Лактостаз нима ва уни қандай қилиб бартараф қилиш мумкин?

Лактостаз – кўкракда сут туриб қолиши сабабли асосан эмизикли аёлларда кузатиладиган ҳолатдир. Касалликнинг қай тарзда ривожланишини билиш учун аввало, сут безининг қандай тузилганлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш керак.

Сут бези қандай тузилган?

Сут безлари ўртача 15-20 та сут ишлаб чиқарувчи бўлакчалардан иборат бўлади.

Бу бўлакчалар сут йўллари орқали сўрғич, яъни кўкрак учи билан боғланади. Агар бирорта сут бўлакчасида маълум вақт давомида она сути йиғилиб қолса ва бунинг натижасида ушбу суюқлик қуйилиб қолса, унинг сўрғич орқали ажралиши қийинлашиб қолади. Агар бу ҳолат узоқ вақт давом этса эмизикли аёлда лактостаз ривожланади.

Бундан ташқари, кўкрак анатомик тузилишининг ўзига хослиги – ясси сўргич, тор йўллар, кўкракда травмалар, ёриқлар, беморнинг совуқда қолиш, ноқулай, тор ички кийим кийиш ҳам лактостаз юзага келишига сабабчи бўлиши мумкин.

Дастлаб дард бошланганда беморнинг кўкраги оғирлашиб қолади. Кейин у шишиб кетади ва ушбу аъзода оғриқ пайдо бўлади. Қўл билан пайпаслаб кўрилганда кўкрак безининг бўлакчалари қаттиқ бўлиб қолганини сезиш мумкин. Баъзи ҳолларда сут бези терисининг қизариши ва тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилади.

Лактостаз сабаби нима?

Касалликнинг асосий сабабларидан бири нотўғри эмизиш ёки кўкракни болага тўғри бермаслик ҳисобланади. Баъзи ҳолларда лактостаз касаллигининг ривожланишига сўрғичнинг яссилиги ҳам сабаб бўлади. Ясси сўрғични миттивой эмишга қийналади ва сутни етарли даражада сўролмайди.

Гўдакни эмизишда нафақат кўкрак учини балки унинг атрофидаги ареолани (айлана)ни ҳам бола оғзига олиши керак. Шундагина сут безлари тўлиқ бўшайди.

болани эмизиш

Ундан ташқари, эмизикли она болани мунтазам тарзда ҳар 2-3 соатда эмизиб туриши керак. Кўп ҳолларда лактостаз ривожланишига ўз вақтида чақалоқни эмизмаслик сабаб бўлади. Бу ҳолат асосан талаба оналарда ёки бирон сабабга кўра ишини ташлай олмайдиган ёш аёлларда кузатилади. Улар ўқиш ёки иш сабабли вақт топиб кўкрагини соғиб туришлари керак.

Лактостаз ҳолатини келтириб чиқарувчи сабаблардан яна бири сўрғич терисининг ёрилишдир. Бунда сўрғич ҳаддан ортиқ сезувчан бўлиб қолади. Чунки унда жуда кўп асаб толалари мавжуд. Шунинг учун ҳам унинг терисида ёриқ пайдо бўлганда аёл киши жуда кучли оғриқ сезади. Эмизикли аёл гўдагини эмизишдан қўрқиб қолади. Сўнгра сунъий равишда эмизиш вақтини чўзади ва натижада кўкракка сут йиғилиб, унда суюқлик туриб қолади ва лактостаз ривожланади. Сўрғич териси ёрилмаслиги учун болага кўкракни тўғри тутиш керак.

Сут безларининг яллиғланиши ҳам лактостаз ривожланишига олиб келувчи яна бир сабаб ҳисобланади. Яллиғланиш натижасида сут ишлаб чиқарувчи сут бўлакчалари шишиб кетади ва сут йўлларини сиқиб қўяди. Оқибатда она сути ташқарига чиқолмай кўкрак безида қолиб кетади. Бу ҳолатда дарҳол маммалогга мурожаат этилмаса, мастит касаллиги ривожланиши мумкин.

Лактостаз белгилари ва диагностикаси

Лактостаз аёлда сут бези қаттиқлашиши, сут безларини палпация қилиб кўрганда оғриқ, терининг қизариши, тана ҳароратининг 38C гача ошиши, сут ажралишининг камайиши каби белгилар билан намоён бўлади.

Маммолог беморни тиббий кўрикдан ўтказиб бўлгач, ултратовуш усули билан кўкрак тўқимасининг ҳолатини текшириб кўради. Агар унда тугунли ҳосилалар ёки йирингли халта йўқлигига ишонч ҳосил қилсагина даволаш муолажаларини амалга оширади.

Лактостазни даволаш

Лактостаз касаллигини даволашнинг биринчи шарти кўкракни соғиб ташлашдир. Эмизишдан олдин иссиқ компресс қўллаш, эмизишлар орасида совуқ компресс, физиотерапевтик муолажа, болани тез-тез, ҳар икки соатда эмизиш ҳам лактостазни бартараф этишда тавсия қилинади.

Ёш оналарга фойдали тавсиялар

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек лактостазнинг асосий сабабларидан бири нотўғри эмизиш ёки кўкракни болага тўғри бермасликдир.

Бу дарднинг ёш, тажрибасиз оналар орасида кўп учрашидан ҳам маълумки, кўпгина оналар болани қандай қилиб тўғри эмизиш кераклиги ҳақидаги маълумотлари етарли эмас. Қуйида болага кўкракни тўғри тутқазиш ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Бола кўкракка тўғри тутқазилгада бола бутун танаси билан онага қаратилган бўлиши; боланинг боши билан танаси бир маромда жойлашган; боланинг оғзи катта очилган бўлиб, пастки лаблари ташқарига қайилган, ияги кўкракка ёпишган; бола кўкрак учуни бутунлай оғзини ичига киритиб олган; боланинг томоғидан қўлт-қўлт сут ўтиши эшитилган бўлиши шарт.

болани тогри эмизиш

Болани тўғри эмизиш борасидаги фойдали тавсияларни мана бу мақола орқали ўқишингиз мумкин: Болани қандай ҳолатда эмизиш керак?

Касалликни олдини олиш учун нима қилиш керак?

Лактостаз юзага келмаслиги учун болани бир хил вақт орасида эмизиш, тўғри ҳолатда эмизиш, кўкраклар травмаси ва шикастланишлардан эҳтиётланиш, эмизувчи аёллар учун махсус ички кийимлардан фойдаланиш, стресс ва совуқда қолишдан сақланиш лозим.

Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

Related Posts
error: Saytdan ma\'lumot ko\'chirish mumkin emas.