Мастопатия асорати оғир дард

Мастопатия – аёлларда учрайдиган кўкрак бези касалликларининг асосий кисмини ташкил қилади. Статистик маълумотларга кўра жаҳонда ҳар ўн нафар аёлнинг 8-9 нафарида мастопатия аломатлари кузатилар экан.

mastopatiya

Хўш, нега деярли 90 фоиз аёллар ушбу хасталикка чалинади? Бунинг сабаби нима?

Чунки, бу касалликни келтириб чиқарувчи омиллар жуда кўп ва улар деярли барча аёлларга тегишлидир. Масалан, жинсий аъзолардаги сурункали ёки ўткир яллиғланиш жараёнлари, қалқонсимон без касалликлари, руҳий зўриқиш (стресс) ҳолатлари, жигар-ўт пуфаги касалликлари, гормонал бузилишлар мастопатияни ривожлантирувчи асосий омиллар ҳисобланади.

Мастопатия: бу дардга эътиборсизлик кўкрак саратонини келтириб чиқаради!

Мастопатия белгилари қандай намоён бўлади?

Айтиш керакки, хасталикнинг дастлабки белгиси ҳайздан олдин кўкракларда шиш ва оғриқ пайдо бўлишидир. Касалликнинг бошланғич босқичида бу белгилар ҳайздан 3-4 кун аввал, хасталик ривожланган сари бир ҳафта-ўн кун аввал пайдо бўлади. Агар аёл киши организмидаги бундай ўзгаришларга беэътибор бўлса, ўз вақтида даволанмаса, ундай ҳолда кўкраклар доимо шишган ҳолда бўлади ва аёлни оғриқлар мунтазам равишда безовта қилади. Баъзи пайтларда оғриқлар елкага, қўлларга, қўлтиқ остига ўтиши мумкин. Касаллик ана шу тахлит ривожланиб боради ва кўкракларда турли хил тугун ёки киста пайдо бўлишига олиб келади. Шу сабабли аёл киши кўкрагида бирор ўзгариш сезса, дарҳол мутахассисга мурожаат этиши даркор. Шифокор беморни кўргандан сўнг инструментал текширув усулларини ўтказади. Текширувнинг энг кенг тарқалган ва тўлиқ маълумот берувчи турлари бу ультратовуш ва маммография усулидир. Туғруқ ёшида бўлган аёллар ва қизларга ультратовуш усули қўлланилади. Агар аёлнинг ёши 40 дан ошган бўлса, маммография текширув усули ўтказилади.

Маммография – кўкрак безларини рентген нурлари ёрдамида текшириш усули ҳисобланади. Ҳозирги кунда бутун дунёда ушбу текширув тури кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқловчи энг яхши усул саналади.

Шу сабабли ҳам 40 ёшдан ошган барча аёллар профилактика нуқтаи назаридан бир йилда бир маротаба маммография текширувидан ўтиб туришлари лозим.

Мастопатия касаллигини даволаш ва  профилактик чоралари

Профилактик чоралардан энг муҳими бу кўкрак безларини мустақил тарзда текширишдир. Ҳар бир аёл бир ойда бир марта ўз кўкракларини мустақил тарзда пайпаслаб, кўздан кечириб туриши лозим. Агар аёл киши ҳайз кўрадиган бўлса, текширув ундан кейин ўтказилади. Мабодо климакс даврида бўлса, ҳар ойнинг бир ўн кунини белгилаб олиб, ана шу саналарда текширув ўтказиши керак.

Текширув ойна олдида тик турган ҳолатда ўтказилади. Аввал бемор бир кўкрагини, кейин иккинчисини галма-галдан соат миллари йўналишида шошмасдан пайпаслаб чиқади. Агар аёл ўзида бирор ўзгариш сезадиган бўлса, дарҳол мутахассис-маммологга мурожаат этиши лозим.

Шифокор беморни тўлиқ текширувдан ўтказганидан сўнг, даволаш муолажаларини бошлайди. Касаллик қанча эрта аниқланса ва барвақт даволаш чоралари кўрилса, натижа шунча яхши бўлади.

Агар беморга мастопатия ташхиси қўйилган бўлса, у доимий тарзда мутахассис назоратида бўлиши ҳамда вақтида керакли текширувлардан ўтиб туриши лозим.

 

Дилобар МИРРАҲИМОВА,
тиббиёт фанлари доктори.
Манба: «Соғлом авлод» газетаси.

Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.

1 comment
  1. Мени ёшим 55 ёш кукрагимда тинимсиз огрик бор анкологияга бордим хеч канака анкологик касал йук деб айтишди кандай маслахат берасизлар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

Related Posts
error: Saytdan ma\'lumot ko\'chirish mumkin emas.