
Қиз бола жинсий тарбиясида расида бўлиш даврига қадар қуйидаги ҳолларга аҳамият беришлик жоиз:
- қиз бола бир ёшдан бошлаб фақат онаси ёрдамида чўмилтирилиши, ака-укачалари билан бир ваннада чўмилмаслиги лозим;
- ўғил болалар хуш кўрувчи тойчоқ, велосипед каби тос аъзоларини таъсирлантирувчи ўйинчоқлар, қизалоқларда клитор сезувчанлигини ошириб, иффат пардасига дарз етказиш эҳтимоли мавжудлигини унутмаслик керак;
- қизалоқлар ота-она жинсий муносабатидан имкон қадар бехабарроқ бўлиши жоизлиги сабаб, ётоқхоналар алоҳидалиги, ички кийимларнинг эса кўздан йироқ бўлганлиги маъқулроқдир;
- жинсий аъзолар озода тутилиши зарур; ўғил болаларнинг тор, баданни таъсирлантирадиган кийимларини, хусусан, шимларини кийиш ҳам қизалоқларга салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.
Юқорида асосан балоғат сари одимлаётган қизалоқлар жинсий тарбиясидаги ўзига хосликлар ҳақида фикр юритилди. Умуман балоғатгача ва балоғат давридаги ўзгаришлар нималарда намоён бўлади?
Балоғат даври босқичлари
Қиз болалар расида даври тахминан 9 ёшлардан бошланади. Шартли тарзда бу жараённинг қуйидаги босқичларини тафовут этиш мумкин:
- 9-11 ёшли қизларда (айримларда 8,5 ёшдан 11,5 ёшгача) тос, думғаза суякларининг сезиларли ўсаётганлиги кузатилади;
- 10-11 ёшларда (айримларда 9,5 ёшдан 12 ёшгача) қорин пасти, қов ҳудудларида аёлларга хос яккам-дуккам, майин туклар пайдо бўлиши ва кўкрак безларининг сезиларли ўсиши кузатилади;
- 11-13 ёшларда (айримларда 10-15 ёшларда) ташқи ва ички жинсий аъзоларнинг кескин ривожи кузатилади. Қов туклари кўпайиб, кўкрак безлари кескин катталашиб, унинг учида рангдорлик пайдо бўлади;
- 13,5-14 ёшларда (баъзиларда 9-16,5 ёшларда) кескин ривожланиш рўй бериши натижасида қўлтиқ ости мўйлари пайдо бўлади ҳамда илк ҳайз кўриш жараёни кузатилади. Орадан кўп ўтмай бу қизлар организмида ҳомиладор бўлишлик имконияти рўй беради;
- 15,5-17,5 ёшларга тўлгач, қизларда суяк, яъни бўй ўсиши тўхтайди. Овозлари истиғноли, майинлик билан чулғаниши, ҳуснбузарлар тошиши ҳам шу ёшларга хосдир. Ҳар ойнинг маълум кунларида ҳайз жараёни рўй бериши одатий маромга тушиб олади.
Балоғат давридаги ўзгаришлар
Балоғат ёшидаги қизларда тананинг нотекис ўсиш жараёни бошланади. Соннинг ёғ тўплаши, сийналарнинг катталашиши, чаноқ суяклари кенгайиши, думба ҳудудининг эт олиши ва сезиларли тўлишишлар шулар жумласидандир.
Кескин ўсиш жараёни билан биргаликда ўспирин қиз руҳиятида ҳам ўзига хос ўзгаришлар рўй бериб, сиқилувчанлик, қимтиниш каби ҳолларга мойиллик кузатилади. Айрим қизлар кўкракларининг диркиллашидан андиша қилиб, кўксиларини ичга тортиб юрадилар. Бу эса гавданинг меъёрий ўсишига салбий таъсир этиши туфайли, нафас олиш аъзолари ва юрак хасталикларининг вужудга келтириши мумкин.
Айрим қизлар эса узоқ вақтгача кўкракларини бирор материал билан сиқиб ўраб юрадилар. Натижада, сийналар ялпайиб, хунуклашиб кетиши билан бир қаторда, келажакда кўкрак бези касалликлари вужудга келишига маълум даражада сабаб бўлади. Бу ёшдаги қизлар ҳар жиҳатдан қулай, иқлимга мос, табиий, одми матодан қилинган сийнабанд тақсалар бас, ҳушқомат ва соғлом бўлишлари шаксиздир.
Балоғат ёшидаги қизларнинг оғир юк кўтаришлари қин ва бачадоннинг пастга тушиш дардига олиб келиши билан хатарлидир. Кўпгина, оналар гинеколог шифокор маслаҳатига фақат қизлари турмушга чиққандан сўнггина зарурат бор, дея хато ўйлашади. Натижада, балоғат ёшидаги қизларнинг жинсий аъзо касалликлари назардан четда қолиб, ўз вақтида даволанмаслиги боис, ҳар хил хатарли асоратларга, жумладан бачадон ёки тухум йўлларининг қайрилиб қолишига олиб келади.
Умуман олганда, ҳар қандай қизалоқни ҳам болалар гинекологи кўригидан ўтказиб турилиши бугунги кун талабидир.
Диққат, биз сайтимизда аввалроқ ёш ўгил болаларда кузатилиши мумкин бўлган репродуктив тизим касалликлари ҳақида маълумот берган эдик. Ушбу мақолани ҳам ўқишингизни тавсия этамиз: Болани бепуштлик дардидан асранг