Соғлом оила - соғлом келажак

Кўкраклар ўз шаклини йўқотса, нима қилиш керак?

—Аввалги ҳолига келармикин? Ёки бўлдими, энди шундай қолаверадими? – дейди дугонам боласини эмиза туриб. Кўкрак гўзаллиги – нозик, ҳамда кўпчилик аёлларни қизиқтирган мавзу. Бола эмизгандан сўнг кўкрак ўз шаклини ўзгартиради. Аммо, эмизиш даврида аёл кўкрагини тўғри парваришласа, уларнинг осилиши кўпам сезилмаслиги мумкин.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида

Тўғри сийнабанд танланг: у кенг тасмали ва айнан ўзингизга мос ўлчовли бўлиши керак. Ҳомиладорликнинг сўнгги 3 ойлигида ва эмизганда доимо сийнабанд тақиш лозим. Уйқуга ётганда кенгроқ сийнабанд тақиб олинг.
Сутни соғиш ҳам кўкрак шаклига таъсир қилади, унинг мушаклари чўзилиб кетади. Иложи бўлса, махсус сут соғувчи асбобдан фойдаланинг.

Фойдали мақола: Ҳомиладор аёллар учун сийнабанд танлаш қоидалари

Кўкрагингизни сут йиғилиб, қотиб қолишидан асранг ва гигиена қоидаларига амал қилинг.
Икки кўкракда ҳам бир хил миқдорда сут бўляптими, йўқми, шунга эътибор беринг. Бунинг учун болани эмизганда галма-гал, ўнг, сўнгра чап кўкракни тутиш лозим.
Тунги пайтда бола нисбатан кам эмади, шунинг учун ётишдан аввал кўкрагингизни бўшатиб олинг, шунда кўкракнинг ҳар иккиси бир хил ҳажмда бўлади, яъни улардан бирининг мушаклари «чўзилиб» кетмайди.
Ҳаммаси ортда қолганда…

Бола эмишдан чиққандан сўнг ҳам 3-4 ой мобайнида кўкракдан бироз ажралма келиши мумкин. Аммо баъзи ҳолларда бу бир йилгача давом этиши мумкин, бу ҳолат организмда гормонал ва эндокрин бузилишлар ҳосил бўлганидан дарак беради. Ажралмаларнинг рангига эътибор беринг: оч жигарранг ёки бироз яшил рангли ажралмалар мастопатия хавфи борлигига далолат беради. Оқ ёки қаймоқ ранг ажралмалар эса табиий ҳисобланади, аммо шунга қарамай, ажралмалар бир йилдан ортиқ ҳам тўхтамаса, маммолог шифокорга мурожаат қилинг.

Бола эмишдан тўхташи билан кўкракнинг ҳажми кичиклашиб, осилиб қолади. Махсус машқлар ва контраст душ ёрдамида унинг шаклини яхшилаш мумкин. Массаж, сузиш ҳам кўкрак мушакларини мустаҳкамлайди.

Тиртиқлар

Ҳомиладорлик эмизиш даврида кўкракда тиртиқ излари пайдо бўлади. Тери қанча оқ бўлса, улар шунча кўзга ташланади. Туғруқдан сўнгра терини қанча эрта парваришлай бошласангиз, шунча яхши. 1 гр мумиёни 1 чой қошиқ бироз совутилган қайнаган сувда эритинг ва 80-100 гр болалар кремига аралаштиринг ва музлатгичда сақланг. Кунига бир бора терига енгил уқалаш билан суртинг. Эмизиш даврида бу муолажа тавсия қилинмайди!

Кўкрак мушакларини мустаҳкамловчи машқлар

Кўкрак мушакларини мустаҳкамловчи машқларни ҳомиладорликдан аввал қилиш анчайин самарали. Аммо айтишганидай, ҳечдан кўра кеч. Машқларни ҳар куни давомий тарзда бажарсангиз, 5 ҳафтадан сўнгра унинг натижаси яққол кўринади.

I машқ

1 машқ: деворга қўлларингизни тираб туринг, тирсакларингизни букинг, кўкрагингиз деворга теккач, аввалги ҳолатингизга қайтинг. Машқ давомида танангиз тикка бўлиши керак, белингизни букманг. Машқни 8-10 маротаба такрорланг.

devor mashqi

II машқ

2 машқ: Бу машқ учун сизга копток керак бўлади. Тик ва тўғри туринг, оёқлар елка кенглигида жойлашган. Икки қўлингиз билан коптокни кўкрак баландлигида тутинг, сўнгра уни шеригингиз (ёки деворга) отинг. Қўллар тирсакда букилиб керилади, аммо кўкракдан юқорига кўтарилмайди. Машқни 10-15 маротаба такрорланг.

koptok bilan mashq

III машқ

3 машқ: Қорнингиз, кўкрагингиз билан полга ётинг,қўлларни елка кенглигида полга тираб, «отжимание» деб аталувчи машқни такрорланг. Пастга эгилганингизда 5-10 сонияда шу ҳолатда қотиб туринг. Белингизни текис тутинг. Машқни 8-10 марта такрорланг. Машқларни бажарганингизда кўкрак ва қўлнинг юқори қисми, елкалар қизиётганини ҳис қиласиз. Машқларни бажариш давомида бир текис нафас олишни назорат қилинг.

Ёдингизда бўлсин: ҳеч нарсага меҳнатсиз эришиб бўлмайди.

 

[su_youtube_advanced url=»https://www.youtube.com/watch?v=rqsafVzwek4″ showinfo=»no» loop=»yes»]

Кўкрагингиз таранг ва чиройли бўлишини истасангиз, машқларни бажаринг ва доимий равишда кўкрагингизни парвариш қилинг ва елкаларингизни кўтариб, тик юришни одат қилинг.

Манба: «Суғдиёна» газетаси.