Соғлом оила - соғлом келажак

Аёллар учун: Овуляция кунлари

Ҳар бир аёл овулясия ҳақида қандайдир маълумотга эга бўлиши керак. Ҳомиладор бўлиш учун у жуда муҳим бўлса, ҳомиладорликдан сақланиш мақсадида ҳам ундан хабардор бўлиш керак. Овулясия ҳақида энг долзарб саволларга жавоб оламиз.

Овулясия кунлари

Нега мен овулясия кунларини билишим керак?

Овулясия ҳомиладор бўлиш учун энг муҳим давр ҳисобланади. Нормада аёлда бир ҳайз цикли давомида ўртача 6 кун ичида уруғланиш имконияти мавжуд бўлади. Айнан шу кунларда жинсий алоқа юз берса, аёл ҳомиладор бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлади.

Овулясия кунларини билиш айниқса, бепуштлик муаммоси юз берганда, жинсий алоқалар мунтазам бўлмаганда, ҳайз цикли ҳар хил бўлганида жуда муҳим бўлади. Шунда ҳомиладор бўлиш учун барча ҳаракат айнан ўша овулясия кунларига қаратилган бўлиши талаб этилади.

Қандай қилиб овуляция бўлаётганидан хабар топишим мумкин?

Баъзи аёллар ўзидаги гормонал ўзгаришларни кузатиш жараёнида ўз овулясия кунларини айта оладилар. Бу ўзгаришларга бел оғриши, қиндан кўпроқ суюқлик ажралиши ва бошқалар киради. Лекин бу аломатлар орқали овулясияни аниқ белгилаб бўлмайди.

Ундан ташқари аптекада сотиладиган овулясия тестлари ва ултра товушли диагностика овулясия бўлаётганини аниқ кўрсатиши мумкин.

Базал ҳарорат нима дегани?

Базал ҳарорат думба кириш жойи (анус) даги ҳароратга айтилади. Бу ҳароратнинг ўзгаришига қараб ҳам овулясияни аниқлаш мумкин. Чунки овулясияга сабабчи прогестерон гормони тана ҳароратини оширади.

Базал ҳарорат орқали овулясияни билиш:

Ҳар куни эрталаб ўриндан турмаган ҳолда ўз базал ҳароратингизни ўлчайсиз ва бир жойга ёзиб қўясиз. Овулясия яқинлашаётганда шу ҳарорат аста ортишни бошлайди. Айнан ҳарорат ортишидан 1-2 кун кейин сиз уруғланиш учун мойилсиз. Ҳарорат ошишини прогноз қилиш учун базал ҳарорат камида 3 ой давомида кузатилиб ёзиб борилиши керак. Шунда кейинги циклда тахминан ҳарорат кўтарилиши кузатилишидан сўнг жинсий алоқада бўлиш ҳомиладорликка олиб келиши мумкин. Ҳароратнинг кўтарилгандан сўнг пасайиши овулясия ўтиб кетганидан далолат беради. (Кўтарилиш ва пасайиш одатда 0.4-0.6 даражани ташкил этади)

Овулясия кунларини билиб ҳомиладорликдан сақлансам бўладими?

Баъзи аёллар ҳомиладор бўлмаслик учун овулясия кунларини билиб, шу кунларда жинсий алоқа қилмасликка ёки шу кунлари қўшимча сақланиш воситаларидан фойдаланишга амал қиладилар. Афсуски, бу йўл ҳомиладорликдан сақланиш учун қўл кела олмайди. Чунки овулясия содир бўлиши организмнинг умумий гормонал ҳолатига боғлиқдир. Ҳаттоки, асабийлашиш ҳам режадаги овулясия кунларини ўзгартириб юбориши мумкин.

Овулясия кунларини кутиб, айнан ўша кунлар оралиғида жинсий алоқада бўлсам, ҳомиладор бўлишим аниқми?

Албатта ҳомиладор бўлиш учун аёлда овуясия бўлиши даркор. Лекин ундан ташқари эркакнинг саломатлиги, аёлдаги бошқа гормонал ҳолатлар ва жинсий касаллликлар мавжу бўлмагани муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳомиладорликка тайёргарлик кўраётган аёллар овулясияга боғланиб қолиб фикри-хаёли уни ҳисоблаб, айнан ўша кунлари алоқада бўлишни мўлжаллаб стрессга тушмай, ўз ҳаётларини ҳар доимгидек давом эттиришлари керак. Стресс, баъзида овулясия бўлмаслигини ҳам келтириб чиқаради.

Аёл умуман овулайсия кунларини тахминан билиб, шунга мувофиқ йўл тутиши мақсадга мувофиқ бўлади. Лекин эртаю кеч барча ҳаракатини овулясяини ҳисоблашга қаратиб юрган аёлларда асабийлашиш кучли бўлиб, ҳомиладорлик юз беришига баъзида тўсқинлик қилиши ҳам мумкин.

Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Ҳайз цикли бузилиши  хавфлими?

Манба: Uzbaby.uz