Балоғат даври бола организмида физиологик ривожланиш, ички қарама-қаршиликлар, феъл-атвордаги ўзгаришлар билан кечади. Бу жараёнда ўсмирга нафақат руҳий мадад,балки тиббий маслаҳатлар ва тўғри йўналиш ҳам зарур. Айниқса, вояга етаётган қиз бола учун бу ўта муҳим.
Аммо ҳар доим ҳам оилада ушбу масала ўсмир билан очиқ муҳокама қилинмайди. Баъзан эса оналарнинг ўзида бу борада етарли тушунча йўқлигидан муаммолар юзага келиши мумкин. Тошкент шаҳри Учтепа тумани 25-оилавий поликлиника гинекологи Назира ТАНГИРОВАнинг ушбу йўналишдаги тиббий маслаҳатлари фойдадан холи эмас.
Йилда бир марта гинеколог маслаҳати зарур
Қиз бола балоғатга етиш даврининг илк босқичида — 11-12 ёшда, ҳеч нарса безовта қилмаса ҳам, гинекологнинг умумий кўригидан ўтиши керак. Чунки гинеколог нафақат аёллар касалликларини даволайди, балки вояга етаётган қиз организмидаги ўзига хос ўзгаришларни кузатиб, баҳолайди. Наслда бирор касалликка мойиллик бўлса, унинг олдини олишда ҳам шифокор кўриги муҳим. Шу сабабли вояга етаётган қизни йилда бир марта гинеколог текширувидан ўтказиш лозим.
Қандай ҳолатларда гинеколог кўриги зарур?
Балоғат ёшидаги қизингизда қуйидаги ҳолатлар кузатилса, дарҳол оилавий шифокорингизга мурожаат қилинг:
- ҳайз келиши тўхтаб қолганда;
- ҳайз цикли бузилганда (одатда, 21, 24, 28, 32 кун оралиғидаги цикл меъёр ҳисобланади);
- ҳайз кучли оғриқ билан кечса (одатда, қизлар бу пайтда қориннинг пастида тортишадиган оғриқдан шикоят қилади. Бу ҳолат бачадоннинг ҳали тўла ривожланиб улгурмаганидан дарак. Баъзан оғриқнинг давомий кечиши кузатилади. Бу эса сурункали шамоллаш, жинсий аъзолар хасталаниши, эндометриоздан бўлиши мумкин ва ҳар икки ҳолат ҳам малакали тиббий кўрикни талаб қилади);
- ҳайз уч кундан кам ва етти кундан кўп келса;
- 12-13 ёшда ҳам ўсмирликка хос бирор ташқи белги кузатилмаса;
- балоғатга етиш даври эрта бошланганда (одатда, тўлачадан келган қизларда озғинларга нисбатан ривожланиш тезроқ бошланади).
Кийимлар ва тозалик
Бу даврда тозаликка янада кўпроқ аҳамият қаратиш талаб этилади. Турли сув ҳавзаларида чўмилиш, умуман, узоқ вақт иссиқ ёки совуқ сувда қолиш асло мумкин эмас. Спорт машғулотларининг ҳам енгилроқ, организмни зўриқтирмайдиган тури билан шуғулланган маъқул.
Балоғат даврида қиз боланинг кийиниши жиддий эътибор талаб этади. Ҳаддан ташқари тор кийим организмнинг сиқилишига сабаб бўлиб, тана аъзоларининг нотўғри ривожланишига олиб келади. Бундан ташқари, кийим матосининг тури ҳам аҳамиятли: синтетик матодан тикилган кийим ҳаво ўтказмай, турли тери касалликларини пайдо қилиши мумкин.
Шуни алоҳида эслатиб ўтиш лозимки, баланд пошнали оёқ кийимлар нафақат соғлиқни ёмонлаштиради, балки қоматнинг текис ва чиройли ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Айниқса, бу яссиоёқликка олиб келади. Шу сабабли чиройли қомат ва мустаҳкам соғлиққа эга бўлишни хоҳлаган қиз ушбу тавсияларни ёдда сақлаши лозим.
Мутахассис: Назира ТАНГИРОВА, гинеколог.
Журналист: Рушана РАЖАБОВА.
Манба: «Оила даврасида» газетаси.
4 yıldan buyon farzandli bolmadim nma qisam boladi