Соғлом оила - соғлом келажак

Ўғил бола саломатлигига нималар хавф туғдиради?

Охирги йилларда ўғил болалар орасида репродуктив тизим туғма нуқсонлари билан туғилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Онанинг ҳомиладорлик даврида бошидан кечирган касалликлари таъсири, ирсий омиллардан ташқари яна нималарга эътибор бериш керак? Шу каби саволларга қуйидаги мақолани ўқиш орқали жавоб олишингиз мумкин.

ogil bolalarga xavflar

Ўғил болаларнинг оналари учун ташвишланарли «сигнал»лар

  • Бола тенгдошларига нисбатан ривожланишдан орқада қолса. Бунинг учун биологик ёш билан боғлиқ суяк ривожланиши тадқиқ этилиши керак. Суяк «ёши» боланинг ёшидан 1,5-2 йилга фарққилиши мумкин, аммо у 3 йилга кечикиши эндокрин тизим чуқур ўрганилишини тақозо этади.
  • Боланинг ортиқча семириши ҳам унда гормонал ўзгаришлар борлигини билдиради.
  • Крипторхизм — ўғил болалардаги туғма эндокрин носоғломлик бўлиб, бунда бир ёки иккала тухум мояк халтасига тушмай, қорин бўшлиғида қолиб кетади.
  • Жинсий аъзоларнинг етарли ривожланмаслиги. Масалан, ўсмир йигитча 13 ёшга тўлганида баданида тук ўсиши бошлансада, гениталий соҳаси ёшга мувофиқ ривожланмагани кузатилса, уни эндокринолог-шифокор ҳузурига олиб бориш зарур.
  • Жинсий аъзоларнинг эрта ривожланиши. Масалан, 7-9 яшар болаларнинг гениталий соҳаси катталарникидек кўриниши бош миядаги ўсмалардан дарак бериши мумкин. Шунинг учун ҳар йили ўғил болаларни уролог, эндокринолог шифокорларга кўрсатиб туринг.

Кимёвий «ҳужум»

Бутун дунёда биз ҳар куни ишлатадиган кимёвий бирикмаларнинг болалар саломатлигига таъсири қай даражада экани кўп бора тадқиқ этилган. Чунки бола организми ривожланиш босқичида экан, у катталарга нисбатан кўпроқ таъсирчан бўлади. Натижалар эса бола ҳали она қорнидаёқ кимёвий хуружларга дучор бўлаётганини кўрсатмоқда. Қандай қилиб?

Кундалик ҳаётимизда дастёр бўлиб қолган пластик буюмлар ва маҳсулотлар ҳечам зиён келтирмайдигандек. Аммо маҳсулотлар, маиший техника, косметика кабиларни қадоқлаш учун ишлатиладиган пластикни ишлаб чиқаришда ВРА (А бисфеноли) деб номланадиган кимёвий зарарли моддалардан фойдаланилади. Худди ана шу модда ўғил болалардаги пешоб чиқариш канали ва бошқа репродуктив тизим аъзоларига салбий таъсир кўрсатади. Кейинроқ улардаги уруғ суюқлиги даражаси камайиши, ҳатто хавфли ўсмалар пайдо бўлиши эҳтимолини кучайтиради. Буни бугунги дунё тиббий тажрибаси тасдиқлаб турибди.

ЎҚИНГ:   Андропауза ёхуд эркак климакси

Гормонларни нима ўзгартиради?

Организмдаги ҳужайраларда гормонларга таъсирчан рецепторлар бўлади. Зарур гормон ишлаб чиқарилганда, ҳужайра унга маълум аниқлик билан ёндашади. Масалан, эстроген гормони ажралганида, ҳужайраларга аёллардаги жинсий аъзолар шакллана, ҳайз циклининг бошқарила бошлагани ҳақида маълумот беради. Андрогенлар эса аксинча, эркакларнинг репродуктив тизими шаклланишида иштирок этади. Бироқ эстроген таркибига яқин бўлган кимёвий модда ана шу рецепторларга зарур бўлмаган миқдорда ва бемаврид келиб тушса, бу жинсий аъзоларнинг нотўғри ривожланишидан тортиб бепуштликкача олиб келиши мумкин. Маълум бўлишича, ўғил болалар қизларга нисбатан ана шу омилларга кўпроқ таъсирчан бўлади. ВРАдан ташқари шундай кимёвий бирикмаларга триклозан (дезодорант, тиш пастаси, совун ишлаб чиқаришда қўлланиладиган антибактериал восита), атразин (ҳашаротларга қарши гербитсидга оид модда бўлиб, сувга тушганида хавф туғдиради) ҳам киради. Буларнинг салбий таъсири ҳақида ягона тўхтамга келинмаган бўлсада, мутахассислар иложи бўлса, бу моддалар таъсирини камайтирувчи тадбирларни амалга ошириш даркорлигини таъкидлашаяпти.

ВРА миқдорини камайтирувчи фойдали маҳсулотлар

  1. Маҳсулотларни микротўлқинли печда иситадиган бўлсангиз, уларни асло пластик контейнер ва плёнкаларга ўраманг.
  2. Бутилка ва сўрғичларнинг қутисига «Таркибида ВРА йўқ» деб ёзилганидан ишлатинг.
  3. Иложи борича пластик ва контейнерларда сотиладиган маҳсулотларни сотиб олманг.
  4. Ҳашаротларга қарши турли кимёвий моддаларни ишлатманг, уларни уй ва боғдаги ўсимликларга сепманг.
  5. Тиш пасталари, гел ва дезодорантларнинг триклозансизини харид қилинг.
  6. Маиший кимёвий воситаларнинг ўткир ҳидлиларидан воз кечганингиз маъқул.

Соатлик тагликлар ўғил бола жинсий саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?

Болага таглик кийдиришга эҳтиёж бўлган пайтларда улардан иложи борича камроқ фойдаланиш зарур. Бу нафақат ўғил бола, балки қизалоқларга ҳам бирдек тааллуқли. Чунки улар оралиқ терисининг яллиғланишидан тортиб бепуштликкача олиб келиши мумкин.

Эксперт: Ойбек ЭРГАШЕВ, болалар урологи.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш

Бош саҳифа » Андрология » Ўғил бола саломатлигига нималар хавф туғдиради?

loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.