Соғлом оила - соғлом келажак

Жинсий алоқа вақтида — оғриқ, ачишиш, қичишиш ва қон кетиши сабаблари

Жинсий алоқа вақтида нохушликлар, айниқса, оғриқ кўп урологик касалликларда кузатилади. Жинсий алоқада оғриқ турлича намоён бўлиши мумкин ва оғриқ турли жойларда кузатилиш ҳам мумкин. Оғриқ қорин пастида, оралиқ ёки таносил аъзолари соҳасида, чов соҳасида бўлиши мумкин.

Жинсий алоқа вақтида оғриқ бўлишининг энг асосий сабаблари қуйида келтириб ўтамиз.

жинсий алоқада оғриқлар

Эркакларда жинсий алоқа вақтида оғриқ

  • Уретрит;
  • Таносил герпеси;
  • Олат уздечкаси калталиги ва унинг йиртилиши;
  • Простатит;
  • Везикулит;
  • Олат қийшиқлиги (Пейрони касаллиги);
  • Олат жароҳати;
  • Сийдик йўли жароҳати.

Уретрит

Сийдик йўли шамоллаши уретритда жинсий алоқада оғриқ ягона белги эмас. Қўшимча белгилар:

  • Тез-тез сийиш;
  • Сийдик йўлидан ажралма келиши;
  • Кўп ҳолларда сийдик йўлидан суртма олинганда кўплаб бактерия ва лейкоцит топилади.

Таносил герпеси

Бу ҳолатда жинсий алоқа вақтидаги оғриқ таносил аъзоларида ўзига хос характерли ўзгаришлар сабаб пайдо бўлади. Олат терисида кейинчалик эса шиллиқ қаватларида кўплаб майда пуфакчалар пайдо бўлади. Пуфакчалар вақт ўтиб ўзаро қўшилиб кетиши ҳам мумкин. Кейин пуфакчалар ёрилади. Шу вақтда сезувчан эрозиялар пайдо бўлади.

Олат уздечкасининг калталиги

Агар олат уздечкаси калта бўлса жинсий алоқа пайтида тортишиш ва олат уздечкаси соҳасида оғриқ хисси бўлади. Баъзи ҳолларда уздечка узилиб, йиртилиб кетиши мумкин. Бунда уздечка калталиги ёки йиртилганлиги кўриниб туради

Простатит ва везикулит

Жинсий алоқада оғриқ простатит ва везикулит учун унча хос эмас. Лекин бўлиб туради.

Одатда оғриқ интенсивлиги жинсий алоқа ва эякуляциядан кейин кучаяди. Жинсий алоқада оғриққа қўшимча бу ҳолатда яна қорин пастки қисмида, чов соҳаси ва оралиқда оғриқ бўлади.

Интерстициал цистит

Интерстициал цистит фонида жинсий алоқа пайтида оғриқ бўлиши асосан аёлларда кузатилади. Қовуқ сийдик билан қанча тўла бўлса, жинсий алоқа вақтидаги оғриқ шунча кучли бўлади. Бундан ташқари беморда тез-тез сийиш ҳам кузатилади.

ЎҚИНГ:   Фарзанд жинсини олдиндан режалаштириш мумкинми?

Жинсий алоқа вақтида ачишиш

Аёлларда жинсий алоқа вақтида оғриқ

Аёлларда ҳам жинсий алоқа вақтида оғриқлар кўп кузатилади. Оғриқлардан ташқари, аёлларни жинсий аъзолар қичишиши, ачишиши, дискомфорт, қовуқнинг тез тўлиб қолиши, ажралмаларнинг кўп ажралиши каби нохуш ҳолатлар жинсий алоқа вақтида безовта қилади. Қуйида ушбу ҳолатлар сабабчилари ҳамда уларни бартараф этиш чоралари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Қориннинг пастида кескин оғриқ

Жуфтингиз билан яқинликка киришган заҳотингиз қовуқда оғриқ қўзғалиб, безовталик қориннинг пастки соҳасига тарқалади. Яқинликдан кейин ҳам оғриқ кучи сезилиб туради. Бу каби ҳолатга аёллар жинсий аъзоларидаги яллиғланиш, сийдик йўли ва буйракдаги шамоллашлар сабаб бўлиши мумкин. Қориннинг пастида кескин оғриқ кузатилса, гинеколог кўригидан ўтиб, жинсий аъзо УТТси, зарур таҳлиллар ўтказилиши, сўнг яллиғланишга қарши муолажа бажарилиши лозим. Бу вақтда жинсий яқинликка киришиш тавсия этилмайди.

Жинсий алоқа вақтида қичишиш ва ачишиш

Терингиз таъсирчан эмас, аммо яқинлик вақти жинсий аъзода қичишиш пайдо бўлади. Безовталик ачишиш ҳисси билан давом этади. Яқинликдан кейин ҳам қинда терини куйдираётгандек безовталик кузатилади. Бу каби нохуш ҳолатнинг сабабчиси аёллар жинсий аъзоси замбуруғли касалликлари бўлиши мумкин.

Агар безовталиклар сабаби замбуруғлар деб топилса, шифокор кўрсатмаси билан замбуруғга қарши дори препаратлари қабул қилинади. Уни келтириб чиқарган омил аниқланиб, даволанади. Хасталик қайталамаслиги учун эр-хотин биргаликда муолажалар олиши муҳим саналади.

Жинсий алоқа пайтида қонли ажралма келиши

Жинсий яқинликдан сўнг қиндан қонли ёки тўқ жигарранг ажралма келади. Бунга сабаб сифатида бачадон ички воситаси — спиральдан фойдаланадиган аёлларда, бачадон бўйни эрозияси ёки сервикал канал яллиғланиши каби касалликлар кўрсатилади. Шунингдек, бачадонда турли ўсмалар бўлганида ҳам яқинликдан сўнг қонли ажралма келиши мумкин.

Жинсий алоқада дискомфорт

Нозик муносабатлар совуқлашиб, яқинлик вақти ўзингизни ноқулай сезасиз. Алоқага киришиш қийин ва оғриқли бўлади. Жинсий алоқа вақтида кузатиладиган бу каби дискомфортнинг сабабчиси ўлароқ қин шиллиқ қаватининг қуриши кўрилади. Бу ҳолат асосан ёши катта аёлларда кузатилади. Ёшларда эса яллиғланиш касалликларининг асорати саналади. Шиллиқ қаватнинг керакли даражада намланмаслиги, алоқага киришишни мураккаблаштиради. Агар қин шиллиқ қаватининг қуруқлашиши аниқланса, шифокор кўрсатмаси билан махсус шамчалар ва суртмалардан фойдаланиш мумкин. Муолажа тугагунича жинсий алоқа ман этилади.

ЎҚИНГ:   Ҳомиладор аёлнинг тиши оғриса...

Чов соҳасида оғриқ

Жинсий алоқа вақти қинда пайдо бўлган оғриқ, аста-секинлик билан тос суягига узатилади. Гавдани кўтарганда оғриқ белга ҳам таъсир қилиши мумкин. Қизиғи, бу ҳолат фақат яқинлик пайти содир бўлади.

Жинсий алоқа вақтида кузатиладиган бу сингари оғриқлар оғир жисмоний меҳнат тури билан шуғулланадиганлар, туғруқ вақти бел соҳасига юборилган оғриқсизлантирувчи препарат асорати, умуртқа чурраси, остеохондроз ҳамда неврологик хасталиклар сабабли юзага келиши мумкин. Оғриқларни бартараф этишда шифокор кўригидан сўнг аниқланган муаммога кўра зарур муолажа белгиланади. Яқинлик вақтидаги оғриқ мунтазам такрорланса, албатта мутахассисга мурожаат этинг.

Ёлғон чақириқлар

Яқинлик вақтида аёл қовуғи тўлиб бораётганини, ҳаттоки бундан аввал ҳожатга борган бўлса ҳам сезади. Қинда тушунарсиз оғриқ, пешоб ажратиши ҳиссининг кучайиши ҳам кузатилади. Ёлғон чақириқлар сийдик йўллари инфекцияси, цистит каби патологик ҳолатлардан дарак бўлиши мумкин. Бу каби безовталик кузатилаётган аёлларга, гинеколог консультациясини олиш, УТТ, пешоб таҳлили, инфекцияни аниқлаш мақсадида сийдик намунасини экиш усуллари тавсия этилади. Яллиғланишга қарши муолажа тўлиқ бажарилгачгина жинсий яқинликка киришиш мумкин.

Абдулҳаев Файзулло, уролог-андролог.
Нилуфар Бўстонова, гинеколог.

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш

Бош саҳифа » Жинсий ҳаёт » Жинсий алоқа вақтида — оғриқ, ачишиш, қичишиш ва қон кетиши сабаблари

loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.