Соғлом оила - соғлом келажак

Ой кунлари (ҳайз кунлари) тартиби нега бузилади?

Ой кунлари баъзан қийин кечади, баъзан эса осон. Кимнидир ҳайз кунларининг одатдагидан узайиши ёки камайиши безовта қилса, кимлардир бу жараённинг умуман тўхтаб қолишидан хавотирга тушади. Аслида нега бундай бўлади? Ҳайз циклидаги ўзгаришлар нималарга боғлиқ? Бундай ўзгаришларнинг кайфиятга ва ҳаётга таъсирини енгиллатиш мумкинми?

Бу климакс эмасми?

40 ёшдан сўнг аёл организмида содир бўладиган ўзгаришлар борасида кўп бора ёзилган. Ёш аёлда ҳайз цикли бузилиши эса кутилмаган ҳолат. Чунки кўпчилик аёллар ҳайз цикли климакс ёшига етгунга қадар соатдек соз ишлайди ва кейингина климакс бошланади, дея тахмин қилишади. Тибиётда климаксдан аввалги давр ҳам мавжуд. Бу давр 40 ёшгача бошланиши ва узоқ муддат давом этиши мумкин.

ҳайз кунлари, ой кунлари

Кўпгина аёлларда гормонал фонда ўзгариш содир бўлаётган давр қийин кечади. 35 ёшдан сўнг қондаги прогестерон ва эстроген гормонлари миқдори пасая бошлайди, тухумдонлар фаолияти секинлашади, овуляция баъзан содир бўлса, баъзида юз бермайди. Гормонал ўзгаришлар таъсирида аёлда ҳайз олди синдроми (ПМС), шишлар, кўкракда оғриқ, чарчоқ, кайфият тушиши каби ҳолатлар кузатилади. Аммо бу ҳолатларнинг барчасини гормонал ўзгариш таъсири деб қабул қилманг. Баъзи ҳолларда бу фиброма, полип, эндометриоз, шунингдек, қалқонсимон без касалликлари ва/ёки саратонолди хасталиклари аломати бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ўзингизда бирор ўзгариш сезишингиз билан шифокор назоратидан ўтинг. Шифокор кўриги, таҳлиллар ва УТТ натижасига кўра бу аломатларнинг асл сабаби аниқланади. Қуйида диққатингизни қаратишингиз шарт бўлган аломатлар ва уларни даволаш усуллари билан таништирамиз.

Нега қон кетиши тўхтамаяпти?

Ҳайзнинг ўртача давомийлиги 4 кундан 7 кунгача бўлса, климаксдан аввалги даврда ҳайз кунлари кўпайиб кетиши ҳам кузатилади. Чунки баъзи ойларда аёл организмида овуляция содир бўлмайди, прогестерон ва эстроген гормонлари миқдори пасаяди. Шу сабабли бачадон қатлами қалинлашиб, ҳайз бошлангач, бачадон ўз ҳолига қайтиши узоқ муддат талаб қилади.

Бундан ташқари, бу полиплар — бачадон бўйнида замбуруғли ўзгаришлар юз берганининг аломати бўлиши ҳам мумкин.

Шифокорга ҳайз даврининг ўзгарганини албатта айтинг. Одатий ҳайз даврингиз икки баробар чўзилгани бачадонда саратон олди ўзгаришлари содир бўлаётгани эҳтимолини ҳам оширади. Буни эса фақат шифокор кўригида аниқлаш мумкин.

Одатдагидан кўп…

Климаксдан аввалги даврда ҳайз қони миқдори кўпайиши ҳам кузатилади. Ортиқча вазнли аёлларда эса бу ҳолат янада кўпроқ учрайди.

Бу фиброма — бачадонда ҳосил бўлган хавфсиз ўсимтанинг аломати бўлиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида бир неча фиброма ривожланиши ҳам кузатилади.

Шифокорга кўп қон кетиши билан бирга ўзингизда чарчоқ ва ҳафсаласизлик ҳам кучаяётганини албатта айтинг. Кўп қон йўқотиш натижасида организмда камқонлик ривожланади. Уни даволаш учун темир моддасини қабул қилишнинг ўзи етарли бўлмайди, қон кетишининг асл сабабини аниқлаш зарур.

Ҳайз цикли ўртасида ажралмалар келса…

Ҳайз цикли ўртасида, овуляция даврида баъзи аёлларда кам миқдорда қонли ажралмалар кузатилади. Гормонал фондаги ўзгариш сабабли климакс олди даврида ҳам бундай ажралмалар келиши мумкин.

Бундан ташқари, полип ёки аденоминоз — бачадон шиллиқ пардаси (эндометрий) қалинлашиши ва бачадон деворига сингиши касаллиги аломати бўлиши ҳам мумкин. Сикл ўртасидаги ажралма бачадонда ёки бачадон бўйни тўқималарида хавфли ўзгаришлар рўй бераётгани ёки унда инфекция ривожланаётганидан дарак.

Шифокорга цикл ўртасида қонли ажралмалар келишини албатта айтинг. Одатда шифокор кўриши билан касаллик аниқланади, баъзи ҳолларда эндометрий биопсияси ўтказилиши талаб қилиниши мумкин.

Ҳайз цикли тикланди!

Айтайлик, узоқ пайтдан бери ҳайз кўрмайсиз ва унинг бутунлай тўхтаганига амин бўлиб турганингизда яна ҳайз кела бошлади. Климаксдан аввалги даврда аёлларда ҳайз орасидаги давр узайиб кетади. Тўла менопауза даври бошланишига 1 йил қолганда бу муддат 80 кунгача узайиши мумкин.

Бундан ташқари, бу қалқонсимон без фаолияти бузилганидан ҳам дарак беради.

Шифокорга ҳайз орасидаги вақт 90 кундан ошиб кетганидан сўнг яна ҳайз кўра бошлаганингизни албатта билдиринг. Бу гиперплазия — хавфли саратон олди касаллигига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, климаксдан аввалги даврда аёлларда кўкрак оғриқлари, мастопатияга чалиниш µолатлари µам кўп учрайди. Шу сабабли 35 ёшдан сўнг аёл доимий равишда маммолог ва гинеколог кўригидан ўтиши муµим.

Климаксдан аввалги даврни бошдан кечираётган аёлларга гистологик текширувдан ўтиш µам тавсия қилинади.

Ҳайз цикли секин-аста ўзгариб бораётган аёллар одатда контратсепсия воситаларини ишлатишга қунт қилмай қўйишади. Ҳайз даври қай шаклда ўзгараётганидан қатъи назар, ёдингизда бўлсин: бу даврда ҳам ҳомиладор бўлиб қолиш хавфи мавжуд. Аёлнинг ёши катталашгани сари унинг ҳомиладор бўлиш имконияти камайиб бораверади. Лекин статистиканинг кўрсатишича, 35 ёшдан кейинги ҳомиладорликларнинг 30 фоизи режалаштирилмаган ҳомиладорлик сирасига киради.

Ҳайз кунлари борасида фактлар

Ўсмир қизларда ўртача 12,4 ёш ҳайз даври бошланиши кузатилади. Аммо сўнгги йилларда бу ёш пасайиб бормоқда. Масалан, ўтган асрнинг 30-йилларида ўсмир қизлар ўртача 13,3 ёшда ҳайз кўра бошлаган.

Аёлларнинг 58 фоизи контрацептив воситаларни ҳайз олди синдромини енгиллатиш учун қабул қилишади. 51 ёш менопауза содир бўлишининг ўртача ёши ҳисобланади.

Эксперт: Нилуфар АБДУЛЛАЕВА, акушер‑гинеколог.

Журналист: Мадина ЗАРИФ.

Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.