Фарзандни дунёга келтириш арафасида ҳар бир аёл чексиз қувонч билан бирга қўрқувни ҳам ҳис этади. «Туғруқ қанчалик оғриқли кечади?» «Қанча давом этади?» «Унга бардош бериш мумкинми?» «Оғриқдан халос бўлиш учун нима қилиш даркор?» каби саволлар ҳар бир аёлни ўйлантиради. Мана шу саволлар билан Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори ўринбосари Зулфия НЕЪМАТОВАга мурожаат қилдик.
Бахт гормони
Туғруқ пайтида оғриқни табиий усулда ёки дори-дармон ёрдамида енгиш мумкин. Қарангки, табиатнинг ўзи бизга энг муҳим оғриқ қолдирувчи восита — эндорфин (бахт) гормонини тақдим этган. Эндорфин оғриқ қолдирувчи ва қувватни оширувчи восита бўлиб, аёлнинг айни дарди бошланганда кўп миқдорда ишлаб чиқарилади. Фақат организм етарли миқдорда бундай табиий «анестетик»ка эга бўлиши учун аёл туғруққа психологик жиҳатдан тўғри тайёргарлик кўриши зарур.
Тўғри ҳолатни танлаш
Агар шифокор томонидан ҳеч қандай чекловлар қўйилмаса, бўлажак она ўзига қулай ҳолатда туғруққа киришиши мумкин. Кимдир тўлғоқни ётган ҳолда енгил ўтказса, бошқаларда турган ҳолида оғриқ енгилроқ кечади. Бунда ҳар кимнинг ўзига хослигидан келиб чиқилади.
Нафас олиш
Нафас олаётганда енгил ва ёқимли бош айланиши ҳис этсангиз, билингки, тўғри нафас олаяпсиз ва танангиз сизга эндорфинлари билан ёрдамга ошиқмоқда. Тўғри нафас олиш оғриқ қолдириш билан бирга туғруқнинг нисбатан енгил кечишига ёрдам беради. Ахир бачадон мушак тўқималаридан иборат бўлиб, жадал ишлаганда кислород билан тўйинади. Натижада боланинг ҳам кислородга бўлган эҳтиёжи қондирилади.
Уқалаш
Уқалаш худди тўғри нафас олиш сингари оғриқни анча енгиллатиш хусусиятига эга. Уқалашни туғруқ жараёнида иштирок этаётган яқинларингиздан бири бажариши мақсадга мувофиқ. Бундан асосий мақсад тўлғоқ пайтида тана мушакларини имкон қадар бўшаштиришдир.
Бақириш фойда берадими?
Кўпгина бўлажак оналар атрофдагилардан «Бақирсанг, оғриқ енгиллашади» деган маслаҳатларни эшитишади. Аслида қаттиқ бақириш туғилган боланинг юрак уришини тезлашишига сабаб бўлиши мумкин. Демак, бор овоз билан қичқиришга ошиқмаймиз.
Кимёвий оғриқ қолдирувчилар
Туғруқ жараёнида оғриқ қолдирувчи воситалардан фойдаланишни бўлажак онанинг ҳолатига қараб шифокор ҳал қилади. Акушер-гинеколог ва анастезиолог аёлнинг ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, сўнг қуйидаги оғриқ қолдириш усуллардан бирини қўллаш борасида бир қарорга келади.
Эпидураль усул замонавий оғриқсизлантирувчи воситалар орасида она ва боланинг қон таркибига таъсир қилмайдиган, нисбатан хавфсиз ҳисобланади. Бунда бўлажак онанинг бел қисмига оғриқсизлантирувчи восита юборилади ва тананинг белдан пастки қисми сезувчанлигини йўқотади. Бутун дунёда эпидруаль оғриқсизлантириш усули тан олинган бўлса-да, у бош айланиши, бош оғриши ёки тўсатдан аллергия қўзғатиб юбориши мумкин. Туғруқдан кейин аёлнинг белдан паст қисмида вақтинча фалажлик юзага келиши эҳтимоли мавжуд. Воситанинг таъсири тарқагач (3-4 соадан сўнг), ножўя таъсирлари ҳам ортда қолади.
Қай ҳолларда қўлланилади?
Бола чала туғилганида бу усул ёрдамига мурожаат этилиши мумкин. Яъни бола камроқ қаршиликка учраши учун онанинг тос мушакларини бўшаштириш керак.
- Туғруқнинг дискоординацияланишида, яъни тўлғоқ бўлса-ю, бачадон мушаклари нотўғри қисқарса, бир вақтда очилмаса.
- Онанинг артерил босими меъёрдан юқори бўлганда, юрак-қон томир хасталикларида.
- Жарроҳлик амлиётига мурожаат қилишга эҳтиёж туғилганда.
Умумий наркозга фақат фавқулодда ҳолатлардагина мурожаат қилинади. У мушакларни бўшаштириб, бўлажак онани ухлатиб қўяди. Одатда кесарча кесиш амалиёти олдидан қўлланилади.
Оғриқни барча бирдай ҳис қиладими?
Ҳар бир организм ўзига хос бир олам. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кимдир туғруқдаги оғриқни нисбатан камроқ ҳис қилса, бошқаларда қаттиқроқ оғрийди, бу индивидуал ходисадир. Оғриқсизлантирувчи воситаларга ҳам айнан шу индивидуалликдан келиб чиққан ҳолда мурожаат этилади.
Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Кесарча кесиш фойдалими?
Манба: «Суғдиёна» газетаси.
Savolim meni ayolimni bachadonida qandaydir o’simta bor, hozirda 6 oyli xomilaasi bor, u narsa tug’ish jarayonida salbiy tasir o’tgazmaydimi? Va shu narsadan qanday qutulsa bo’ladi?