Ўғил туғилиши сабаби эр уруғининг иссиқлиги, мўллиги ҳамда жинсий яқинлик хотиннинг ҳайздан пок бўлиш вақтига тўғри келишидадир. Уруғнинг ўнг томондан келиши бунга ёрдам беради, чунки бу уруғ иссиқроқ ва қуюқроқ бўлиб, ўнг буйракдан келган бўлади; ўнг буйрак қизиганроқ ва жигарга яқинроқдир. Эрлик уруғи бачадоннииг ўнг томонига тушганида ҳам шундай бўлади. Хотин уруғинииг хоссалари ва қай томондан келиши ҳам аҳамиятлидир. Совуқ мамлакатлар, совуқ фасл ва шимолий шамол боланинг ўғил бўлишига ёрдам беради; бунинг зидди эса аксинча бўлади. Жуда ёш ҳам, кекса ҳам бўлмай, айни йигитлик ёшида қўшилиш ҳам аҳамиятлидир.
Ўғил туғилиши учун эр ҳам, хотин ҳам махсус тайёрланишлари керак. Ўғил туғиш учун хотиннинг уруғи қуюқ, кучли ва иссиқ бўлиши лозим, чунки шундай уруғ эрликни тезроқ қабул қилади. Эр уруғи ҳам хотин уруғидан кучли бўлиши лозим. Бола ўғил туғилиши учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур: хотин ҳам, эр ҳам атир, буғлаш ва озиқ-овқат воситасида ўз организмини қиздириши керак. Бир муддат жинсий яқинликдан сақланиш лозим.
Кўп суюқлик ичмаслик, балки чойни оз-оздан ичиб, қиздирадиган кучли овқатлардан истеъмол қилишлари даркор. Эр ўз уруғини синаб кўриши, агар уруғ суюқ бўлса, қуюлгунча юқоридаги тадбирларни давом эттириши керак бўлади. Кейин чиройли жой солиниб, яхши атирлар билан хушбўйлантирилган ўринда хурсанд, вақти чоғ ҳолда ўғил ҳақида ўйлаш зарур.
Ўғил кўрадиган ҳомиладор аёлнинг белгилари қуйидагилардан иборат:
- Аёлнинг ранги яхшироқ, ўзи хурсандроқ, териси тозароқ, иштаҳаси соғломроқ, ҳомиладорлик аломатлари тинчроқ бўлади.
- Аёл ўнг томондан оғирлик сезса, шу ёндан ҳомила қимирласа, бу ўғил бола эканлигидан дарак беради.
- Аёлнинг кўкрағи катталашиб, ундаги ранг ўзгариши ҳам аввал ўнг томондан бўлади. Айниқса, ўнг кўкрак учи ўсиб, олдин сут келади ва оқади; қуюқ ва ёпишқоқ бўлиб, суюқ ва сувли бўлмайди.
- Аёл сути тирноққа томизилиб, офтобга қаратилса, симоб томчисидек ёки марварид донасидек бўлиб туриб қолади ва ёйилмайди.
- Ўғил боласи бор аёлнинг сийнаси учида қизиллиги ортади-ю, қоралиги ортмайди, оёғининг томирлари ҳам қизаради, қораймайди, ўнг томондаги томирларининг уриши тўлароқ, кетма-кет бўлади.
- Ҳомиладор ўрнидан туриб, сўнгра юра бошлайди, аввал ўнг оёғини ҳаракатга келтиради. У турганда ўнг қўлига тиралиб туради, ўнг кўзи енгилроқ ва тезроқ ҳаракат қилади.
- Ўғил бола уч ойдан кейин, қиз бола тўрт ойдан кейин қимирлай бошлайди.
- Қиз болага юкли бўлиш белгиларига келсак, улар юқоридагиларнинг тескарисидир.
Mанба: Tib.uz