Афсуски, бугунги кунга келиб, бу удум бироз заифлашиб қолгандай. Негаки, баъзи оилалар келин олаётганда ёки қиз узатаётганда йигит ёки қизнинг таг-туги, насл-насабию саломатлиги, оила қуришга нечоғли тайёр эканлигига аҳамият қаратмай, сеп-сидирғаси, қуда бўлмишнинг ҳашамдор ҳовлисию қўша-қўша машиналарига маҳлиё бўлиб қолмоқда. Минг ачинарлиси, бунинг натижасида маълум вақт ўтиб, улар афсус-надомат чекиб қолмоқдалар.
Тиббий кўрикдан ўтишга бефарқ бўлманг!
Айни пайтда никоҳни қайд этишдан аввалги тиббий кўрикдан ўтиш зарурлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Аксарият фуқаролар бу масалага жиддий ёндашмоқда. Бироқ ҳалигача тиббий кўрикка панжа орасидан қараётганлар ҳам оз бўлса-да учраб турибди. Бу эса жамиятимиз олдида турган муаммолардан биридир. Биз қуйида тиббий кўрик, унинг аҳамияти ва роли хусусида фикр юритамиз.
Мавзу юзасидан ФҲДЁ бўлими мудираси Иродахон Эргашева ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365- сонли «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ бўлғуси келин-куёвлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад — ирсий ва наслий касалликларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтириш. Минг афсуски, айрим ота-оналарнинг ўз фарзандлари соғлигига, тақдирига бефарқлиги юрагимни зирқиратади. Масалан, фаолиятимиз жараёнида шундай ҳолатлар бўладики, унда никоҳни расман қайд этишга виждонимиз йўл бермайди. Лекин шундай пайтларда баъзи ота-оналарнинг фикрига қарши боролмай қоламиз. Яқиндагина ана шундай ҳолатга дуч келдик.
Куёв бўлмиш йигит Россия давлатида ишлаб, у ердан юқумли касаллик орттириб олганлиги, ҳозирда у даволанишнинг якуний босқичда эканлиги тиббий кўрик жараёнида аниқланди. Биз қиз ва йигитнинг ота-онасини чақиртириб, вазиятни тушунтирдик. Бирор муддат тўйни тўхтатиб туриш кераклиги, касаллик асоратларига тўла барҳам берилмаса, келинга ҳам юқиб қолиши мумкинлигини айтдик.
Куёв томон тўйни қилмасак бўлмайди, деган қатъий фикрни айтди. Келин томон эса: «Тўй куни белгиланган, тўйхона банд этилган, меҳмонларга таклифномалар тарқатилган, сеплар ёйилиб, куёв уйлари безатилган, энди тўй қолдирилди десак, одамлар нима деб ўйлайди, қизим қандай аҳволга тушади?!» деган мулоҳазани билдирди.
Томонлар келин ва куёв шифокор назоратига тез-тез келиб туришига келишиб, тўйни тўхтатмасликка қарор қилдилар, никоҳ расман қайд этилди. Сўраб-суриштирсак, йигит узоқ йиллар Россияда юрган, топарман-тутарман, ёш бўлса-да, шахсий машинаси, алоҳида участкаси бор экан.
Фаолиятимизда оз бўлса-да, бунга ўхшаш ҳолатлар дуч келганимизда кўра била туриб, ўз фарзандини чоҳга итараётган ота-оналардан қаттиқ хафа бўламиз. Ахир дабдабали тўй, машина, данғиллама участка фарзандини бахтли қилолмаслигини, бундай нохуш ҳолатлар фарзандининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, бунинг ортидан у қанчалар азият чекиши мумкинлигини ота-она қачон англаб етар экан деган саволга жавоб топишга қийналамиз.
… Яна баъзи бир кимсалар аллақачон шаръий никоҳ билан оила қуришган, етти-саккиз ой яшаб қўйишган, келин ҳомиладор, эрта-индин кўзи ёрийди, чақалоғига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиши керак бўлгани учун ҳам никоҳини расмий қайд этиш учун ариза беришади. Бундай ҳолатда ҳам биз, албатта, тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўлланма берамиз. Ачинарли томони шундаки, баъзи ҳолларда келин-куёвларда турли хасталиклар мавжудлиги аниқланади. Бу вазиятда келин ёки куёв учун орқага йўл йўқ.
Келин ҳомиладор, отаси ёки онасида кузатилган касаллик ҳомилага таъсир кўрсатмай қолмайди. Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун биз имом-котиблари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.
Ҳозирги кунда ёшлар тўй оқшомида никоҳ гувоҳномасини қабул қилишлари одат тусига кирган. Шу сабабли ёшлар тиббий кўрикдан ўтгач, натижалари билан танишганимиздан сўнг уларга шаръий никоҳ ўқитиш учун махсус маълумотнома берамиз.
Тўғри, ўзига билдирилган ишончни суистеъмол қилиб, айрим шифокорлар томонидан тиббий кўрик натижаларини кўр-кўрона, ёлғон-яшиқ билан тўлдириб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради. Қиз узатган ота-оналар остонамизга би келиб: «Куёв касал экан, яширишган экан, энди қизимизни у билан яшаттирмаймиз» деб, ўғил уйлантирганлар: «Келин касалманд экан, бизни алдаб дардманд қизларини беришибди», деб келган пайтлари ҳам бўлган. Бундай ҳолатларнинг рўй бермаслиги учун никоҳланувчи шахслар, албатта, тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
Шу ўринда фуқароларимиз, янги ҳаёт остонасида турган ёшларимизга мурожаат этиб айтмоқчиманки, ҳеч қачон ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти, соғлигига бефарқ бўлманг. Унутманг, оила аъзоларингизнинг соғломлиги — мустаҳкам оиланинг асосини ташкил этади.
Тиббий кўрик натижалари сир тутилади
Фуқаролигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳи рўйхатдан ўтказиладиган барча фуқаролар Оила Кодексига мувофиқ белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади.
Тиббий кўрик натижалари эса сир тутилади. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад — оилада соғлом муҳитни шакллантириш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишдан иборат.
Тиббий кўрик жараёнида ёшларнинг бири ёки икковида ҳам касаллик аниқланган ҳолатда уларнинг ўзларига, ота-оналарига ва никоҳни қайд этувчи муассаса мутахассисларига тегишли тартибда маълум қилинади. Яъни, тиббий кўрик натижалари сир тутилади.
Зурриётларимиз саломатлигига эътибор
Андижон шаҳридаги «Қора қўрғон» жомеъ масжиди имоми Зуҳриддин Мусажонов мавзу юзасидан шундай дейди:
— Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас келишув ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.
Оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказишликнинг жорий этилгани давлатимиз томонидан қилинаётган хайрли, жуда зарур ва ўринли ишлардан биридир.
Ҳар бир ота-она не-не умидлар билан турмушга узатган қизининг турмуш ўртоғи ёки олган келини бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг.
Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.
Ислом таълимоти инсонларга фақат яхшиликни истайди ва уларнинг бир-бирларига озор бермасликлари тарафдоридир. Шундай экан, аввало фарзандингизнинг соғлигига алоҳида эътибор қаратинг.
Шу ўринда турли нохушликларнинг олдини олиш мақсадида шаръий никоҳ ўқувчи домла-имомларнинг никоҳ расмий қайд этганлигини далолат этувчи гувоҳномани кўриб, ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтганларига ишонч ҳосил қилганларидан кейингина никоҳ ўқишлари мақсадга мувофиқдир.
Соғлом, фарзандлари бахтли одамнинг кўнгли хотиржам бўлади. Хотиржам кўнгилга эса орзу-ҳавас, тўй-ҳашам, шодлигу қувонч ярашади. Бунинг учун ҳам инсондан эътибор ва ўз соғлигига масъуллик талаб қилинади. Демак, бахтли, мазмунли ва хотиржам яшашлигимиз учун, энг аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда турмуш кечиришимиз, соғлигимизга эътибор қаратишимиз зарурлигини асло унутмайлик.
Журналист: Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
Манба: «Иқбол» газетаси