Туғруқхонага олиб кетиладиган сумкангиз шай турибди, сиз туғишга тайёргарлик кўраверасиз, яхши адабиётларни ўқийсиз ва яқинда туққан оналар билан ширин суҳбатлар қурасиз.
Ҳомиладорликнинг 36 ҳафтаси – боланинг вазни
Кичкинтойни қоринда олиб юриш жараёни ўз меъёрида кечса ва камсувлик ҳолати юз бермаган бўлса, одатда, ҳомиладорликнинг 36 ҳафтасида боланинг вазни меъёр даражасида бўлади, у кичик вазнли бўлиб қолмаслиги аниқ.
Узунлиги 46–48 см ва оғирлиги 2,6–2,8 кг бўлган сизнинг «қориндаги меҳмонингиз» борган сайин кам ҳаракат бўлиб боради: у қайрилишга жой тополмайди, бачадонда жой торлик қилади. Лекин сиз уни ҳис этишингиз керак.
Болакай бармоғини сўравергани ҳисобига юзлари дўмбоқлашиб қолган, у дунёга келгандан сўнг бўладиган озиқланишга тайёргарлик кўрмоқда. Албаттада! Туғилиб бўлгач, унинг онасининг қорнидагидек бемашаққат озиқланиш қаерда дейсиз? Эмишдан ташқари, жимитингиз ютиниш ва нафас олиш ҳаракатларини ҳам бажаради.
Кичиккина юракча бутунлай шаклланиб бўлган, асаб, иммун ва эндокрин тизимлар ишлашга деярли шай, улар бироз «етилса» кифоя. Ўзига керакли кислород улушини болакай киндик орқали олишни давом этмоқда.
Она ўзини қандай ҳис қилади
36 ҳафтага келганда энг мақбул қўшимча вазн 12 кг ни ташкил этади. Агар бундан бир оз кўпроқ вазн йиғган бўлсангиз, қўрқинчли жойи йўқ – туғруқдан кейин сиз осонлик билан ортиқча вазндан халос бўла оласиз. Бачадон ўзининг юқори поғонасини эгаллаганча турибди: киндикдан 14–15 см ва қов симфизидан – 36 см баландликда.
Баъзида болакай оёқлари билан нақ юрагингизнинг тагида депсинаётгандек туюлади, лекин бу ҳол узоққа чўзилмайди. Ҳомиладорликнинг 36–37 ҳафталарида болакайнинг бошчаси тос қисмига қараб йўл олади, бу эса онада нафас олиш жараёнини осонлаштиради. Лекин айрим ҳолларда боланинг боши пастга қараб жойлашмаслиги ҳам мумкин. Биринчи марта туғмаётган оналар то туққунларига қадар қийналиб нафас олишларига тўғри келади.
Суяклар чўзилишининг ҳисобига тос қисмида оғриқлар пайдо бўлиши, бачадоннинг органларни эзиши ҳисобига эса сийдик ва ҳожат ажралиши жараёни тезлашиши мумкин. Бачадон бўйинчаси бу муддатда юмшаб, қисқаришни бошлайди, организм жуда яқин қолган туғруққа тайёргарлик кўрмоқда. Лекин баъзи болалар шошқалоқ бўлишади, ва кўп гўдаклар вақтидан бир оз илгарироқ туғилишлари ҳам мумкин: ҳомиладорликнинг 36 ҳафтасида туғиш – у қадар камдан-кам учрайдиган ҳодиса эмас.
Ҳомиладорликнинг 36 ҳафтаси: қорин тош қотади
Мазкур муддатда аёлга ўзини қандай ҳис этаётганини қатъий назоратга олиш ҳамда ўз организмига қулоқ солиш тавсия этилади. Агар белингизда оғриқлар пайдо бўлса – уларнинг давом этиш муддатига (давомлилигига) эътибор беринг. Мабодо қорнингизда тортувчи оғриқ юзага келса – унинг даврийлиги ва давомлилигига аҳамият қаратинг. Лекин агар сиз ҳомиладорликнинг 36 ҳафтасида буларнинг ҳаммасини ўзингизда бирданига қайд этган бўлсангиз, яъни қорнингиз тошдек қотса, белингиз тортқиласа, қориннинг пастки қисми зирқираб оғриса, у ҳолда ўзингизнинг акушер-гинекологингизга албатта қўнғироқ қилинг. Эҳтимол бу бачадоннинг гипертонусидир ва туғруққа узоқ вақт қолмаганидан дарак беради.
Ҳомиладорликнинг 36 ҳафтасида туғиш
Ҳомиладорликнинг 36 ҳафтаси туғруққа оз қолди, дея ишора беради. Бу муддатда онажонлар боланинг сепини текширишга тушишади – ҳамма нарса олиндими, яна нима етишмаяпти. Туғруқхонада сизга зарур бўладиган нарсаларнинг рўйхатини тузинг ёки туғруқхонага олиб кетадиган сумкангиз тайёр бўлса, уни обдон-бошдан тафтиш қилиб чиқинг.
Докторингиз ҳузурига ҳафтада бир марта қатнанг ва икки жон – ўзингиз ва болангизнинг саломатлигини хавф остига қўймаган ҳолда сайрга камроқ чиқишга ҳаракат қилинг. Яхшиси уйда ўтиринг, сабаби вақтидан олдин туғруқ бошланиб қолса, шифокорингиз сизни кўчадан қидириб юрмасин.
Агар туриш қийин бўлса
Баъзан эрталаблари ҳомиладор аёлнинг ётоғидан туриши машаққатга айланиб қолади. Бу юмушни бажариш унга ҳозир – 36 ҳафтада жуда қийинлашади. Агар сизда ҳам шундай муаммо юзага келса, ўзингизни кескин ҳаракатлардан тийинг. Аввал ёнбошга ўгирилинг, кейин оёқларингизни осилтиринг ва шундан кейингина тикка туринг.
Пошнали паябзални жуда ёқтирган тақдирингизда ҳам ҳозир бундай оёқ кийимдан воз кечиб туриш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳозир сиз ўзингизни зийнатлаш учун эмас, бола учун яшаяпсиз. Бу билан ўзингиз учун туғруқни осонлаштирган бўласиз. Ишни мураккаблаштиришни кераги йўқ.
Бўлғуси оналарнга мўлжалланган ўқув курслари, кичкинтой туғилишига тайёргарлик кўриш – мана шулар ҳозир ҳаётингиз тарзидир.
Манба: Homiladorlik.uz