Ҳомиладорликнинг 10 ҳафтаси билан ҳомиладорлик ривожланишининг энг мураккаб ва кескин даврларидан бири якунланади. Айнан дастлабки 8–10 ҳафталарда стресс, онадаги касалликлар (шу жумладан ЎРК), шунингдек турли хил дори препаратларини қабул қилиш сингари салбий таъсир қилувчи омиллар хавфли ҳисобланади. Буларнинг ҳаммаси кичкинтойнинг ички органларига асос солиниши ва уларнинг шаклланиши жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Энди эса, ҳомиладорликнинг дастлабки тўққиз ҳафтаси ортда қолгандан кейин барча ҳаётий муҳим органларга асос солиниб бўлган, қолаверса, улар ўзларининг ривожланиш ва такомиллашиш босқичини бошлашган. Бу муддатга келиб, йўлдош ҳам тўлиқ шаклланиб, ўз фаолиятини бошлаб юборган. Эндиликда йўлдош барча модда алмашинув жараёнларига ва эмбрионга зиён етказиши мумкин бўлган зарарли моддалар тушишининг олдини олишга жавоб беради. Бу ривожланишнинг қалтис даври ортда қолганидан дарак беради. Лекин ўзини бўш қўйишга ҳали вақт эрта, олдинда яна ўттиз ҳафта турибди, улар ҳам ҳомиладор аёлга кўплаб ёқимли ва унча ёқимли бўлмаган «ҳадялар» келтириши мумкин.
Ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасидаги сезгилар
Ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасида сизни ҳали ҳам эрта келган токсикоз хуружлари қийнаши мумкин. Бу ёқимсиз ҳодиса ҳатто бир қадар кучайиши мумкин, шунинг учун бўлажак она ўз ҳолатининг енгиллашиши учун сабр-тоқатли бўлиши ва шифокорнинг тавсияларига риоя қилиши керак бўлади.
Кўнгил айниш ва қусишнинг ёнига жиғилдон қайнаши ҳам қўшилиши мумкин. Бу қизилўнгачни ошқозондан ажратиб турувчи мушакларнинг қисқариши туфайли юз беради, чунки бу билан ошқозондаги овқатлар қизилўнгачга кўтарилиб чиқади. Бунда ошқозон кислотаси қизилўнгач шиллиқ қаватига таъсир этади, аёл буни кўкраги ачишаётгандек каби сезги билан ҳис этади, баъзи ҳолларда оғриқ ҳам бўлади. Шу туфайли баъзан айрим ҳомиладорларда ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасида қорин оғрийди, киндикдан бироз тепароқда, ошқозон атрофида санчиқлар юзага келади. Бу ёқимсиз симптомлар ҳомиладор аёлни ҳатто туғиш вақти келгунигача безовта қилиши ҳам мумкин.
Мана шу сезгилардан ташқари сиз ҳожатхонага тез-тез қатнайдиган бўлиб қолишингиз мумкин. Бу ҳажман катталашган бачадоннинг қовуққа (сийдик пуфагига) босим ўтказиши билан боғлиқдир. Айрим ҳолларда ҳожатхонага тез-тез қатнашнинг ёнига сийдикни ушлаб туролмаслик ҳолати ҳам қўшилиши мумкин, айниқса йўталганда, кулганда ёки аксирганда шундай бўлади. Мазкур ҳолат такрорий ҳомиладорликда, шунингдек юқорироқ муддатларда, ҳатто ушбу даврда ҳам содир бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасида нималар юз беради
Мазкур муддатда бачадон тобора катталашиб боради. У энди қов суягидан бироз юқорироққа жойлашади. Белингизда шим сизга бироз кичкиналашиб қолганини сезишингиз мумкин. Агар олдин қорнингиз текис бўлган бўлса, эндиликда кўзгунинг қаршисида туриб кузатсангиз, қориннинг пастки қисми бир қадар юмалоқлашганини кўрасиз. Лекин атрофдагилар ўзгаришларни ҳали сезишмайди.
Ушбу муддатда ҳомиладор аёл терининг пигментацияси юзага келганини сезиши мумкин. Шу билан бирга туклар ўсиши тезлашади ҳамда қорнингизда, балки кўкракда ва юзда мўй пайдо бўлиши мумкин. Лекин бундан чўчимаслик керак. Буларнинг ҳаммаси бор-йўғи гормонал ўзгаришларнинг қўшимча омилидир. Туғруқдан кейин мазкур «носозликлар» дастлабки иккинчи – тўртинчи ойлар мобайнида (она организмининг хусусиятларидан келиб чиқиб) ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади.
Ўнинчи ҳафтада кичкинтойнинг аҳволи
Ҳомиладорликнинг ўнинчи акушерлик ҳафтаси – саккизинчи эмбрионал ҳафта ҳисобланади. Кичкинтойнинг фаол ривожланиши давом этмоқда. Агар муҳим сабаблар бўлмаса, одатда, ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасида УЗИ қилинмайди. Лекин шифокор-гинеколог болажоннинг олдинроқ нозик ва юмшоқ тўғайлардан ташкил топган скелет тузилмаси эндиликда анча мустаҳкам суяк тўқималарига айланишни бошлаётганини сизга айтиши мумкин. Бу эса кальций моддаси ҳомиладор аёл организмида жуда муҳим ва ҳатто ноёб элементга айланиб бораётганидан дарак беради.
Кичкинтойнинг юзи
Бу вақтга келиб эмбрионнинг юзи ва пастки жағлари шаклланиб бўлади, лекин юз мушаклари энди-энди ривожланишни бошлайди. Мазкур босқичда юқори лаб фаол шаклланаётган бўлади. Ҳомиланинг бурни тўлалигича шилимшиқ қатлам билан қопланган, у ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган, лекин ҳид билиш рецепторлари пайдо бўлган.
Умумий ривожланиш
Оғиз бўшлиғининг мушак тўқималари пайдо бўлишни бошлайди. Кичкинтойнинг тили таъм билиш ғуддачалари билан қопланади. Секин-аста чайнаш мускулатураси ривожланади. Бўйин ва ҳалқум мушаклари тизими шаклланади.
Ҳомиланинг ошқозони қорин бўшлиғининг қуйи қисмига ўтиб олади ва ўзининг асл жойини эгаллайди. Энди у фаолият кўрсатишни бошлаш учун тайёргарлик кўрган ҳолда фаол равишда ўсади ва шаклланади. Нерв тугалланмаларининг шаклланиш жараёни бошланади.
Ҳомиланинг юраги ажабланарли тарздаги тезликда – дақиқасига 160–170 марта уради. Сизнинг кичкинтойингиз фаол ўсишда давом этади. Ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасида ҳомиланинг ҳажми 28–33 мм гача етади. Шу ўринда бутун тана узунлигининг ярмидан кўпини бош эгаллайди. Эмбрионнинг вазни 3–4 грамм атрофида бўлади.
Тавсия
Она ўзини жуда эҳтиёт қилиши лозим, асабий стресслар ва қаттиқ чарчашдан ўзини сақлаши керак. Бу даврда кўпроқ дам олиш ва куч тўплаш лозим бўлади, чунки ҳали асосий йўлнинг оз қисми босиб ўтилдида.
Манба: Homiladorlik.uz