34 ҳафтада Брекстон Хикс тўлғоқлари тобора мунтазамроқ рўй беради – бачадоннинг юқори қисмида юзага келадиган оғриқлар бутун қорин соҳаси бўйлаб тарқалиб, кейин тўхтайди. Лекин бу туғруқ вақтида бўладиган ҳақиқий тўлғоқ оғриғи эмас, шунинг учун ундан хавотирланманг. Бордию сув кетиш ҳолати юз берса, хавотирланиш ҳамда шифокорга бориш ўринли бўлади.
Ҳомиладорликнинг 34 ҳафтаси – ҳомиланинг ўлчамлари
Ҳомиладорликнинг 34 ҳафтасида гестацион муддат (ҳомиланинг ёши) 32 ҳафтани ташкил этади. Унинг вазни ҳам етарлича оғирлашган: 2,2–2,4 кг. Ҳомиладорликнинг 34 ҳафтасида ҳомиланинг ўлчамлари 43–44 см атрофида бўлади. Болакай ўсиб боради, муртак тукларини тўкади, ранги оққа мойилроқ бўла бошлайди, терисидаги қизиллик деярли қолмайди. Бу ҳафтада боланинг умумий вазнида ёғнинг улуши 8 фоизни ташкил этади.
Ҳомиладорликнинг тахминан 34–35 ҳафталарида сирсимон мой (верних cасеоса)нинг қатлами янада кўпаяди – шу тариқа кичкинтойнинг териси ҳомила атрофидаги сувларга мацерация бўлишдан (қаттиқ модданинг суюқликка ботиши оқибатида юмшаши. Акушерликда бу ҳомиланинг ажралиши дейилади) максимал даражада муҳофазаланади. Мабодо болакай муддатидан аввал туғилишни хоҳлагудек бўлса, айнан шу миқдордаги мой унинг туғруқ йўллари бўйлаб сирпанишини осонлаштиради.
Агар болангиз шу ҳафтада туғиладиган бўлса, уни чала туғилган эмас, балки муддатидан олдин туғилган бола сифатида қайд этишади. Бундай болалар бутунлай мустақил равишда нафас ола биладилар ва улар интенсив қаровга эҳтиёж сезишмайди.
Ҳомиладорликнинг 34 ҳафтаси– қимирлашлар
Болакай кун эмас, деярли соат сайин ўсмоқда. Шунинг учун секин-аста онасининг қорни унга торайиб бораверади. Эндиликда унинг айланиш ва қайрилишлари олдингидек моҳирона эмас. Ҳомиладорликнинг 34 ҳафтасида қимирлашлар анча ўзгарган: кичкинтойнинг ҳаракатлари йўлдошнинг деворлари билан чекланиб қолган. Мазкур даврда «шўх болакай» бироз тинчигани сабабли она ҳам андак ҳаловат топди деса бўлади.
Она ўзини қандай ҳис этади
Организм туғруққа интенсив тайёрланишда давом этади. Бачадоннинг юқори нуқтаси киндикдан 14 см, қов симфизидан тўлиқ 34 см юқорида туради. Бачадоннинг ўлчами 30–32 см га етган, у дастлабки ўлчамларига нисбатан 500 мартага катталашиб, 10 баробарга оғирлашган.
Ҳомиладорликнинг 34 ҳафтасида ҳомила атрофидаги сувларнинг ҳажми бир литр атрофида. Ҳомиладорликнинг иккинчи ойини эслайсизми, масалан, уларнинг ҳажми бор-йўғи 20 мл бўлган.
Ушбу босқичда сиз белингизда оғирликни ҳис этишингиз мумкин. Ундан бироз қутулиш мақсадида ухлашдан олдин тос билан чапга-ўнгга айланма ҳаракатлар қилинг. Сут безлари катталашади, вақти-вақти билан улардан оғиз сути ажралиб чиқади, йўлдош гормонларининг сут ишлаб чиқариш жараёни ўтган ҳафтадаёқ ишга тушиб кетган, бу жараён мазкур ҳафтада давом этади.
Жинсий алоқани кейинга қолдирган маъқул
34 ҳафтада жинсий алоқа билан шуғулланишда ниҳоят! максимал даражада! жуда ҳам эҳтиёт бўлинг. Яхшиси бу ишларни кейинга қолдиринг.
Биринчидан, бу паллада болани безовта қилмаган маъқул, у беҳосдан ҳолатини ўзгартириб думбаси билан пастга ағдарилиб олишининг эҳтимоли бор, иккинчидан, аёлнинг жинсий йўллари ҳозир туғиш жараёнига тайёргарлик кўриш билан банд, шу туфайли улар анча заифлашган. Ҳар қанча эҳтиёт қилманг, у ерга инфекция киритиш ҳозир осон.
Ҳаракатларингиз режасини тузинг
Одатда бу вақтда аёллар туғруқхонани танлаб қўйишган бўлишади, шифокор билан танишишади, унинг телефон рақамини олишади, айнан шу туғруқхонага олиб келинадиган нарсаларнинг рўйхатини аниқлаштиришади.
34 ҳафтада сиз тоза ҳавода сайр қилишга кўпроқ вақт ажратишингиз (бу талаб аслида бутун ҳомиладорлик даври учун тегишли), сокин турмуш тарзи кечиришингиз лозим, турли хил стресслар ва ортиқча жисмоний юкламалардан ўзингизни олиб қочишингиз, оғирлик қиладиган ишлардан узоқроқ юришингиз лозим – туғруқ ўз вақтидан илгари юз бермаслигининг тадбирларини кўришингиз керак.
Имкониятдан фойдаланиб қолинг – тўйиб ухланг, дам олинг, ёқимли мусиқа тингланг ва ижобий мазмундаги китоблар ўқинг. Болажонингизга алла айтишни унутманг – у сизни эшитади.
Манба: Homiladorlik.uz