Соғлом оила - соғлом келажак

Пейрони (Эркаклар касаллиги)

​Пейрони касаллиги пенис (жинсий олат)ни атрофини ўраб олувчи “туника албугенеа” оқсил пардасининг коллагенларидаги ўзгариш натижасида келиб чиқади. Ўзгаришлар маълум жойдаги фиброз бляшка (чандиқ) ҳосил бўлиши ва шу жойга боғлиқ ҳолда эрекцияда оғриқ, калталаниш ва эгрилик келиб чиқади. Бундан ташқари бу беморларнинг 20 – 40% да эректил дисфункция (қаттиқлашиши (туришини) қийинлашуви) ривожланади. Асосан 40-70 ёшлар орасида учрайди, баъзан ёшларда ҳам учраб туради. Умумий эркаклар орасида 3,2% ҳолларда, 50 -70 ёшлар орасида 7,1% ҳолларда учрайди.

Пейрони касаллиги

​Пейрони касаллиги cабаблари

Касалликни тўла тушинтириб берадиган сабаблари маълум эмас. Витамин Е камайиши, баъзи дори воситаларини (пропанолол, метотрексат) узоқ муддатли қабул қилиниши натижасида ривожланади деган фикрлар ҳам бор. Бундан ташқари организмдаги тўқималарнинг касалликка қарши жавоб реакцияларининг ҳам аҳамияти бор. Қандли диабет, узоқ вақт сигарет чекиш ёки сийдик йўлларидаги операциялар асорати сифатидан ҳам ривожланиши мумкин. Жинсий алоқа вақтида(hard sex, woman on top) пениснинг кичик травмалар олиши ва у ерда яллиғланиш ривожланиши сўнгра фиброз тўқима бляшка ривожланиши ҳақидаги фикрлар ҳозирги кун учун асосий теориядир.

Ташхис қўйиш ва уни баҳолаш

Одатда анамнез ва объектив кўрик билан диагноз қўйиш имкони мавжуд. Бундан ташқари бемор анамнезида касалликни пайдо бўлиш вақтига ва шаклига (ўткир ёки сурункали), ривожланишига, қўлланилган дори воситаларига эътибор бериш лозим. Жинсий анамнезида бемордан пенисни тўла эрекцияга эришишга қийиналишини сўраш керак бўлади. Объектив кўрилганда пенисдаги бляшка ўрнини аниқлаш, пенисни узунлигини белгилаш ва эрекция пайтидаги расмларини олиш ва эгрилик типини ва даражасини аниқлаш керак. Ёки мурожаат қилинган пайтда интракавернозал дори юборилиб баҳолаш мумкин.

Эректил дисфункцияси мавжуд беморларга Рангли Допплер Ултрасонография қилиш ва қон-томирларини баҳолаш керак бўлади. (ДИCC-динамик инфузион кавернозометрия-кавернозография; НПТ-ноктурал пенис тумэсанси; ларидан ҳам фойдаланса бўлади)

Диагностикаси осон бўлгани билан бошқа ҳасталиклардан дифференциал ташхис ўтказиш лозим бўлади: туғма пенис эгрилиги, пенил хордаси, вена тромбози, травма асорати сифатида ривожланган фиброз ва лейкоплакия натижасидаги инфилтрациялар асосан, баъзан бўлсада учраб турадиган эпитилоид саркома, ангиосаркома, пенис хавфли ўсмаларини метастазларидир.

Клиникаси

Асосан эрекция пайтида эгрилик, оғриқ, палпация қилса бўладиган бляшкалар ва ЭД (Эректил дисфункцияси) ёки буларни комбинацияларидир. Одатда кўпчилик бляшкани борлигини сезади(70% ҳолатларда) лекин сезмасликлари ҳам мумкин. Эгрилик бляшка тарафга қараган бўлади. Эрекция пайтидаги оғриқ ва бляшка касалликни актив даврини белгиларидан бўлиб 12-18ой давом этиши мумкин. Сўнг касаллик оғриқларни камаядиган ва эгриликни стабиллашадиган сурункали даврга ўтади. Асосан бляшкалар пенисни уст тарафида учрайди ва эрекция пайтида юқорига эгриликни келтириб чиқаради, базан юқорига-чапга эгрилик ҳам кузатилади.(умуман олганда жинсий олатни турли тарафга (8 хил) эгриликлари учраши мумкин). Бундан ташқари баъзи ҳолатларда пенисда “қум соати” ёки “оққуш бўйини” каби деформациялар ҳам учраб туради.

Деярли барча беморлар пенисини кичкиналашиб қолганига шикоят қиладилар.

Даволаш кўрсатмалари

Беморларнинг маълум бир гуруҳи ҳеч қандай шикоят билдирмайдилар, уларга бу касаллик ҳаёт учун хавфли эмаслиги ҳақидаги маълумотни бериш етарлидир. Ўткир даврда пенисдаги кучли оғриқ ва сурункали даврда жинсий алоқага кираолмаслик даволашга кўрсатма бўлади. Илмий изланишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики агар Пейрони касаллигига ҳеч қандай тиббий ёндашув кўрсатилмаса 30,2% да эгрилик янада ривожланади, 66,7%да эса стабил қолади, ўз-ўзидан тузалган беморлар 3%ни ташкил этади экан.

​Пейрони касаллигини даволаш

Консерватив даволаш

Ҳозирги кунда касалликда оғриқ, бляшка ва эгриликлари бўлган актив даврларида консерватив даво қўлланилмоқда. Кейинги пайтларда рентген, ултратовуш, лазер ва ESWL каби энергия ташувчиларини қўллаш фикрлари пайдо бўлган эди, лекин ҳозирча илмий асосланган ёндашув кўрсатилмаган.

3 хил даволаш методикаси мавжуд:

1. Орал (оғиз орқали, систематик) даволаш Витамин Е пейрони касаллигини даволашда кенг қўлланилган эди, чунки қўллаш осон, арзон, ножўя таъсирлари деярли йўқ. Бляшка ҳосил бўлишида рол ўйнайдиган эркин кислород радикалларини пайдо бўлишини олдини олади. Витамин Е билан даволашдан сўнг бляшка кичрайиши 20% , эгриликни тузалиши 33% ҳоллатларда кузатилган. 13% ҳолатларда пенисдаги оғриқларни йўқ бўлганлиги ҳам келтирилган.

Потасиум парабензоат (Потаба) актив даврда фойдаланиш тавсия қилинган бошқа бир препаратдир.

Потаба серотонин концентрациясини камайтиради ва фиброз тўқима пайдо бўлишини камайтиради. Бундан ташқари қиммат ва ОИТ (ошқозон ичак тракти)га ножўя таъсирлари ҳам бор. Эгрилик тузалиши 25,8%, бляшка кичрайиши 58% кузатилади.

Тамоксифен антиэсторген бўлиб буни ҳам фиброз тўқимани камайтириши ҳам айтилган шу мақсадда фойдаланилади лекин беморларда ОИТ ва соч тўкилиши каби ножўя таъсирлар келтириб чиқаради. Эгрилик 46,1%га, оғриқ 66,6%га, бляшка 30.7%га камайгани кузатилган.

Колхицин энг кўп ишлатилади. Яллиғланишга қарши, коллаген ишлаб чиқаришини камайтиради, толаларни эришига олиб келади. Оғриқни 95%га , эгриликни 30%га камайтиради.

2. Инекцион даволаш:

Бляшка ичига стероидларни юбориш яллиғланишга қарши таъсири туфайли узоқ вақтлардан бери қўлланилиб келган. Дексаметазон ва Триамсинолон ишлатилган. Укол қилингач 36% беморларда шикоятлари қисман ёки батамом йўқолган. Ножўя таъсириларидан тўқима атрофияси, фиброз ва пенис терисини юпқалашиши кузатилади.

Кальций канали блокаторлари коллаген тўқима синтезини ҳам блоклаши мумкин. Верапамил юборилган беморларнинг 91%да оғриқларни йўқолганлиги, 42%да эгриликни тузалганлиги, 57%да бляшка кичрайганлиги кузатилган.

Охирги пайтларда интерферронларни ҳам таъсири борлиги ҳақида маълумотлар берилган. Фибробластлар пайдо бўлишини ва коллаген ишлаб чиқарилишини камайтириш ҳусусиятларини назарда тутиб бляшка ичига юбориш таклиф қилинган. Даволаш натижасида оғриқни 90%га, эгриликни 65%ида тузалганлиги ва 85% бляшкаларни кичрайганлиги кузатилган. Интерферрон билан даволашдан сўнг пенисда сезиш қобилятини пасайганлиги ва укол қилинган ерда совуқ бир ҳис пайдо қилиши мумкинлиги ҳам келтирилган.

3. Физиотерапия билан даволаш:

ионлашган молекулаларни электрокинетик йўл билан тўқима ичига транспорти натижасида дори воситаларни пенис тўқималарида бир текисда тарқалишини таъминлаш мақсадида ионофорез қўлланилади. Лидокаин, дексаметазон, верапамил дори воситаларини турли комбинацияларда ионофорез қилинади. Оғриқ йўқолиши 96%да, бляшкалар 53%да, эгриликни тузалиши 37%да кузатилган.

Операцион даволаш

Пейрони касаллигидаги жарроҳлик даволаш, эгриликни тузатиш ва касаллик натижасидаги эрекция (жинсий олатни туриши қийинлашуви) муаммолари бўлган беморларга пенис ичига протез тақишдан иборатдир. Жарроҳлик даволаш консерватив давони эффекти бўлмаган беморларда бажарилади.

Операцияга кўрсатмалар:

  • Бир йилдан ошиқ даврда жинсий олатдаги кучли деформация, эгрилик мавжудлиги;
  • Эгриликни ва эректил дисфункцияни охирги 3 ойда стабил (ўзгармасдан) қолганлиги;
  • Жинсий алоқага кираолишга халақит бераётган пенисдаги эгрилик
  • Жинсий олатни ўта кичрайганлиги ҳолатларида

Пейрони касаллиги билан бирга эректил дисфункцияга шикоят қилган ва шикояти Рангли Допллер ультрасонография билан қон томир етарсизлик тасдиқланган беморларда одатда жинсий олат ичи протези тақилади. Жинсий олатни тузилишидаги фарқлар ва Пейрони касаллигидаги турли клиник кўринишлар туфайли маълум бир стандарт жарроҳлик амалиётини тавсия қилиб бўлмайди. Лекин дунёда тадбиқ қилинаётган операцияларни қуйдаги уч гуруҳда жамлаш мумкин:

  • Эгрилик мавжуд пениснинг ташқи тарафини қисқартириш;
  • Эгрилик мавжуд пениснинг ички тарафидан узайтириш;

Жинсий олат ичи протезлар тақиш операцияларидир.Қисқартирувчи операциялар жинсий олатдаги бляшкани қарши тарафидан турли хирургик усуллар ёрдамида жуда осонлик билан тўғрилаш мумкин. Жинсий олатнинг узунлиги етарли даражада бўлган беморларга, эрекцион ҳолати яхши ва эгриликни ўта юқори бўлмаган ҳолатларида қўллаш мумкин. Бу операция натижасида 82% ҳолатларда ижобий натижа олинади, жинсий олатни 1-1,5см.га қисқариши деярли билинмайди. Аммо 7% ҳолатларда эгриликни қайталаниши ва 4% ҳолатларди эрекцияда нуқсон кузатилиши мумкин.

Узайтирувчи операциялар юқори даражадаги пенис эгриликларида, узунлигини ўта қисқарган ҳолатларида ёки “қум соати” деформацияларида амалга оширилади. Бу операцияларнинг асосий мақсади ҳосил бўлган бляшкани кесиш ва ўрнини турли материаллар ёрдамида ямоқ (графт) билан тўлдиришдан иборатдир. Ямоқлар: инсоннинг веналаридан, мушак фасцияларидан, терисидан ёки синтетик (дакрон, гортекс) ёки ҳайвон маҳсулотларидан тайёрланиши мумкин. Ушбу ямоқларни ўзаро таққосланганда бир бирларида устун ва камчилик тарафлари мавжуддир. Лекин инсоннинг ўзидан олинган графт материаллар жуда осонлик билан тўқимага мослашуви ва яллиғланишларни чақирмаслиги туфайли ишлатиш жуда катта аҳамиятга эгадир. Аммо бунинг учун яна бир қўшимча операцион кесма ҳосил қилиш ва операция пайтини узайиши бу техник усул учун камчиликдир. Юқордаги бошқа материаллардан фойдаланилганда ҳам қиммат ҳам операциядаги яллиғланишни чақирилишини хавфини орттиради. Бу операция натижасида 85% ҳолатларда жинсий олат тўғриланади. Бундан ташқари жинсий олатнинг бўйи 2,2см.га узайиши ҳам мумкин.

Жинсий олат ичи протез тақиш операциялари Пейрони касаллиги ва эректил дисфункция мавжуд беморларда амалга оширилади. Агар бемор жинсий олатидаги эгрилик кичик даражаларда бўлса операция фақат протез жойлаштириш билан кифояланади. Агар протез жойлаштирилгач пениснинг эгрилиги тўғриланмаса ўша вақтни ўзида Willson (қарши букиш) техник усулидан 2дақ/3марта фойдаланиш мумкин. Шунга қарамай тузалмаса ректус графт усулдан фойдаланилади.

Ҳозирги кунда ривожланган мамлакатларда уч парчадан иборат шишириладиган протезлардан фойдаланилмоқда, операциядан кейинги даврда %95 беморлар ва уларнинг жуфтлари мамнун бўлишмоқда.

Операцияларда одатда умумий анестезия ёки спинал/эпидурал анестезия остида жуда кам ҳолатларда маҳаллий анестезиядан фойдаланилади.

Мутахассис: Зарифжон Муродов, андролог.
Манба: Andrology.uz