Мастопатия сут безлари касалликларидан бири саналади. Бунда сут безларида ҳар хил катталикда «тугунча» ва фиброз тўқималар пайдо бўлади. Шу тугунчалар ушлаганда қўлга қаттиқ уннайди, баъзан оғриқли, баъзан оғриқсиз кечади. Ҳайз кўришдан олдин ёки ҳайз кўриш даврида кўкрак безлари оғриса ва шишиб, безиллаб турса, демак, бу ҳам мастопатия аломатидир.
Мастопатия кўпроқ ёш аёлларда учраб, одатда ички секресия безлари фаолиятининг бузилиши оқибатида вужудга келади. Бу ўзгаришларга жинсий аъзоларнинг турли яллиғланиш касалликлари, жинсий ҳаёт тартибининг бузилиши сабаб бўлади.
Бундан ташқари, қалқонсимон безлари ва жигар касалланиши мастопатияни келтириб чиқариши мумкин. Руҳий изтироблар, тушкунлик, бирор нарсадан қаттиқ ташвишга тушиш ҳам бундан мустасно эмас.
Маълумки, сут безлари тўқимасининг тузилиши ва фаолияти аёл кишининг ёшига, бўйида бўлишига, болани эмизишига қараб ўзгаради. Бу ўзгаришлар аввало тухумдонлар ишлаб чиқарадиган гормонлар таъсирида рўй беради. Аёл бўйида бўлганида шу гормонлар таъсирида безсимон тўқима шишади, сут безлари катталашади. Бола туғиладиган вақтга келиб сут безларида увуз сути, кейинчалик ҳақиқий сут ишлаб чиқарилади. Аёл кўзи ёриганидан сўнг 10 12 ойгача ва бундан ҳам кўп вақт давомида кўкрагига сут келиб туради. Ана шу муддат охирига келиб сут безлари кичраяди ва сут ишлаб чиқарилиши камаяди. Шуни унутмаслик керакки, аёл боласини шу муддатда эмизмаса, сут тўпланиб қолиб кўкрак безларида оғриқ пайдо бўлади. Бу ҳолат мастит юзага келиши учун асос саналади. Қаттиқ «тугунчалар» вақт ўтиши билан катталашади. Айниқса, бола олдиргандан кейин бу жараён тобора оғирлашади.
Тухумдонлар фаолиятининг бузилиши ҳам мастопатияни келтириб чиқаради. Натижада ҳайз кўриш тартиби ўзгаради. Шуниси муҳимки, гинекологик касалликларни ўз вақтида даволатмаган аёлларнинг сут безларида мастопатия узоқ вақт давом этади. Баъзан тўқималарнинг катталашиши хавфи бўлмайди. Айрим ҳолларда мастопатия даволанмаса ва уни келтириб чиқарган омиллар кучайса у хавфли ўсмага айланиб кетиши мумкин. Дарднинг қандайлигини фақат оила шифокори билан бирга онколог врач аниқлайди.
Мутахассис: Лола Алимхўжаева, онкомаммолог.
Манба: Avitsenna.uz