Соғлом оила - соғлом келажак

Крипторхизм — сабаблари, белгилари, асоратлари ва даволаш усуллари

Крипторхизм – бу ўғил болаларда кузатиладиган туғма патология бўлиб, уруғдонларнинг (мояк) ёрғоққа тушмаслиги билан кечадиган касаллик. Чин ва сохта крипторхизмлар фарқланади. Чин крипторхизмда мояк сон терисига ёки қорин пардага маҳкам бириккан бўлса, сохта крипторхизмда эса мояк ёрғоққа тушиб чиқиб туради.

Крипторхизм сабаблари

Крипторхизм келиб чиқишига энг кўп тарқалган сабаб туғма хромосома патологиясидир. Бу онанинг ҳомиладорлик пайтида ўтқазилган инфекцион касаллиги натижасида юзага чиқади. Крипторхизмга сабаб бўлувчи ҳомиладорлик инфекцияларига грипп, токсоплазмоз ва қизамиқ киради. Булардан ташқари крипторхизм ҳомиладорлик вақтида кимёвий моддаларнинг эмбрионга таъсири натижасида ҳам келиб чиқиши мумкин. Буларга кимёвий бўёқлар, детергентлар, нефтьни қайта ишлаш воситалари ва баъзи бир дори препаратлари киради. Дори препаратларидан ҳомиладорлик пайтида энг хавфли гуруҳ нонаркотик аналгетиклар: парасетамол, аспирин, ибупрофен ва шу кабилар.

Крипторхизм белгилари

Одатда крипторхизм белгилари диагнозни қўйишда ҳеч қандай қийинчилик ва англашилмовчиликлар туғдирмайди. Бола туғилганда мояк(лар) нинг ёрғоқда жойлашмаганлиги билан аниқлаб олинади. Афсуски, кўпчилик ҳолларда бола туғилганда ёрғоқларни кўздан кечириш эътиборсизлик билан бажарилади ва болакайлар уйларига чиқариб юборилади. Бунинг натижасида болада оғир асоратлар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун вақти вақти билан болалар ёрғоқи текшириб турилгани мақсадга мувофиқ.

крипторхизм

Айрим ҳолларда ўз вақтида урологга мурожаат қилиш ҳам фойда бермай қолади. Бу агар шунга ўхшаш ҳолат бўлса, эътиборда четда қолдирса бўлади дегани эмас. Гап шундаки, агар бир мояк қорин бўшлиғида узоқ вақт туриб қолса, у иммунитет жараёнини фаоллаштириб, иккинчи моякка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолатларга дучор бўлмаслик учун ўз вақтида уролог консултациясини олиб, ўз вақтида даво чораларини кўриш керак.

Крипторхизм диагностикаси

Крипторхизмда лаборатор кўрсаткичлар деярли ўзгармайди. Фақатгина қонда аутоиммун реакциялар туфайли C-реактив оқсиллар ва бошқа яллиғланиш оқсиллари миқдори ошганлигини кўришимиз мумкин.

Энг кўп маълумот берадиган текшириш усули УТТ (УЗИ) ҳисобланади. Унда ёрғоққа тушмай қолган моякнинг қаерда жойлашганини аниқ билиб олса бўлади. Агар мояк сон териси остида жойлашган бўлса, УТТ текширувига ҳожат йўқ, агар мояк қорин бўшлиғида жойлашган бўлса, УТТ текшируви зарур бўлади. Ушбу текширув усулидан мақсад мояк агенезияси деган патологияни инкор этишдир. Мояк агенезиясида туғма моякларнинг йўқлиги кузатилади. Яна бир маълумотли текшириш усули вазографиядир. Бунда мояк қон томирига контраст модда юбориб, рентгенография қиламиз. Текширув ёрдамида моякнинг қаерда жойлашганидан ташқари, унинг қай даражада ривожланганлигини ҳам аниқлаб олса бўлади ва бу беморни келажакда қандай даволаш тактикасини танлаш кераклигини аниқлаштириб беради.

ЎҚИНГ:   Келин-куёвларга маслаҳатлар

Крипторхизмни даволаш

Крипторхизм консерватив ва оператив йўл билан даволанади. Оператив йўл агар мояклар икки йил ичида ёрғоққа тушмаган бўлса ўтказилади. Оператив усул операция давомида аниқланади. Агар мояклар тузилиши ва функцияси ўзгармаган, фақатгина жойлашган жойи ўзгарган бўлса моякни ёрғоққа тушириб сонга фиксация қилиб қўйилади. Бу усул орхипекция деб номланади. Агар операция давомида моякда бошқа патологиялар аниқланса ёки унинг бутунлиги бузилган бўлса, мояк олиб ташланади. Амалиёт шуни исботлайдики қанча эрта ёшда орхипекция (операция) бажарилса, шунча яхши эффект беради. Бунда боланинг бепуштлиги олди олинади, чов чурралари учраш хавфи камаяди, моякларнинг айланиб қолиши хавфи камаяди ва булардан ташқари боланинг психик жароҳат олиши кузатилмайди. Чунки бола ўзини англай бошлаганда ўтказиладиган оператив аралашувлар бола психикасига таъсир қилиши ҳеч кимга сир эмас.

Эрта болалик даврларида крипторхизмни консерватив усул билан даволаса бўлади яъни гормонлар билан. Хорионик гонадотропин гормонини 6 ойгача бўлган болаларга бериш шифокор томонидан тавсия этилади. Бу усул билан моякнинг ўзи ёрғоққа тушишига эришилади. Фақат консерватив даво максимум 2 ёшгача ўтказилиши керак.

Овқатланишнинг ўзига хос томонлари

Крипторхизм аниқ бир овқатланиш режимини талаб қилмайдиган касаллик. Ҳаёт тарзи ҳам оддийлигича қолаверади, фақатгина болаларни жароҳат олмасликдан авайлаш керак, айниқса мояк сон териси остида жойлашган бўлса асорати хавфлли бўлиши мумкин.

Операциядан сўнг болани иложи борича камроқ ҳаракат қилдириш керак (вақтинча), чунки қўйилган чоклар бўшашиб кетиш эҳтимоли бор.

Касалликдан кейинги реабилитация

Операциядан кейин биринчи навбатда психологик томондан тикланиш туради. Айниқса жарроҳлик амалиёти ўсмирлик даврларида бажарилган бўлса. Бундай йигитлар ўзларини тенгдошлари орасида «камситилгандай» ҳис қилишади. Бу эса болага жиддий таъсир этиб жинсий ҳаётида ҳам ўз ўрнини билдиради. Мана шунинг учун ҳам уролог мутахассислар бола ўзини англамай туриб оператив муолажани ўтказишни тавсия этишади. Агар қандайдир сабаб бўллиб, оператив муолажа болалик даврида бажарилмай қолган бўлса, ўсмирни жарроҳлик амалиётигача психологик тайёрлаб бориш керак. Бунинг учун мактаблардаги психологлоглар курсига бир оз вақт қатнаш кифоя. Шунда бола ўзидаги патологияга бошқача «кўз» билан қарайди ва синфдошлари орасида ўзини эркин ҳис қила олади.

ЎҚИНГ:   Бачадон бўйни эрозияси

Крипторхизмни халқ табобати билан даволаш

Халқ табобати «арсенали»да ҳар қандай касалликка қарши «қурол» топилади. Крипторхизм ҳолатида халқ табобати турли хил ванналар ва компресслар (боғламлар қўйиш) қўйишни таклиф қилишади. Уларнинг барчаси моякларга жиддий зарар етказиб қўйиши мумкин. Шунинг учун сиз халқ табобатининг «авлиёси» бўлсангиз ҳам крипторхизмни кўр-кўрона даволашга урина кўрманг. Акс ҳолларда ҳеч қандай тиббий даво чоралари ёрдам бера олмаслиги мумкин.

Крипторхизм асоратлари

Организмда нормал сперматогенез жараёни кечиши учун тана ҳароратидан 2 C паст ҳарорат талаб қилинади. Мана шунинг учун ҳам мояклар ёрғоқда, яъни танадан «ташқарида» жойлашган. Мояк қорин бўшлиғида жойлашиб қолиши сперматогенез жараёнига таъсир этиб, бепуштликка сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари моякларнинг гормонал функцияси ҳам бузилади. Андроген гормонларининг ишлаб чиқарилиши бузилиши туфайли ўгил болада иккиламчи эркаклик белгилари ривожланиши бузилади. Бундай болаларда мўйлов, соқоллар бўлмаслиги, тана тузилиши аёлларникига ўхшаб қолиши, балоғатга етганда эса импотенция ҳолатлари ҳам кузатилади. Чов каналининг тўлиқ ёпилмаслиги сабабли чов чурраларининг пайдо бўлиш хавфи ортади.

Бир қатор илмий изланишлар шуни исботладики, ёрғоқдан ташқарида жойлашган моякларнинг малигинизацияланиш хусусияти бор экан. Крипторхизм ҳолатларида ёмон сифатли ўсмалар ҳосил бўлиш хавфи 35-50 баробар ошади. Масалан семинома ва эмбрионал ҳужайравий карсинома кабилар (мояк қорин бўшлиғида жойлашган бўлса). Айниқса мояклар ёрғоқдан анча узоқда жойлашган бўлса, ўсмалар ҳосил бўлиш хавфи 6 маротаба ортади. Юқорида қайд этганимиздек моякнинг қорин бўшлиғида жойлашиши туфайли гематотестикуляр барер функцияси бузилади ва аутоиммун жараёнларни чақиради. Бунинг натижасида соғлом мояк ҳам шикастланиб қолиш эҳтимоли юқори бўлиб қолади.

Крипторхизм профилактикаси

Крипторхизмни даволаш эрта болалик даврларидан бошланишини ҳисобга олиб, крипторхизм профилактикасини ҳомиладор онада ўтказиш керак, яъни ҳомиладор аёлга таъсир қиладиган салбий факторларни камайтиш керак. Айниқса ҳомиладорликнинг биринчи ойида эътиборли бўлиш керак, чунки айнан шу вақтда туғилажак фарзанд органлари жойлашишни бошлайди. Бу даврда турли хил салбий омиллар таъсири натижасида крипторхизм келиб чиқиш хавфи ошади. Бундай ҳолат кузатилмаслиги учун ҳомиладорликни режалаштиш билан амалга ошириш керак. Аввало аёл ўзидаги барча сурункали касалликларни даволаши зарур. Замонавий тиббиёт аппаратлари ҳомиладорлик вақтида ҳам бўлажак фарзанддаги генетик дефектларни аниқлаш қобилиятига эга. Шунинг учун ҳомиладор аёл ҳар қандай кимёвий агентлардан узоқроқда юриши керак, айниқса бундай ҳолат уйларни таъмирлаётганда кўпроқ учрайди (кимёвий бўёқлар, қурилиш материаллари каби). Ва қўшимча сифатида ҳомиладор аёллар дори препаратларни қабул қилаётганда ҳам эътиборли бўлишлари талаб этилади. Булар ичидан ностероид яллиғланишга қарши воситалар хавф гуруҳига киради. Тиббий изланишлар шуни исботладики, крипторхизм келиб чиқишига ҳомиладорлик вақтида қабул қилинган парасетамолнинг юқори дозалари сабаб бўлар экан. Шунинг учун ҳомиладор аёлларга ностероид яллиғланишга қарши воситалар ўрнига бошқа аналгетиклар тавсия қилинади.

ЎҚИНГ:   Гинеколог маслаҳати: Жинсий аъзолар гигиенасида аёллар учун муҳим қоидалар

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш

Бош саҳифа » Андрология » Крипторхизм — сабаблари, белгилари, асоратлари ва даволаш усуллари

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.