Уй шароитида ўзим кўкраклар ҳолатини мустақил текшириб туришим мумкинми? Бунинг учун қандай усулларни тавсия этасиз?
Нигора Маҳмудова, маммолог:
Уй шароитида кўкраклардаги ўзгаришларни кўздан қочирмаслик учун бир неча усуллардан фойдаланиш мумкин. Мазкур усулларни хайз циклидан сўнг ёки ювиниш вақтларида ҳам бажариш мумкин. Масалан: Кўзгу қаршисида туриб, кўкрак ва кўкрак учи — сўрғичнинг шакли, рангини текширинг. Шакли ўзгарганда сут безларидан бири сезиларли даражада катталашади ёки бошқасидан пастроқда туради. Сўрғичлар ичига ботмаганми, атрофида чуқурчалар йўқми текширинг.
Қўлларингизни баланд кўтариб, кўкракнинг олд ва икки ён томонларини текширинг.
Тик турган ҳолатда бир қўлингиз билан кўкрак атрофини соат айланси бўйича пайпаслаб кўринг. Шиш ёки чуқурчалар йўқми?
Катта ва кўрсаткич бармоқлар ёрдамида навбатма-навбат ҳар бир сўрғични эзиб кўринг. Сўрғичлардан суюқлик ажралмаяптими, кузатинг.
Куракларингизни текис жойга қўйиб ётинг-да, соат айланаси бўйлаб кўкракнинг ҳар бир чорагини пайпаслаб чиқинг. Шиш ёки чуқурчалар йўқми, қаранг!
Ётган ҳолатингизда қўлтиқости чуқурчасини бармоқларингиз билан пайпасланг. Лимфа тугунларининг йириклашганини билиш учун тўқималарни оҳиста пайпаслаб кўринг.
Манба: Sugdiyona.uz