Соғлом оила - соғлом келажак

Никоҳланишдан олдинги тиббий кўрикдан муддао нима?

Ёшлар ўз никоҳларини қонунлаштириш учун дастлаб, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идораси (ФҲДЁ)га ариза берадилар. Ариза берилган кундан бошлаб, бир ой муддат белгиланади. Шу жараёнда ўйламасдан, бир-бирларини яхши билмасдан шошилинч никоҳланишнинг олди олинади, никоҳга монелик қиладиган ҳолатлар бор-йўқлигини текшириб кўришга вақт берилади. Ёшлар бу вақт ичида аниқ бир тўхтамга келадилар.

тиббий кўрик

Бўлажак келин ёки куёвда маълум нуқсонлар борлиги ва оилада соғлом фарзанднинг туғилиши учун тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш, айниқса, соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар дунёга келишининг олдини олиш мақсадида ёшлар тиббий кўрикдан ўтишлари белгилаб қўйилган (Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси, 17-модда).

Тиббий кўрик ўтказилишидан кўзда тутилган мақсад қуйидагилар:

  • Никоҳланувчиларнинг ўз соғлиқлари ҳақида тўла маълумотга эга бўлишлари.
  • Фарзанд кўришга лаёқати бор-йўқлигини аниқлаш.
  • Туғилажак фарзандлар ирсий ва жисмоний нуқсонсиз бўлишига эришиш.
  • Йигит билан қизда ҳаёт учун хавфли касалликлар аниқланса, никоҳгача уларни даволаш ва дарддан фориғ бўлишларига имкон яратиш.
  • Никоҳдан кейинги касалликлар (бепуштлик, касаллик асорати туфайли, бўлғуси ота ёки онанинг ҳаётига хавф солувчи ҳолатлар, ногирон бола туғилиши)нинг олдини олишдан иборат.

Ёшлар ариза топширишгач, йўлланма билан ўзлари яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига юбориладилар. Улар руҳий, наркологик, таносил касалликлари ва сил хасталиги ҳамда ОИТС (СПИД) бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Бу билан келгусида ногирон фарзанд туғилишининг олди олинади.

Бўлғуси куёв ёки келин таносил касаллиги ёки иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) борлигини яширса, бундан хабар топган йигит ёки қиз судга мурожаат этган ҳолда никоҳ ҳақиқий эмас, деб топилади. (Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси, 49-модда).

Тиббий кўрик нафақат оила пойдевори мустаҳкам бўлишига имкон яратади, балки ёшлар соғлигини ҳар томонлама тўла кафолатлайди.

Барча ФҲДЁ идоралари қошида “Ёш оила мактаби” ташкил этилган. Уларда бўлғуси оиланинг соғлом ҳаёт кечириши ва учраши мумкин бўлган турли касалликларнинг олдини олиш борасида ёшларга тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилган. Хуллас, соғлом авлодни дунёга келтириш ва вояга етказишдек ўта масъулиятли вазифанинг бажарилишига ҳамма ўзини масъул деб билса, жамиятимизнинг маънан ва жисмонан соғломлиги таъминланган бўлур эди.

Мутахассис: Дилафрўз ҚУРБОНОВА,
Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология
илмий-амалий тиббиёт марказининг илмий ходими,
ўсмирлар гинекологи.