Соғлом оила - соғлом келажак

Маммолог маслаҳати (Савол-жавоб)

Кўпчилик аёллар учун кўкрак соҳасидаги ўзгаришлар, сут безларидаги оғриқ бедаво дард ваҳимасига туширади. Аммо ўз вақтида керакли маълумотга эга бўлиш турли ҳил ўй-фикрлардан холи бўлишга ёрдам бериб, муаммолардан муҳофаза этади. Муштарийларнинг таҳририятимизга йўллаган мурожаатлари асосида аёлларни қизиқтирган ва энг кўп сўралган саволларга тиббиёт фанлари номзоди, Нигора Маҳмудова жавоб беради.

Кўкракдан ажралма келса…

— Боламни эмизишдан чиқарганимга ярим йилдан ошса ҳам кўкрагимдан оз-моз суюқлик (ажралма) келиб туради. Дугоналарим бундай вақтда гормонал препаратлар ичиш керак дейишаяпти. Сиз нимани маслаҳат берасиз?

— Кўкракдан ажралмалар келишида албатта эндокринолог кўригидан ўтиб, гормонларга қон таҳлили топширишингиз зарур. Шунингдек гипофиз фунциясининг ҳолати ҳам текширилиб, натижасига кўра керакли муолажа буюрилади. Эндокринолог муолажасидан кейинги ўзгаришга қараб маммолог кўригидан ўтишингиз мумкин. Агар бу гормонлар фаолияти билан боғлиқ ҳолат бўлмаса, маммография орқали кўкраклар функцияси текширилиб, зарур муолажа тури тайинланади.


маммолог

Кўкрак учининг оғришига сабаб нима?

— Бир неча хафтадан бери чап кўкрагимнинг учи (сўрғичи) кечга бориб, ачишиб безовта қилади. Оғриқни қолдирувчи суртмалардан фойдалансам ўтиб кетади. Аммо эртасига яна қайтаналанади? Бу бирор касалликнинг белгисимикан?

— Кўкрак учининг ачишиб оғриши кўп ҳолларда невролгия яъни нерв чигаллари, умуртқа поғонаси касалликлари ёки нервга яқин жойлашган тўқималар ва аъзолардаги паталогик жараёнлар, шамоллаш, шикастланиш ҳолатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Баъзида умуртқа поғонасига оғирлик тушиб, сут безларида оғриқ юзага келади ва ўз навбатида сўрғичларга таъсир этади. Ёки синтетик матодан ишланган ич кийимлар ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни келтириб чиқаради. Агар оғриқ зўрайиб, давомий тусга кирса, шифокор терапевтга учраб, зарур муоалажаларни олинг.


Кўкраклардаги ўсма белгилари

— Кўкракларда юзага келиши мумкин бўлган хавфсиз шиш бирор бир белгиларсиз бошланиши ҳам мумкинми?

— Яхши сифатли ўсмаларда белгилар кузатилади. Масалан, кўкракда юзага келиши мумкин бўлган ўсма шаклига кўра ёнғоқдай, тухум ёки нўхотдай бўлиб, эластик ва қўзғалувчан бўлади. Уни кўкракни пайпаслаш билан ҳам билиш мумкин. Кисталар эса суюқлик йиғилиши билан фарқланади. Баъзи вақтларда онкологик турдаги ўсмалар белгиларсиз ривожланиши мумкин. Касалликнинг яширин даврини ўтказиб юбормаслик учун шифокор кўрикларидан ўтиб туриш керак.

ЎҚИНГ:   Ҳомиладор бўлсам, мастит йўқоладими?

Гормонал препаратлар сут безлари фаолиятига таъсир қиладими?

– Даволовчи шифокорим тухумдонлардаги яллиғланишга қарши гормонал контрацептик препаратларни тавсия қилганди. Мана икки йилдирки уларни қолдирмай қабул қиламан. Бу гормонал препаратлар сут безлари фаолиятига таъсир қилиши мумкинми?

– Ҳа, гормонал препаратлар сут безлари фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Организмнинг табиий муҳитида ишлаб чиқилаётган гормонларни доим назоратда ушлаолмайсизку. Шу сабаб ортиқча муаммолар бўлмаслиги учун ҳозирда қабул қилаётган препаратингизни охирига етказиб, шифокорингиз билан бошқа контрацептик воситалардан фойдаланиш ҳақида маслаҳатлашинг. Гормонал препаратни истаган вақт ташлаб бўлмайди.Шу сабаб муолажани охирига етказинг.


Бу холми ёки ўсимтами?

– Қизимнинг икки кўкрагининг ўртасида кичик қора холчаси бор эди. Балоғат ёшига етганидан сўнг хол катталашишни бошлади. Бу хавфли эмасмикан дея ҳавотирдаман. Кейинчалик сут безларига таъсир қилмасмикан?

– Йўқ, бундай ҳоллар кўкраклар билан боғлиқ эмас. Бунинг учун холлар бўйича хирург шифокорига кўриниб, кўрикдан ўтишингиз керак. Холнинг кўриниши ва ҳолатига кўра зарур текширувлар ўтказилиб, муолажа тури танланади.


Кўкрак қисмидаги қизил холлар хавфлими?

– Қизлигимдан бери чап кўкракгимнинг тагида холга ўхшаш қизил рангли ўсимта бор. Турмушга чиқиб, фарзандли бўлганимдан сўнг иккинчи кўкрагимда ҳам шунга ўхшаш қизил холча пайдо бўлди. Аммо безовта қилмайди. Бундай қизил холлар кўкраклар фаолиятидаги бузилишлардан юзага келиши мумкинми?

– Қизил холга ўхшаш ўсмалар кўпчиликда учрайдиган ҳолат. Аммо улар кўкрак ёки сут безлари билан боғлиқ эмас. Агар қизил ҳолнинг шакли катталашса, ранги ўзгарса, кўпайса ёки юзаси қонаса шифокорга учраш шарт. Кўкрак қисмидаги холлар ҳусусида маммолог билан маслаҳатлашиш мумкин. Бироқ уларга тегиниш , юлиш ёки устини тирнаш асло мумкин эмас. Ножўя таъсири юзага келганда онкологик турдаги касалликка айланиш хавфи йўқ эмас.


Кўкрак бези саратони ва фарзанд кўриш

– Кўкрак саратони билан оғриган аёл келгусида фарзанд кўриши мумкинми?

ЎҚИНГ:   Кўкракдаги оғриқнинг сабаби нима?

– Касалликнинг даражаси, муоалажа натижалари ҳам асоратларини тўлиқ бахолагачгина аниқ хулосани айтиш мумкин. Бундай ҳолатларда албатта даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиб иш кўриш керак. Агар аёлнинг организмида касалликнинг асоратлари қолмаса, насл қолдириш масаласини кўриб чиқиш мумкин. Аммо олдиндан аниқ хулосани айтиб бўлмайди.


Оғриқ бераяпти…

– Кўкракнинг қўлтиқ ости соҳаси билан боғланган қисмидаги лимфа тугунларида шиш бўлса, нима қилиш керак?

– Эҳтимол лимфа тугунларидаги яллиғланиш (Лимфоаденит) юзага келган бўлиши мумкин. Бу касаллик лимфа тугунлари ёки кўкракдаги яллиғланиш билан боғлиқ ҳолатда бўлиши ҳам мумкин. Баъзи вақтларда кўкракдаги яллиғланиш лимфа тугунларига ҳам таъсир этади. Маммолог кўригидан ўтиб, лимфа тугунларининг ҳолатини текширтиринг. Агар бу яллиғланиш бўлса,унга қарши препаратлар тайинланади. Аммо ўзингизча билиб-билмай даволаманг.


Маммография қилдириш

– Маммография қилдириш учун қайси кунларда мурожаат қилиш керак? УТТ текширувидан ташқари яна қандай таҳлиллар топширилади?

– Ҳайз цикли якунлангач, 5-6 кундан сўнг маммолог кўригидан ўтиб, маммография қилдиришингиз мумкин. Зарур ҳолларда шифокор хулосасига кўра тухумдонлар, қалқонсимон без фаолияти ҳам текширилади. Масалан, фиброз ташхиси қўйилганида УТТ текширувининг ўзи етарли бўлса, кўкракдаги қаттиқлашиш ҳолатида маммография, зарур ҳолларда биопсия тайинланиши мумкин.


Фиброаденаматоз қандай касаллик?

– Фиброаденаматоз нима? Бу касаллик ҳомиладорликка таъсир қилиши мумкинми?

– Сут безлари тўқималарининг қаттиқлашиши бўлиб, ҳомиладорликдан аввал даволаниш керак. Агар касаллик ҳомиладорлик вақти юзага келса, туғруқдан кейин муолажаларни бошлаш мумкин. Ҳомиладорликка жиддий таъсири бўлмасада, шифокор назоратида бўлганингиз маъқул.


Кўкракдаги ўзгаришларнинг сабаби нима?

– Ҳомиладорлик ва эмизикли бўлган вақтим кўкракларим шишиб қоларди. Аммо эмизишдан чиқаришим билан бу ҳолат ўзгарди. Гоҳида кўкракларимни пайпаслаб кўрсам тугунлар бордек туюлади.

– Сут безлари фаол бўлган вақтда кўкраклар шиши табиий ҳол. Аммо тугунлар ҳосил бўлишига эътиборли бўлиш керак. Сут қотиб қолганда кўкракда тугунлар бордек туюлади. Тугунлар зичлашиб, қаттиқлашмаслиги учун тез-тез сутни соғиб туриш керак. Эмизишдан чиқаргандан кейин ҳам кўкракда сут безлари қаттиқлашиб қолмаслигига эътиборли бўлинг. Агар тугунлар тарқалиб, сўрилиб кетмаса шифокорга мурожаат этиб, бир неча турдаги муолажалардан бирини қўллаш мумкин.

ЎҚИНГ:   Эрозия бўлса ҳам ҳомиладор бўлишим мумкинми?

Кўкракларнинг икки хил бўлиши хавфли эмасми?

– Ёшим 22 да. Турмушга чиққанман. Чап кўкрагим ўнггисидан кичикроқ. Фарқи шундоққина кўзга ташланади. Бундай икки хиллик хавфли эмасми? Шифокорга боришдан уяламан.

– Йўқ, хавфли эмас. Кўкракларнинг бир-биридан фарқланиши кўпчиликда кузатилади. Эхтимол бу туғма аномалиядир ёки сут безларининг бири яхши ривожланмаган бўлиши ҳам мумкин. Агар жиддий безовталик бўлмаса, ортиқча ҳавотирга ўрин йўқ.

Маммология соҳасига оид фойдали мақолаларни сайтимизнинг «МАММАЛОГИЯ» рукни орқали ҳам ўқишингиз мумкин.

Эксперт: Нигора Маҳмудова, маммолог.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш

Бош саҳифа » Маммология » Маммолог маслаҳати (Савол-жавоб)

loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.