Соғлом оила - соғлом келажак

Ҳомиладорликда УТТ (УЗИ), скрининг, доплер текширувлари

Бугун бўлажак она учун туғилажак фарзандининг ўғил ёки қиз эканлигини билиш муаммо эмас. Унинг ҳатто илк фотосуратини ҳам эсдалик учун олиб қўйиши ҳам мумкин. Яна ота-она истагига кўра, кичкинтойнинг она қорнидаги хатти-ҳаракатларини видеотасвирга муҳрлаб, албом тайёрлаш имкони ҳам бор. Ягона шарти — мазкур текширувларнинг бир-биридан фарқию, қачон, қай тарзда ўтказилиши лозимлигини билсангиз, бас.

Ултратовуш текшируви нима?

Ултратовуш тўлқинлари ёрдамида амалга ошириладиган мазкур тиббий текширув оқ-қора тасвирда ҳомиланинг кўриниши, жойлашиши ва жинсини кўрсатиб беради. Тавсир акс этган монитордаги ёзувлар ёрдамида ҳомилага тегишли маълумотлар таҳлил қилинади.

Ҳомиладорликда УТТ

Ҳомиладорликда неча марта УТТдан ўтиш мумкин?

Нормал кечаётган ҳомиладорлик даврида 5-6 мартагача ултратовуш текширувидан ўтиш мумкин. Одамлар орасида ултратўлқинлар ҳомилага зарар етказади, деган гапни кўп эшитамиз. Аммо бу гапларда ҳеч бир асос йўқ. Ўз вақтида ва тўғри тартибда ўтказилган текширув онага ҳам, болага ҳам ножўя таъсир ўтказмайди. Қолаверса, ҳомиладорликда УТТ ёрдамида ҳомила ривожланиши, ички аъзоларининг жойлашуви, турли туғма нуқсонлар, қоғаноқ сувининг тиниқлик даражаси кабиларни ҳам аниқлаш мумкин.

Ҳомиладорликда УТТ: Илк текширув

Ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасида ўтказилиб, «2Д» ўлчамдаги ултратовуш текшируви тасвири ёрдамида ҳомиладаги ички аъзоларнинг шаклланиши, оёқ-қўллар ва бош чаноғининг ҳолати ҳақида маълумот олинади. Илк текширувда ҳомиланинг аниқ муддати ва тахминий туғруқ даври ҳисоблаб чиқилади.

Иккинчи текширув

Қоидага кўра, ҳомила 1821 ҳафталигида бажарилиб, йўлдош жойлашуви, қоғаноқ суви миқдори ва ҳолати, шунингдек, туғилажак боланинг юрак уриши тезлиги аниқланади.

Учинчи текширув

Бу вақтга келиб, ҳомила анча катталашган бўлади. Учинчи текширув туғруқолди ҳолати бўлгани боис, ҳомила жойлашуви, йўлдош ўқининг киндик соҳасидаги ҳолати, бачадон бўйни деворидаги туғруқ олди ўзгаришларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Шифокорлар учун мазкур текширув аёлнинг туғруққа тайёргарлик ҳолатини аниқлашга хизмат қилса, бўлажак ота-она қўл-оёқларини қимирлатаётган кичкинтойни томоша қилиб, оиланинг янги аъзосига меҳр қўяди.

ЎҚИНГ:   Ҳомиладорликда ҳайз келиши мумкинми?

Тезкор УТТ нима?

Қовуқ ва бел соҳасидаги кучли оғриқ, ажралмалардаги ўзгаришлар, қон кетиши, муддатидан аввал тўлғоқ тутиши ёки қоғаноқ ёрилиши каби ҳолатларда тезкор равишда ултратовуш текшируви ўтказилади. Бунда ҳомиланинг юрак уриши тезлиги ва ундаги ўзгаришлар сабабини аниқлаш муҳимдир. Тезкор текширув амалиёти ҳомиладор аёл олиб келинган туғруқ мажмуида амалга оширилади.

Скрининг барчага бирдек зарурми?

Ҳомилада юзага келиши мумкин бўлган ирсий касалликлар эҳтимолини аниқлаш, ривожланишдан ортда қолиш ва туғма нуқсонлар шаклланишини бартараф этиш мақсадида скрининг текширувидан ўтиш соғлом аёлларга ҳам тавсия этилади. Мазкур текширув орқали нафақат ҳомиладаги патологик ўзгаришлар, балки қоннинг биокимёвий таҳлили ҳам аниқланиб, яширин турдаги айрим касалликлар ҳақида аниқ маълумот олинади. Скрининг текшируви ҳомиладорликнинг кечишига қараб, уч даврдан бирида ўтказилади ва фақат бир марталик амалиёт саналади. Унга кўра:

  • ҳомиладорликнинг 10-14-ҳафтасидаги эрта текширув – наслий касалликлар эҳтимолини аниқлаш, хромосома ўзгаришларидан бохабар бўлиш учун амалга оширилади. Бунда ҳомиланинг биокимёвий қон таҳлили ҳам ўтказилади.
  • ҳомилада юзага келиши мумкин бўлган туғма нуқсонларни аниқлаш мақсадида 16-20 ҳафталикда ўтказилади.
  • ҳомила ривожланишининг кечки даврида юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар ва бир қанча касалликларни аниқлаш учун 32-34 ҳафталикда ўтказилади.

Скрининг текширувига йўлланмани ўзингиз яшайдиган манзилдаги оилавий поликлиникадан олишингиз мумкин.

Доплер текширувига қачон борилади?

Ҳомиладорлик шикоятларсиз кечаётган бўлсада, 24 ҳафталик муддатдан сўнг юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида доплер текширувидан ўтиш барча аёлларга тавсия этилади. Бундан ташқари, агар ҳомиладорликда қуйидаги ҳолатлар аниқланса, доплерометрия текшируви бир неча маротаба тавсия этилиши ҳам мумкин. Жумладан:

  • Қандли диабет, буйрак фаолияти билан боғлиқ касалликлар,
  • Икки ёки бир неча ҳомила,
  • Гестоз,
  • Аввалги ҳомиладорликдаги салбий ўзгаришларнинг такрорланиши,
  • Кардиотокография натижаларининг қониқарли эмаслиги.

Бу текширувда махсус датчиклар ёрдамида ҳомиладаги ўзгаришларни кўриш мумкин. Доплер кўриги «она-йўлдош-ҳомила» тизими асосида йўлга қўйилган бўлиб, ҳомиладаги қизил таначалар тасвирини аниқлаш имкони мавжуд. Шунингдек, жуфтликлар ўз хоҳишларига кўра, доплер текширувига мурожаат қилсалар ҳам бўлади. Доплерометрия кўригида аниқланган ҳолатлар юзасидан УТТ таҳлилчисининг тиббий хулосаси тайёрланиб, зарур ҳолларда даволовчи шифокорга йўлланма берилади.

ЎҚИНГ:   Ҳомиладорликнинг 17 ҳафтаси

«3Д», «4Д» ўлчамли УТТга зарурат борми?

Агар даволовчи шифокорингиз ҳомилада юзага келиши мумкин бўлган ноқисликлар ёки кечки муддатдаги бирор ўзгаришни тахмин қилса, катталаштирилган ўлчамдаги текширувга йўлланма бериши мумкин. Мазкур текширувлар ҳомиланинг «2Д» ўлчамида кўриш мумкин бўлмаган тасвирини ифодалаш учун муҳим саналади. «3Д» ва «4Д» ўлчамли ултратовуш текширувини ҳомиладорликнинг 6-7 ҳафталигидан 40 ҳафталик муддатгача ўтказиш мумкин.

Бир-биридан фарқи нимада?

«3Д» – одатий «2Д» ултратовуш текширувидан фарқли равишда уч кесимдаги тасвирни кўрсатади. Рангли тасвирда нафақат боланинг юз тузилиши ва аниқ қиёфасини кўриш мумкин, балки теридаги юмшоқ тўқима мушакларини баҳолаш имконияти ҳам мавжуд. Қолаверса, ҳомила қиёфасидаги айрим ноқисликлар, масалан, юқори лаб ва танглай кемтиклигини катталаштирилган тасвирда аниқлаш ва тиббий хулосани аниқ изоҳлаш имкониятини беради. «3Д» ўлчамли текширувда ҳомиланинг ҳолати тасвирга туширилган бир нечта суратлар орқали намойиш этилади.

«4Д» – «3Д» ўлчамдаги текширув туридан онлайн тасвирни ифодалаши билан фарқланади. Текширув жараёнида худди кичик видеокамера ҳомила ичида ҳаракатланиб, тасвирни монитор экранида акс эттираётгандек тасаввур ҳосил бўлади. Бу усул махсус мослама ёрдамида амалга оширилади. «4Д» ўлчамли текширув ҳомиладаги туғма нуқсонлар, турли шишлар, тананинг муайян қисмида сув тўпланиши каби ҳолатларни аниқлаш учун қўлланилади. «4Д» текшируви икки хил кўринишда: ҳомила ҳаракатларини суратлар орқали акс эттириш ва «4Д ЛИВE» (боланинг айни дамдаги ҳаракатларини видеотасвир орқали кўриш) турлари билан фарқланади. Хоҳишингизга кўра, текширувнинг у ёки бу турини танлаб, кўрикдаги тасвирларни дискка ёзиб олишингиз мумкин.

Ҳомиладорликда УТТ кимларга мумкин эмас?

Кўпчиликнинг фикрича, ултратовуш тўлқинлари ўзидан иссиқлик нурини таратиб, ҳомилага зарар етказиши мумкин. Аммо бу нотўғри! Ултратовуш тўлқинларининг тебраниш ҳолати ҳомила учун мутлақо безиён. Шифокорлар ҳомиладорликда УТТ каби текширувларга келаётган аёлларга қоринда мушаклар тонуси таранглашмаган бўлиши лозимлигини таъкидлашади. Чунки фақат мана шу ҳолатда ҳомила ҳолатини аниқлаш бироз мушкул. Қолган вақтларда УТТ учун қарши кўрсатмалар мавжуд эмас.

ЎҚИНГ:   Ҳомиладорлик вақтида ҳаддан зиёд семириш ҳомилага қандай таъсир этади?

Экпертлар: Шаҳноза Баҳодирова, гинеколог.
Лилия Сабирова, УТТ ташхиси шифокори.
Журланист: Дилдора Юсуфбекова.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш

Бош саҳифа » Ҳомиладорлик » Ҳомиладорликда УТТ (УЗИ), скрининг, доплер текширувлари

loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.