Менопауза – турлари, белгилари, асоратлари, ташхислаш ва даволаш усуллари

Менопауза — аёл насл қолдириш хусусиятини йўқотадиган ва менструал цикллар тўхташи юз берадиган жараён ҳисобланади. Менопауза ҳаёт давомида табиий равишда рўй беради ва касаллик ҳисобланмайди. Табиий жараён бўлишига қарамай, эътиборсиз қолдирилса, бир қанча асоратларга олиб келади.

Менопауза ҳақида қисқача

  • Климакс аёл кишининг репродуктив ҳаёти ниҳоясига етганини кўрсатиб беради.
  • Менопауза симптомларига киради: иссиқликнинг бирдан қуйилиб келиши, тунгги терлашлар, кайфиятнинг тушиб кетиши ва бир қанча когнитив ўзгаришлар.
  • Менопаузанинг симптомлари қондаги аёллик гормонларинг миқдори камайиб кетгани туфайли юзага келади.
  • Менопаузага қарши курашда ўрин босувчи гормонал терапия, ўзини бошқариш техникалари, уй шароитида даво чоралари ёрдам беради.

Менопауза турлари

Асосан икки турга бўлинади: табиий ва сунъий. Табиий менопауза ёшга боғлиқ ҳолда тухумдонлардаги фолликулалар захираси тугашига боғлиқ. Агар аёлда тезда жинсий гормонлар синтезини тўхтатиш зарурияти паё бўлса, сунъий менопауза ҳосил қилинади. Бундай патологияларга киради:

Сунъий ҳосил қилинган менопаузаниг афзаллик томони шундаки, у патологик тўқималар ўсишини тўхтатади ва атрофиясига олиб келади.

Сунъий менопауза қуйидаги йўллар билан чақирилади:

  1. Жарроҳлик амалиёти — тухумдонларни кесиб олиб ташлаш, овариектомия. Бу операцияга кўрсатмалар: кўкрак бези, бачадон ва тухумдонлардаги ўсмалар.
  2. Дори воситаларини қабул қилиш. Бироз енгилроқ усул ҳисобланиб менструал циклларни махсус препаратлар ёрдамида вақтинча тўхтатиб турилади.
  3. Тухумдонларга рентген нурлари билан таъсир кўрсатиш. Бу усул ёмон сифатли ўсмаларда қўлланилади.

Менопауза қачон бошланади?

Кўплаб аёлларда менопауза 47 ёшдан 52 ёш оралиғида бошланади. Бу ҳолатнинг юзага келиши жуда эрта бошланиши ёки бир неча йилга сурилиши мумкин. 40 ёшда бошланган менопауза эрта менопауза, кечкиси эса 56-65 ёш оралиғида бўлади. Менопауза юзага келишига қуйидаги омиллар таъсир қилади:

  1. Генетик. Тухумдонлардаги эстрогенларни синтезловчи фолликулалар сони ген даражасида дастурлаштирилган бўлади. Бу менструал циклларни бошқариб турувчи гипоталамус ва гипофизга ҳам тааллуқли.
  2. Географик. Қуёш нури менструал циклларнинг эрта ёки кеч тўхташига таъсир кўрсатади.
  3. Аёлнинг феъл-атворига. Фаол жинсий ҳаёт олиб борадиган ва сексуал хоҳишлари қондириладиган аёлларда климакс кеч бошланади.
  4. Ижтимоий-иқтисодий. Узоқ муддатли психик босимни ҳис қилмайдиган, яхши ойлик оладиган ва оғир жисмоний меҳнат билан шуғилланмайдиган аёлларда климакс кеч бошланади.
  5. Психологик. Тез-тез рўй берадиган стресслар ва узоқ давом этадиган психоэмоционал зўриқишлар климаксни яқинлаштиради.
климакс, менопауза

Менопауза белгилари ва симптомлари

Менопауза касаллик ҳисобланмайди, лекин организмда чуқур ўзгаришларга олиб келади. Бу ҳолат охирги ментруациядан ўн икки ой ўтгандан сўнг юзага келади. Бироқ менопауза симптомлари бу муддатдан аввалроқ бошланади.

Менструал циклларнинг бузилиши

Менструал цикллардаги ўзганишлар — менопаузанинг энг биринчи белгиси. Айрим аёлларда ҳар 2-3 ҳафтада менструация кузатилиши, бошқаларида эса бир неча ойлаб кузатилмаслиги мумкин.

Фертилликнинг пасайиши

Перименопауза — менопауза бошланишидан 3-5 йил аввал келадиган давр. Бу даврда эстрогенлар миқдори сезиларли равишда камаяди. Эстроген миқдоринг камийиши ҳомиладор бўлиш имкониятини камайтиради.

Қиннинг қуруқлиги

Перименопауза даврида қин қуруқлашади, қичишиш ва дискомфорт пайдо бўлади. Натижада аёллар жинсий яқинлик пайтида оғриқни ҳис қилади. Оғриқ сабаби — эстрогенлар миқдори камайганлиги туфайли келиб чиқадиган атрофик вагинит.

Атрофик вагинит — қиннинг тўқима ҳажми камайиши ва табиий лубрикант бўлган шиллиқнинг кам ажратиб чиқарилиши натижасида келиб чиқадиган яллиғланиши.

Иссиқликнинг қуйилиб келиши

Тананинг юқори қисмларига бирданига интенсив иссиқликнинг қуйилиш ҳисси. Бу ҳиссиёт юздан бошланиб, бўйин, кўкрак ва тананинг пастки қисмларига тарқалиши мумкин. Тери бу вақтда қизариб, доғлар кўриниши мумкин. Юрак қисқариш тезлашади, кучаяди ёки номунтазам уришни бошлайди. Бу ҳиссиёт аёлни сўнгги менструациясидан кейин йил давомида безовта қилади.

Уйқунинг бузилиши

Менопаузани бошидан ўтказаётган аёллар ухлаш қийинлиги ёки бир неча соат чуқур уйқуга кетолмасликларидан шикоят қилади. Уйқу билан боғлиқ муаммоларнинг сабаби тунги терлашлар ва психоэмоционал бузилишлар бўлиши ҳам мумкин.

Сийдик тута олмаслик

Тунги ихтиёрсиз сийдик ажралишлар, сийдик тута олмаслик, қорин бўшлиғида босим ошган вақтда сийдикнинг чиқиб кетиши, сийдик пуфагидаги тез-тез қайталаниб турадиган яллиғланиш жараёнлари эстрогенлар миқдорининг камайиши сабабли сийдик чиқариш канали скфинтери ҳужайралари ва бириктирувчи тўқимасининг дегенерацияси билан боғлиқ.

Остеопороз

Гормонал фоннинг бузилиши натижасида суяклардаги кальций ювилиб кетади ва улар нозик ва осон синувчан бўлиб қолади.

Моддалар алмашинувининг бузилиши

Метаболик синдром туфайли ёғлар ва углеводлар алмашинуви бузулиши тана массасинг ортиши, семиришга олиб келади.

Бундан ташқари, сочлар тўкилиши, бош оғриши, ҳолсизлик, хотира сусайиши, диққатнинг бузилиши, ҳансираш, артериал қон босимнинг кўтарилиши ёки тушиши, агрессивлик, либидонинг пасайиши ва кўкрак соҳасида оғирлик каби белгилари бор.

менопауза ҳақида
Фото: Геттй Имагес

Менопауза асоратлари

  • Юрак қон-томир тизими касалликлари. Эстроген миқдоринг камайиши ҳар доим юрак қон-томир тизими касалликларига чалиниш хавфини оширади.
  • Менопаузанинг дастлабки йилларида суяк тўқимасининг зичлиги камаяди. Суяк зичлигинг камайиши остеопороз ривожланиш хавфини бир неча баробар ошириб юборади.
  • Сийдик тута олмаслик. Менопаузада қин ва сийдик канали ўзинг эластиклигини йўқотади. Бу эса кутилмаган, қайтариб бўлмас сийдик чиқариш актларига олиб келади. Аёл йўтал вақтида, аксирганда, кулганда ёки оғир предметларни кўтарганда сийиб қўйиши мумкин.
  • Кўкрак саратони. Менопаузадан кейин кўкрак саратони билан касалланиш хавфи ортади.

Ташхислаш

Мутахассис учун менопаузани аниқлаш қийинчилик туғдирмайди.Касаллик симптомларига қараб ташхис қўйиш мумкин. Пациентлар орасидаги фарқ жинсий гормонларнинг миқдорида боʼлади ва анализларда қуйидаги фактлар аниқланади:

  • Тестестерон миқдори ортиши;
  • Қон зардобида эстродиол миқдори 30 нг/нл дан камайганлиги;
  • Фолликуластимулловчи гармонь (ФСГ) ортган;
  • Эстродиолнинг эстронга нисбати 1 дан кам;
  • Ингибин миқдори камайиши;
  • Лютеинловчи гармоннинг ФСГ га нисбати 1 дан кам;

Лаборатор анализлардан ташқари қуйидаги текширувлар ўтказилади:

  1. Кичик чаноқ аъзоларининг ультратовуш текшируви(УЗИ);
  2. Остеоденситометрия. Рентгенологик текширув бўлиб, остеопорозни эрта ташхислаш учун суяк зичлигини аниқлаб беради.
  3. Папаниколау бўйича суртма олиш — бачадон бўйнининг ситологик текшируви. Текширув атрофия даражасини аниқлаб беради.

Даволаш

Аёллардаги менопауза даври — патологик ҳолат эмас, аксинча ҳаёт давомида ўтказиладиган нормал физологик босқич. Бу даврдаги даводан мақсад — климакснинг ёқимсиз симптомларини камайтириш, атеросклероз ва остеопороз сингари нохуш асоратларнинг олдини олиш. Асосий эътибор тухумдонлар функциясини коррекциялашга қаратилади. Бунинг учун ўрин босувчи гормонал терапия қўлланилади. Ушбу терапиядан прогестерон ва эстроген асосидаги препаратлар қўлланилади. 

Ўрин босувчи гормонал терапияни қўллашга кўрсатмалар:

  • эрта менопауза;
  • сунъий климакс;
  • жинсий аъзолардаги атрофик ўзгаришлар;
  • остеопороз;
  • яққол климатерик бузилишлар.

Аёлда юқоридаги патологиялар аниқланса врач адекват ўрин босувчи терапия схемасини тузиб беради. Бундан ташқари, антидепрессантлар курси ҳам тайинланади.

Сеулдаги Корё универститети қошидаги тиббий коллеж тадқиқотчиларининг хабар беришича, ўрин босувчи гормонал терапия постменопауза ёшдаги аёлларда гонартроз ривожланишини сезиларли даражада камайтиради.

Эрта менопаузанинг профилактикаси

Климаксни тўхтатишнинг иложи йўқ, лекин унинг келиш муддатини узайтириш мумкин. Менопауза вақти кўп жиҳатдан ирциятга боғлиқ: агар онада у эрта юзага келган бўлса, қизини ҳам шу кутиб туради. Бу ҳолатда унинг эрта юзага келишини бартараф қилиш учун қуйидагиларга амал қилиш зарур:

  • тўғри овқатланиш;
  • регуляр жинсий ҳаётни олиб бориш;
  • стресслардан қочиш;
  • доимий равишда гинеколог кўригида бўлиб туриш;
  • витаминлар ва минерал комплексларни қабул қилиш;
  • спорт билан шуғилланиш, фаол ҳаёт тарзини олиб бориш;
  • зарарли одатлардан воз кечиш;
  • шахсий гигиенага риоя қилиш, жинсий аъзоларни тўғри парвариш қилиш.

Муаллиф: Сарвар Ғаниев, шифокор.
Манба: Daryo.uz

Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

Related Posts