Турмуш қуришга аҳдлашган жуфтликларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ҳеч кимга сир эмас. Тиббий кўрик давомида қизлар гинекологик текширувдан ҳам ўтишади. Бу улар билан гинеколог мутахассиснинг суҳбати ва кичик тос аъзоларини ультратовуш текширувидан ўтказишдан иборат.
Ана шу текширувдан хулоса қилиб, турмушга чиқаётган қизнинг репродуктив саломатлиги аниқланади, зарур бўлса, айрим даволаш чоралари ўтказилади. Уйланаётган йигит ҳам уролог-андролог билан маслаҳатлашган ҳолда маълум текширувлардан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шунда ушбу жуфтликнинг жинсий ҳаёти муаммоларсиз кечиши кафолатланади.
Бироқ жинсий ҳаётнинг бошланиши аёл организмида «инқилобий» ўзгаришларни бошлаб беради. Айнан шу даврдан бошлаб у турли инфекция, бактериялар билан тўқнаш келиши мумкин…
Дефлорация — тиббиётда қизлик пардаси бутунлигининг бузилиши дефлорация деб аталади. Дефлорация эр-хотиннинг биринчи қовушган вақти юз беради. Бироқ шуни ёдда тутиш керакки, қизлик пардаси бир неча жинсий яқинликдан сўнг ҳам бутунлигини сақлаши мумкин бу унинг тузилиши (мустаҳкамлиги, чўзилувчанлиги ва ҳ.к.) билан боғлиқ. Шунинг учун биринчи коитус дефлорация билан тугамаса, ваҳимага тушманг. Бу ҳолат қизларда кўп учрайди, фақат гинеколог-шифокор уни изоҳлаб, зарур тавсияларни бериши мумкин.
Мутахассисга қачон мурожаат этиш керак?
Уч кеча давомидаги уринишлар бесамар бўлса, гинеколог-шифокор аёлни кўрикдан ўтказиб, зарур бўлса қизлик пардасида кичик кесимларни амалга ошириши мумкин. Бу дефлорация юз беришини осонлаштиради. Баъзан бу пайтда қиздаги кучли ҳиссий ҳолат ҳам дефлорацияга тўсқинлик қилиши мумкин. Шунинг учун никоҳ кечаси ҳақидаги турли уйдирмалар туфайли қаттиқ қўрқувда бўлган қизларга баъзан психологик ёрдам ҳам керак бўлади.
Биринчи коитусдан сўнг 3-5 кун давомида жинсий яқинликдан сақланиш лозим. Шу кунлар давомида гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилса, қизлик пардасининг чеккалари битиб, кейинги коитуслар оғриқсиз ва бошқа асоратларсиз кечади.
Келин-куёвларга маслаҳатлар
- Янги бошлаётган турмушингиз, жинсий ҳаётингизда муаммолар бўлмаслигини истасангиз, бир ёстиққа бош қўйишдан аввал дилдан суҳбатлашинг.
- Турмуш ўртоғингизга ўз ҳиссиётларингиз, туйғуларингизни уялмай айтинг.
- Никоҳнинг илк кечаси қандай ўтса, кейинги ҳаётингиз ҳам худди шу мезонларга қурилади.
- Илк кеча қиз учун синов кечасига айланмаслиги керак, энг аввало буни йигит яхши тушуниши лозим.
- Муносабатларни ўзаро ишонч ва садоқат асосларига қуринг, буни ёрингизга англатинг. Бу вазиятни юмшатиб, руҳий енгиллик яратади.
Мавзуга оид мақолалар: Нега баъзилар уйланишдан қочишади?