Ҳомиладорликнинг 9 ҳафтаси – бўйида бўлган кундан бошлаб тахминан еттинчи ҳафтани ташкил этади. Тухумҳужайранинг уруғланган аниқ кунини белгилаш қийин бўлгани туфайли, бўйида бўлган пайтдан бошлаб олти ҳафта ҳам, тўлиқсиз саккиз ҳафта ҳам ўтган бўлиши мумкин.
Тўққизинчи акушерлик ҳафтаси ҳомиладорлик ҳолатининг учинчи ойини бошлаб беради. Албатта, атрофдагиларнинг ҳаммаси ҳам танангиздаги ташқи ўзгаришларни сеза олмайди, бунинг устига кайфиятингиз тез-тез ўзгариб туришининг асл сабабларини тушунмайди. Гап нимада эканлигини фақат эрта бошланувчи токсикоз ошкор қилиб қўйиши мумкин, лекин не бахтки, у ҳамма ҳомиладорларда ҳам бўлавермайди.
Бироқ аёл тўққизинчи ҳафтада ўзидаги ҳомиладорлик бошланганлигига ишора қилувчи муайян аломатлардан келиб чиқиб, ўз ҳолати ҳақида аллақачон хабардор бўлган бўлади. Эҳтимол бу вақтга келиб у акушер-гинеколог ҳузурига ташриф буюришга улгурган ёки ҳомиладорлик бўйича ҳисобга туриб бўлгандир.
Ҳомиладорликнинг 9 ҳафтасида нималар рўй беради
Ҳомиладорликнинг тўққизинчи ҳафтасида аёл организмида бир қатор ўзгаришлар рўй беради. Агар сезган бўлсангиз, сизга хушбичим келадиган кўйлагингиз бел қисмида торайиб қолган. Лекин ташқаридан қараганда атрофдагиларга ҳомиладорлигингиз сезилмаслиги мумкин.
Тўққизинчи ҳафтада бачадон ҳажман бироз катталашган, деворлари эса сал-пал чўзилган бўлади. Тери чўзилиши оқибатида пайдо бўлиши мумкин бўлган тилим-тилим атрофик чандиқларнинг олдини олиш учун яхши бир крем сотиб олишнинг ҳозир айни вақти. Кремлар таркибида А ва Э витаминлари етарли миқдорда бўлса, янада яхши.
Ҳомиладорликнинг 9 ҳафтасидаги сезгилар
Мазкур муддатда сизнинг вазнингиз бироз тушиши мумкин. Бу ҳомиладорликнинг биринчи ярмида токсикоз ривожланиши билан боғлиқ. Бу кўнгил айниш, қусиш, овқат иси ва авваллари ёқимли бўлган атир-упа ҳидларига таъсирчанлик каби ёқимсиз симптомлар билан тавсифланади. Шунинг натижасида иштаҳа йўқолади ва бироз вазн тушади. Лекин агар охирги икки-уч ҳафта ичида сизни токсикоз қийнамаган бўлса, вазнингиз секин-аста орта боради. Нима бўлганда ҳам бу вазн ошиши ҳозирча сезилар-сезилмас бўлади.
Ушбу муддатда аёлда тез-тез толиқиш, бошни кескин буриш ёки тана ҳолатини ўзгартириш сабабли бош айланиши ҳолатлари сақланиб туриши мумкин. Ҳушдан кетиб қолишнинг олдини олиш мақсадида ўзини эҳтиёт қилган маъқул.
Мазкур муддатда яққол намоён бўладиган ҳомиладорликнинг субъектив аломатларидан бири сут безларининг бирдан катталашиши ва шишиб чиқиши деса бўлади. Шу тариқа, сизнинг организмингиз келажакдаги кўкракдан сут эмизиш жараёнига тайёргарлик кўра бошлайди. 12 ҳафтанинг бошига келиб кўкрак тўлиқ бир размерга катталашиши мумкин. Илк бор тилим-тилим атрофик чандиқлар пайдо бўлишининг эҳтимоли юқори.
Ҳомиладорликнинг 9 ҳафтасида ҳомиланинг аҳволи
Ҳомиладорликнинг тўққизинчи ҳафтасида ҳомила бош миясининг фаол ривожланиши давом этмоқда. У икки ярим паллага ажралиб бўлган, ва эндиликда эса ҳаракатлар координациясига жавоб берувчи кичикмия бўлими шаклланишни бошлайди.
Мускуллар ривожланиб ўсади, қўл-оёқлар бир қадар йўғонлашади. Энди ҳомиланинг ҳаракатлари янада координацияланган бўлади. У қўл ва оёқчаларини қимирлатишни бошлайди. Қон билан таъминлаш тизимининг кўпроқ ривожланганлиги ҳисобига ҳомиланинг қўллари оёқларига нисбатан ривожланишда олдинроқда юради.
Қўллардаги бармоқлар узаяди, аввал улар орасида бўлган пардалар йўқолиб боради. Кафтлар шаклланади. Ҳомиладорликнинг тўққизинчи ҳафтасида ҳомиланинг орқаси бир қадар ростланади ва думи йўқолади.
Жинсий ҳаёт
Агар монеликлар ва ҳомиладорликнинг узилиб қолиши хатари мавжуд бўлмаса, сиз мазкур муддатда жинсий ҳаётни давом эттираверишингиз мумкин. Жинсий алоқа ҳомиладорликнинг дастлабки ҳафталарида тақиқланмаган, лекин ҳар ҳолда ундан тийилиб турган маъқулроқ. Бачадоннинг тонуси ошиши туфайли ундан қон кетиши ривожланишига олиб келиши мумкин. Ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Агар ҳомиладорликнинг 9 ҳафтасида бирданига тўқ рангли ёки жигар ранг ажралмалар келса, жинсий алоқани тўхтатиб туриш лозим. Бу ҳолда гинекологнинг маслаҳатини олиш тавсия этилади. Оқимтир ва сарғиш ажралмалар меъёрдаги ҳолдир.
Ҳомиладор аёлнинг озиқланиши
Ҳомиладор аёлнинг таомномасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Эрта токсикоз таъсирини ҳисобга олсак, қабул қилинадиган таомлар ассортименти анчагина қисқариб кетадида. Овқатланиш эндиликда ҳақиқий муаммога айланиши мумкин. Сиз деярли ҳар бир овқатдан беҳузур бўлишингиз ва айни вақтда муайян турдаги маҳсулотларга нисбатан иштиёқингиз ошиб кетиши мумкин.
Оз-оздан лекин тез-тез овқатланган маъқул. Бу кўнгил айнишни енгишга ва организмга озиқ моддаларининг келиб тушишига ёрдам беради. Бу айниқса куннинг биринчи ярмига тегишлидир. Сабаби токсикоз кўпинча эрталабки соатларда қийнайди: одатий нонуштангизни 2–3 та алоҳида порсияга ажратиб бир неча қисмга бўлиб еган яхшироқдир.
Манба: Homiladorlik.uz