Соғлом оила - соғлом келажак

Никоҳ ёши ўзгариши мумкин

Сўнгги кунларда тўй маросими ва никоҳ масалалари юзасидан жиддий мунозаралар, қизғин баҳслар олиб борилмоқда. Табиийки, ҳар бир тараф ўзининг эркин фикри ва далилларини келтириб, сўзларининг ҳақиқатга мос эканини даъво қилади.

nikoh yoshi, никох

Ана шундай ижтимоий масалалардан бири бу никоҳ ёшининг белгиланишига бориб тақалади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида эса шундай дейилган: «Никоҳ ёши эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин».

«Никоҳ ёшини белгилашда ҳар бир давлат ўз миллий шарт-шароити, ҳудудий ўзига хослиги, аҳолининг никоҳга муносабати ва репродуктив ҳолатидан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, тарихий-миллий анъаналарига мувофиқ равишда иш юритади ҳамда бу қонун ва қонуности ҳужжатларида ўзининг ҳуқуқий аксини топади. Аксарият давлатларда никоҳ ёшини йигит ва қиз учун бир хил этиб белгилаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланар экан», — дейди бу борада халқаро тажрибани ўрганган олима, психология фанлари доктори Васила Каримова.

Шунингдек, яна бир бошқа ҳужжатда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ҳужжатининг 3-моддасида таъкидланганидек, 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланади. Маълум бўладики, миллий қонунчилигимизнинг ўзида белгиланган нормалар қизлар орасида тез-тез кузатиладиган мажбурий, эрта ва келишилган никоҳларнинг асл келиб чиқиши омилига ишора қилади.

Белгиланган тартиблар, қизларнинг турмушга чиқишдаги энг минимал ёш чегараси Хотин-қизлар қўмитасининг аёл ва қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги барча талабларини қондирадими?

Албатта, Хотин-қизлар қўмитаси бу масалага жиддий эътибор қаратади ҳамда белгиланган нормадан қаноатланмайди, биз никоҳ ёшининг ўн етти ёш этиб белгиланишига қаршимиз. Бундан аввал никоҳ ҳолати қайд этишга монелик қилувчи вазият мавжуд эди, яъни мажбурий 12 йиллик таълим тизимини назарда тутмоқдаман. Эндиликда таълим тизимида жорий қилинган 11 йиллик мактаб таълим тизими мантиқан никоҳ ҳолатини қайд этишга тўсқинлик қилмайди. Шундай экан, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари Олий Мажлис Қонунучилик палатасида қизларнинг никоҳ ёшини ошириш масаласини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқмоқда.

Қизлар орасида кузатилаётган эрта никоҳ ҳолатининг пайдо бўлишига қонунан рухсат бериш ёки унинг ёш чегарасини ошириб, қатъий қилиб белгилаш бўйича амалий чоралар кўрилмаган, мутасаддининг сўзларига кўра, айни дамда ушбу ташаббус юзасидан қонун лойиҳасини тузиб чиқиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Ўхшаш мақола: Никоҳланишдан олдинги тиббий кўрикдан муддао нима?

Манба: Kun.uz