Ҳомиладорлик пайтида қон босимини мунтазам — тўққиз ой давомида ўлчаб бориш мақсадга мувофиқ.
Тонометр ойначасидаги рақамлар кўп томонлама она ва унинг ҳомиласи ҳақидаги маълумотларни ўзида акс эттиради.
Ҳомиладорликнинг биринчи ойида тананинг гормонал функциясидаги ўзгаришлар туфайли артерия қон босими пасайиб (АҚБ, яъни АД), гипотонияни юзага келишига сабаб бўлади. Шунинг таъсирида «юкли аёл» ўзида қувватсизлик, уйқусираш, бош айланиши, қулоқлари остида шовқин, юрганида нафас етишмаслиги каби ҳолатларни бошидан кечиради.
Шифокорлар туғиш ёшидаги аёлларнинг тўсатдан, бесабаб хушини йўқотиши сабабларини ахтараётиб, айнан унинг ҳомиладор бўлганини аниқлайдилар. Шу туфайли бўлса керак, бу ҳомиладорликнинг табиий ҳолати сифатида қабул қилиниб, ортиқча ваҳима ва ташвишга изн берилмайди.
Бироқ аёлнинг танасида янги организм пайдо бўлиш ҳеч бир ўзгаришларсиз, яъни ҳам руҳий, ҳам жисмоний ўзгаришларсиз содир бўлиши мумкин эмас.
Аччиқ ва шўр егуликларга ўчлик, ўткир ҳидга таъсирчанлик оқибатида қайт қилиш — эрта токсикознинг аломатларидан ўзга нарса эмас.
Энг ёмони — аёл бу жараёнларни бошидан ўтказаётган бир вақтда қон босими янада пасайиб кетиши мумкин. Бу она учун бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарса, ҳомила учун эса ўта хавфли!
Ҳомиладорлик вақтида қон босимининг тушиб кетиши ҳомиланинг қон айланиш тизимида айрим нуқсонларни (плансентар етишмовчилик) келтириб чиқаради, натижада ҳомила учун зарур бўлган озиқ модда ва кислород танқислиги бошланади.
Табиийки, бундан ҳомила «оч қолади» ва «буғилади»…
Айнан мана шунинг учун ҳомиладорликнинг илк ойиданоқ қон босимини ўлчаб туриш катта аҳамиятга эга.
Қон босими 100/60 дан кам, 140/90 да юқори бўлмаслиги лозим (баъзи бир кишилардаги индивидуал хусусиятлар инобатга олинсин). Мабодо бу ҳолат рўй берса, дарҳол даволовчи шифокорингизга мурожаат қилинг!
Ҳомиладорликда қон босимининг ошиши
Ҳомиладорликнинг иккинчи яримида қон босимининг бирмунча ортишига нисбатан бироз мойиллик пайдо бўлади. Бу ўзгаришларнинг сабаби — физиологик ҳолат билан боғлиқ.
Оддий қилиб айтадиган бўлсак, бўлажак онанинг танасида яна бир қон айланиш тизими пайдо бўлди. Бунинг натижасида ҳомиладорликнинг 19–20 ҳафтасида умумий қон сиғими ярим литрга, 32–36 ҳафтада нақ бир литрга ортади.
Натижада юракнинг иш фаолиятида бироз зўриқиш пайдо бўлади, у артерияга қуваётган қон ҳажми 40–50 фоизга ортиб, юрак бўлмачалари ва қоринчаларининг қисқаришлари сони бирмунчага кўпаяди. Тинч ҳолатда томир уриши 80–90 мартагача ошади, меъёр эса 70–75 марталиги ҳаммамизга аён. Ҳомиладор аёл ҳаяжонланганда, фаол ҳаракатда бўлганида бу кўрсатгич осонликча 100 мартагача кўтарилиши мумкин.
Бироқ бундан сира ташвиш тортманг, худди тонометрнинг рақамлари орасида 5–15 мм босимнинг оралиқ ўзгариши хавфли бўлмаганидек, томир уришининг 100 мартага чиқиши ҳам нормал физиологик ҳолат ҳисобланади. Агар орадаги фарқ (меъёр оралиғидан) катта бўлса, ташвишланишга важ бор, қисқаси, бу — шошилинч чора кўриш лозим, дегани…
Масалан, ҳомиладорликнинг иккинчи яримида тана қон таркибидаги суюқлик тўқималар орасида «тўпланади» ва бу, ўз навбатида, баданда, оёқларда «шишлар» пайдо бўлишига олиб келади. Қон томирларида босим қанча юқори бўлса, суюқлик шунчалик «ташқарига» чиқишга ҳаракат қилади. У шу йўл билан босимни меъёрлаштиришга ҳаракат қилади, бироқ барибир тўқималар орасида тўқималараро суюқлик тўпланиб, шишлар ҳадеганда йўқолавермайди. Буни меъёрлаштириш — худди ғалвирда сув ташишга баробар! Бу охир оқибат ҳомиладор аёлнинг соғлиги учун катта хавф туғдиради ва зудлик билан тегишли муолажа ишлари амалга оширилиши лозим бўлади.
Қон босими назоратининг аҳамиятли томонлари…
Хавфли гуруҳга киритилган ҳомиладор аёлларнинг қон босими тез-тез назорат қилиб турилмоғи зарур.
Ушбу гуруҳга: олдинги ҳомиладорликда ҳомиланинг тушиши (бола ташлаш) содир бўлган ёки асоратли туғруқни бошидан кечирган аёллар, шунингдек, ортиқча вазндан азият чекаётганлар, гормонал хасталикларга дучор бўлганлар, буйрак ва бошқа ички аъзолар фаолиятидан шикоят қилган беморлар киритилади.
Юқорида келтирилган ҳолатларга ўхшашлари содир бўлса, ўша ҳомиладор аёл шифокорнинг доимий назорати остида (айниқса қон босими тез-тез ўлчаниб турилади) бўлиши лозим.
Ҳомиладорликнинг дастлабки, ўрта ва охирги босқичларида ҳомиладор аёл танасидаги қон босими қандай кўрсатгичларни қайд этганига қараб шифокор беморга муолажада тайинлайди. Негаки, туғруқ вақтида онанинг қон босими нормал бўлиши кўп томонлама аҳамиятли.
Ҳомиладорликда қон босимининг пасайиши ниманинг аломати?
Бу вазият кўпинча кечаси юзага келиши мумкин. Ҳомиладор аёл ҳеч бир нарсада безовта бўлмасдан осуда ухлайди, қон босими эса физиологик жараёнлар туфайли тушиб кетади ва натижада ҳомилага нафас етишмайди.
Албатта, тинч ухлаётган аёлни безовта қилиб, бемаврид вақтда ҳеч ким унинг қон босимини ўлчамайди. Шунинг учун, жадвал асосидаги тиббий кўрик пайтида шифокорлар томонидан қон босимининг ўзгариб туришини олдини оладиган тавсиялар, дори-дармонлар берилиши мумкин.
Қон босими меъёрдан ошиб кетди..?
Қон босимининг ўзгариб, яна ўз ҳолига келиши неча соат давом этишини ҳисоблаб қайд этиш зарур. Агар бу ҳолат жисмоний фаоллик, ҳаяжон, қайғу ёки қувончли хабар таъсирида бўлса, гипотензив терапияга ҳожат йўқ. Организм аввалги нормал ҳолатини тезда тиклаб олади. Қон босимининг сезиларли даражада ортиши (унчалик катта бўлмаган фарқ назарда тутиляпди) қуйидаги ҳоллардан сўнг тонометр рақамларида ифодаланиши мумкин:
- кофе ёки аччиқ чой ичганингиздан сўнг, плиткали шоколад есангиз ё тамаки чекилган жойда туриб қолган бўлсангиз;
- таркибида қон босимини оширувчи гиёҳлар бўлган (лимонник, женшен) малҳамлар истеъмол қилган ёки баданингизга шундай малҳамларни суртган бўлсангиз;
- асабийлашган, бирорта безовта ўйни ўйлаб сиқилган ёки кимнингдир «қилиғи» асабингизга тегиб турган бўлса (масалан: шифокор қабулидаги навбатда соатлаб туриб қолган бўлсангиз);
- тез чаққон ҳаракат билан юрган, зинапоядан тезроқ чиқган бўлсангиз ёхуд оғир сумкачангиз ёки қўлингиздаги эмизикли болангизни кўтариб чиққан бўлсангиз;
- шифокорлар кўригига келишингиз билан вужудингизда ҳаяжон турган бўлса, буни руҳшунослар «оқ халат синдроми» деб атайдилар.
Қон босимининг сезиларли даражада пасайиши (унчалик катта бўлмаган фарқ назарда тутиляпти) қуйидаги ҳоллардан сўнг тонометр рақамларида ифодаланиши мумкин:
- ички кийимларингизни сиқиб боғлаган (торини кийган) бўлсангизу бу қон айланишига халақит берадиган даражага етган бўлса;
- қон босимини ўлчаш асбобининг манжети елка артериясини тўлиқ тўсиб қўйиш даражасида боғланмаганлиги туфайли;
- манжетдан ҳавони жуда тез чиқаришлари оқибатида;
- маълум стандартдаги манжетни нозик, ингичка қўлга боғлашса;
- қон босимини ўлчаётганда одатдагидек ўтирмай, ётган ҳолатда бўлсангиз.
Юқори қон босимида…
Юқори қон босими пайдо бўлганда қуйидаги оддий машқларни бажаришингиз мумкин. Машқлар бажарилаётганда, аниқроғи тавсиялар амалга оширилаётганда ушбу амалиёт сизга маъқул ёки маъқул эмаслигига қараб (руҳий ва жисмоний ҳолатингиздан келиб чиқиб) бажариш тавсия этилади.
- Бош бармоғингизнинг юмшоқ қисми билан умуртқа поғонаси бош суяги билан бирлашадиган чуқурчага босиб, ичингизда ўнгача санангда, сўнг қўйиб юборинг. Бу муолажани икки маротаба такрорлашингиз мумкин;
- Бўйнингизнинг орти қисмини хаёлан 3 та горизонтал бўлакка бўлинг. Сўнг ҳар учала қисмнинг ён томонида бир жуфтдан шартли нуқтани топинг. Ҳар иккала қўлингизнинг бош бармоғининг учи билан ҳалиги шартли нуқталар устига босиб туриб, уч марта 10 гача санаб тартиб оширинг;
- Қорин бўшлиғининг кўкрак қафаси билан туташган чизиғида шартли нуқтани аниқланг (тўш суягининг усти) ва унга кўрсатгич бармоғингиз билан босиб қўйиб юбориб, 10 марта таъсир кўрсатинг. Муолажани 10 маротаба такрорланг;
- Ўнг қўлингиз билан чап қўлингизнинг кўрсатгич бармоғини сиқиб, сўнг тортиб қўйинг. Навбатни чап қўлингизга оширинг;
- Ҳаяжонландингизми? Унда ияк остидаги антидипрессия нуқтасини ёдга олинг ва уни соат милига тескари равишда 9–10 марта уқалаб массаж қилинг.
Паст қон босимида…
- Бармоқларингизни «панжшоха» ҳолатига келтириб, тепа нуқтасини бурун ва юқори лаб оралиғидаги чуқурчага, пастки нуқтасини пастки лаб ва ияк суяги оралиғига «қадаб», бармоқ учлари ўрнини алмаштирган ҳолда уқаланг.
Муҳим: ҳомиладорлик вақтида қон босимингиздаги ўзгаришларни сезсангиз, ҳар қандай муолажани даволовчи шифокорингиз ва малакали мутахассислар тавсиясига кўра белгиланган тартиб асосида бажаринг.