Крипторхизм касаллигининг моҳиятини тўғри англаш учун моякларнинг эмбрионал ривожланиш жараёнидан бохабар бўлиш жоиз. Мояклар дастлаб ҳомила қорин бўшлиғининг юқори қисмида ўз шаклланишини бошлайди. Она вужудидаги ҳомила ривожланишининг учинчи ойи ниҳоясида мояклар пастга туша бошлайди ва чов каналининг ички тешиги яқинида жойлашади. Кейинчалик тўртинчи ой бошларида ҳомила гавдасининг нотекис ўсиши туфайли, мояклар яна юқорига, буйрак пастки қисмининг ост томонига яқин кўтарилади.
Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида, аниқроғи, еттинчи ойнинг иккинчи ярмига келиб, мояклар яна пастга тушади ва чов каналининг ички тешигига яқинлашади.
Ҳомиладорликнинг саккизинчи ойига келиб, мояклар чов каналига киради, тўққизинчи ойнинг иккинчи ярмида эса ёрғоқ тубига тушиб жойлашади. Ўғил бола туғилганида моякларининг иккалови ҳам ёрғоқ ичида бўлиши, гўдакнинг чала туғилмаганлигидан, яъни тўкис соғломлигидан далолат берувчи белгилардан биридир.
Крипторхизм касаллиги юқорида таъкидланган физиологик тушув йўлларида, яъни буйрак пастки қисмидан ёрғоққача бўлган масофанинг қаеридадир мояклар ушланиб қолиши билан ифодаланади. Аниқроғи, крипторхизм дардида мояклар ёрғоқдаги ўз жойига тушмасдан, қорин бўшлиғи ёхуд чов канали ичида торайиш, жароҳат, чандиқ каби турли механик тўсиқлардан ўтолмай ушланиб қолади.
Крипторхизм жуда кўп учрайдиган дард ҳисобланиб, қарийб 20 фоиз гўдакларда ва 2,2 фоиз балоғат арафасидаги ўғил болаларда учрайди. Иккала моякнинг ҳам ёрғоқ ичида бўлмаслигини ўз вақтида даволамаслик юз фоиз ҳолларда бефарзандликка олиб келади. Маълумингизким, мояклар яхши ривожланиши учун зарур бўлган барча шарт-шароит ҳамда салқинроқ ҳарорат фақат ёрғоқдагина мавжуд.
Зеро, ёрғоқнинг доимий ҳарорати танадагидан 1-1,50 С, қорин бўшлиғидагидан 2-30 С, чов каналидан 1,4-40 С га пастроқ бўлганлиги мояклар ривожи учун ўта қулайдир. Юқоридаги физиологик тушув йўлларининг иссиқлиги мояклар ривожига кескин салбий таъсир кўрсатиши боис, бу дард хатарлидир. Бола туғилгач, 6 ой муддат ичида мояклар ёрғоқ ичига тушмаса, зудлик билан шифокор эндокринолог ёки андрологга мурожаат этиш зарур. Одатда, касаллик 3 ёшгача бўлган даврда дориворлар билан даволанади. Агар бу услуб ҳам самара бермаса, 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган муддатда жарроҳлик услуби қўлланилиб, мояклар ёрғоқ ичига туширилиши даркор.
Афсуски, лоқайдлик туфайли ўсмирлик давридан ўтгандан сўнг даволашга киришилса, кўпинча жарроҳлик усулидан ҳам етарлича наф бўлмайди. Аксари ота-оналар, ҳаттоки айрим шифокорлар ҳам болаларнинг соғлиги ҳақида қайғуриб, уларнинг барча аъзоларини кўздан кечирсалар-да, ёрғоқ ва унинг ичидаги мояклар ҳақида кўпинча унутишади. Муҳтарам ота-оналар, шу сатрлар билан танишганлари заҳот, ҳеч истиҳоласиз ўғилларининг ёрғоғини кўздан кечириб, унинг ичига иккала мояклар ҳам тушган-тушмаганлигини, катта-кичиклигини пайпаслаб текшириб кўрсалар, эҳтимол келгусидаги катта бахтсизликнинг олдини олган бўлардилар.
Зеро, ушбу аъзо ичида наслингиз давоми, болаларингиз зурриётларининг пойдеворлари қад ростлашини асло унутманг!
Крипторхизмнинг чин ва сохта турлари тафовут отилади. Сохта крипторхизмда мояклар вақти-вақти билан ёрғоққа тушиши кузатилади. Бу ҳолатни жарроҳлик услубисиз ҳам самарали даволаш мумкин. Агар чин крипторхизм аниқланса, узоғи билан 8 ёшга қадар, яъни мояклар ва уруғ тизимчаси қон айланиш тизими такомилга етгач, операция қилса ҳам бўлади.
Манба: Tib.uz