Соғлом оила - соғлом келажак

Ёш келин-куёвларнинг меъёриш қовуша олмаслигига сабаб нима? (Мактуб)

Учинчи минг йилликнинг дастлабки асри — ахборот асри сифатида эътироф этилаётир. Дарҳақиқат, жаҳон афкор оммаси тобора ахборотлар гирдобига тушиб қолмоқда. Кўплаб шов-шувлар, илмий манбалар билан қоришиб кетиб, фисқу фужур тарзидаги тафаккурни оғуловчи, турли кони зиён миш-мишларга айланмоқда ва нафақат инсоннинг онги ва иймони, балки саломатлигига ҳам таъсирини ўтказмоқда.

Ушбу ўринда ахборотни нотўғри қабул қилиб, ўзидаги меъёрий жиҳатларни ҳам тана дарди аломатларига йўйиб, изтироблар исканжасига тушиб қолган айрим замондошларимизнинг қисматларидан тегишлича хулосалар чиқазиб олишларингизга умид қилиб қоламиз.

«29 ёшдаман. Оилада тўнғич ўғилман. Уйланганимга деярли бир йил бўлди. Аммо ҳанузгача эр-хотинлик муносабатларимиз ўз маромига тушмаган. Келинг, яхшиси бошидан сўзлаб берай. Касбим — муҳандис. Компьютерлар билан узвий боғлиқликда ишлайман. Аввал олийгоҳни тугаллаб, кейин уч йил муддат ичида номзодлик диссертациясини ёзиб тугалладим ҳам. Аммо бир мунча кеч уйланганимга шуларни сабаб қилиб кўрсатсам-да, аслида ич-ичдан ҳадик сезардим. Чунки ҳали ўттиз билан юзлашмасданоқ, ўзимни мижози сустдек ҳис этардим. Йигирма ёшимдаги кучли иштиёқнинг қайга йўқолганини билолмай ҳангу-манг эдим. Уйдагилар қистови билан уйландим, аммо илк оқшомда ҳам, кейин ҳам қовуша олмадим. Шундан сўнг сарсон-саргардонликлар бошланди. Дастлаб, шифокор-мутахассис қабулида бўлдим. Аммо кўриниши ўзбекка ўхшаса-да, ўрисча гапирадиган бу дўхтир мендаги ҳолатни «гўллигим — тажрибасизлигим»га йўйди ва малака оширишим зарурлигини уқтирди. Минг бир истиҳола билан дўхтир ёзиб берган манзилга бориб, эшик қоқдим. Қирқ ёшларни қоралаб қолган аёл мени уйига бошлади ва шундай ишлар қилдики, ер ёрилиб, ерга кириб кетмадим.

Бу муолажадан наф олиш ўрнига «ўзимга бирор касаллик юқтирмадимми?» деган қўрқувлар исканжасида ортга қайтдим. Шундан сўнг дўхтир қабулига қайта бормасликка қарор қилдим.

Онам биз ёш келин-куёвларни «нафаси ўткир» бир кишининг қабулига бошлаб бордилар. У киши бизни кўрибоқ, «иссиқ-совуқ» қилган ғаразгўй қўшниларимизнинг гўрига ғишт қалаб ташлади. Унинг «куф-суф»лари-ю, «сеҳр-жоду»ларидан баҳра олгач, ўзимни анча енгиллашгандек ҳис этсам-да, мақсадга эриша олмадим. У домланинг қабулига бир неча ой қатнаб, бўйимиз қадар қарзга ҳам ботиб улгургач, бунга барҳам бердик.

Дардимиз овозаси маҳаллага ҳам ёйилиб улгурган, шекилли, маҳалламизда яшовчи бир опа фарангларнинг «сеҳрли дори»сини таъриф-тавсиф этиб эси кетди. Қарзларни узиш ҳамда бу дорини сотиб олиш учун эски машинамизни ҳам арзон-гаровга пулладик. Аммо наф бўлмади. Дунё кўзимга қоронғу, нима қилишга ҳайронман».

А.

Ушбу мактубни олгач, бу қисмат соҳибини ўз қабулимга чорлаганимда ёш келинчакни уйидагилар олиб кетиб улгуришган экан. Шундай бўлса-да, бу ёш оилага ёрдам беришга қарор қилдик.
Дастлабки текширувда йигитнинг жинсий жиҳатдан соғломлиги, аммо асаб-руҳий тизимининг издан чиққанлиги аниқланган бўлса-да, бунга унинг ўзини ишонтириш анча қийин бўлди. Шу боис унинг ҳаётида бўлган воқеаларни унинг ўзи билан биргаликда таҳлил этишга уриндик:

Биринчидан, балоғат ёшидаги аксар йигитлар жинсий қўзғалиш меъёри дея 16-20 ёшлардаги шаҳвоний жўшқинлик давридаги ҳолатни тушунишади. Ваҳоланки, 22-30 ёшлардаги йигитларда меъёрий кўриниш бироз бошқачароқ бўлиб, жунбишга келувчи аъзонинг гўёки «ақли киради», яъни фақат зарур пайтдагина қўзғалади. Таассуфки, ўттиз ёшни қоралаётган йигитлардаги бу ҳис бироз «мудроқ» бўлиб, уни уйғотиш учун фурсат, узоқроқ ўз жуфтини эркалаш талаб этилади. Афсуски, айримлар Ғарбга тақлидан ўттиз ёшни қоралаб, оила боқишга тўла-тўкис қодир бўлгандан кейингина уйланиш лозимлигини таъкидлашса-да, бу вақтга келиб уларнинг ўз жинсий имконларига ҳадиксиранкираб қараб қолишларини англаб етмаётирлар. Ваҳоланки, айнан шу митти ҳадик бора-бора улкан дардга айланиши ҳам ҳеч гап эмас.

Иккинчидан, ақлий меҳнат соҳиблари, яъни илмий жабҳада заҳмат чекаётганлар, компьютер рўпарасидан уззу кун қўним топганларнинг жинсий қобилияти жисмоний меҳнат билан шуғулланувчиларникига нисбатан бирмунча пастроқ бўлиши кузатилади. Қолаверса, ярим яланғоч либосли аёллар қуршовида ишлаш, экранда кўп беҳаёликлар кўриш ҳам рағбатни «тўйинтириб қўяди».

Учинчидан, табиатан таъсирчан йигитларнинг жинсий имконияти ҳар қандай нохушликларга нисбатан ўта сезувчан бўлади. Йигитнинг фаҳш ботқоғига рўбарў келиши, эҳтимол, уни жамики аёл зотидан бездириб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.

Тўртинчидан, илк оқшомдаги қовушишга нисбатан ўта совуққон бўлиш ҳам, аксинча, ўта чўчиш ҳам кони зарардир. Қабулимизга нажот истаб келган ёш келин-куёвлар қимтиниб, истиҳола қилиб туришади. Уларга илк оқшомда қовуша олмаслик ҳар ўн ёш оиланинг икки-уч нафарида учрашини айтганимиздан сўнггина ёрилишади. Шундай сўзларимиз билан ўз умрига интиҳо нуқтасини қўйишга интилган ўнлаб ёш куёвлардаги тушкун кайфиятни бартараф этишимизга тўғри келган. Аммо китобларимизда келтирилган маълумотларни ўқиб, ўз сиҳатига шубҳаланиб қолган бўйдоқ йигитлар ҳам қабулимизда бўлишган. Аниқроғи, ҳар қандай дард ҳақида тушунча берганимизда улар аксари одамларга наф берса-да, айримларга акс таъсир этиши ҳам аччиқ ҳақиқат.

Бешинчидан, юқоридаги қисмат соҳиби «дами ўткир» домланинг илк қабулидаёқ ваҳима-гумонлар гирдобида қолган. Афсуски, айрим «тирикчилик қули» бўлиб қолган кимсалар қабулига келган барча келин-куёвларга «иссиқ-совуқ» қилинганлик ташхисини қўйишади. Натижада, оддий руҳий тушкунлик боис вақтинча қовуша олмаётган ёш келин-куёвлаp ваҳималар домига тушиб, «фобия» дардига мубтало бўлишади. Қолаверса, қўни-қўшниларга нисбатан бадгумонлик, ғам-ғусса ҳам дардга етакловчи омиллардир.

Олтинчидан, ҳозирги кунда айрим тужжор, тирикчилик қуллари ҳатто мактабни амал-тақал тугаллаган бўлсалар-да, ўзларини «халқ табобати билимдонлари, иқтидорли, ягона шифокор» эканликларини эълон қилишдан уялмаётирлар. Уларнинг аксариятининг қабулида бир бор бўлган соғлом одам ҳам ўзини бедаво дардларга гирифторлигини «англайди».
Ҳозирги кунда кўча-кўйда осмон нархидаги сеҳрли дориворлар сотиш ҳам кенг тус олганлиги ачинарли ҳол. Юқоридаги қисмат соҳиби ҳам шундайлар қўлига тушиб куйганлардан.

Хуллас, бу ёш йигит ҳаётини изга солиш осон кечмади.

Қарийб ярим ойлардан сўнг у келинни ўз уйига қайтариб келди. Аҳли оиласи билан биргаликда ўз фожеалари моҳиятини англаб етиб, анча фурсатлардан сўнг қовушиш бахтига муяссар бўлишди.

 

Афсуски, ҳаётда фобия — ваҳима, қўрқув дардига йўлиқиб қолиш ҳоллари тез-тез учраб туради. Фобиянинг минглаб турлари мавжуд. Бу дардга ўта оми, яъни ахборотни таҳлил этиб, ўзига зарур қисмини қабул этиш қобилиятидан мосуво кимсалар кўпроқ мубтало бўлишади. Билъакс, зиёли бўлса-да, ишонувчан кишиларда ҳам бу дард­га мойиллик сезилади. Бу дарднинг кенг кўламда урчиб кетишида ахборотларни бузиб шов-шув ясовчи матбуот воситалари, ҳаттоки интернет тизимидаги айрим салбий жиҳатлар ҳам салмоқли ўрин тутади. Айрим тужжор дори ишлаб чиқувчи компаниялар ва муассасалар ўз ҳамёнларини қаппайтириш мақсадида инсонлардаги меъёрий физиологик жараёнларни ҳам касаллик аломатлари дея оммани алдашаётир ва ўз дориларини тарқатишга муваффақ бўлишмоқда.

Иқтисодий қийинчиликлар даври бўлаётган ушбу кезларда айрим шифокорлар ўсмирлардаги меъёрий эҳтиломни, вужуд жунбушга келганда пешоб канали учида томчи суюқлик пайдо бўлишини, пешоб йўлларининг тузлар чиқаётганда бироз ачишишини ҳам «таносил касалликлар белгиси» дея даволашаётганлари ҳам узуқ-юлуқ қулоғимизга чалиниб туради.
Сир эмаски, ҳозирги кунда дардларнинг келиб чиқишида 70 фоиздан зиёд ҳолларда стресс, яъни сиқиқ кайфият сабаб бўлади.

Демак, бир-биримизни асрайлик, замондошлар! Фобия каби нохуш ҳолларга йўлиқмасликнинг энг тўғри йўли — одамнинг ўз меъёрий физиологияси ва тузилишидан бохабар бўлишидир. Қолаверса, бундай ҳолларда сизга иймони бут мутахассисгина кўмакчи бўла олади.

Ўқишингизга тавсия этамиз:  Аёл жинсий алоқадан қачон қониқади?

Манба: Tib.uz