Соғлом оила - соғлом келажак

Жинсий алоқа ҳақида эримда ҳаттоки, тасаввур ҳам йўқ!

 

— Эрим яқин кунларда ўттиз ёшни қаршилайди. Ўтган йилнинг декабрь ойида тўйим бўлган. Шу вақт ичида бирор марта бирга бўлмадик. Эрим шу ёшгача жинсий алоқада бўлмаганини тан олди. Бу ҳақда, ҳатто тасаввурга эга эмас экан. Шифокор кўригидан ўтишга зўрға кўндирдим. Уролог-андролог эримга ўткир яллиғланиш, варикоз ва қуввати пастлик хасталиклари ташхисини қўйди. Варикозни операция қилиш керак дейишди. Шифокорнинг айтишича, вақтида даволанмаслик бепуштликка олиб келар экан. Қизиғи, тўйдан аввал тиббий текширувлардан ўтганмиз. Ўшанда бундай касалликлар аниқланмаганди. Бундан ташқари, эрим жуда асабий, ижобий ҳиссиётлардан йироқ. Қайнонам эримни даволашга мажбур қилганим учун мени ёмон кўриб қолган. Ҳозир ота-онамникида яшаяпман. Эримнинг оиласидагилар ўғлининг айбини тан олишни исташмади.

Жинсий алоқа ҳақида

 

Рамазан НАЗАРОВ, сексопатолог-андролог:

Эркаклардаги жинсий алоқадан қўрқиш ёки ожизлик деганда эрекция (жинсий қўзғалиш)нинг суст ёки умуман бўлмаслиги тушунилади. Бу ҳолатни келтириб чиқарувчи сабабларни шифокорлар 2 катта гуруҳга бўлишади: жисмоний (физиологик) ва психологик. Физиологик сабаблар: қон томир хасталиклари, эндокрин тизимнинг бузилиши, урологик муаммолар (пешоб йўлларидаги яллиғланиш), баъзи соматик касалликлар туфайли эркакларда жинсий ожизлик келиб чиқиши мумкин.

Нима учун ёш йигитлар учраяпти?

Охирги йилларда жинсий ожизлик, алоқага киришишдан қўрқиш 20–25 ёшдаги йигитларга кўпроқ хавф солмоқда. Жинсий алоқадан қўрқиш ёшларда кўпинча руҳий омиллар сабаб юзага келади. Доимий стрессли вазиятларда ишлаш, кам ухлаш, чарчоқ, депрессия, қўрқув ва ҳаяжон, тажрибасизлик, камҳаракатлилик, компьютер технологияларига муккасидан кетган ҳолда кўп ўтириш натижасида қон айланишининг бузилиши сабаб ёшларда жинсий яқинлик пайти ожизлик сезилиши мумкин.

Бироқ йигитларда ҳам юқорида кўрсатилган касалликлар билан бирга, умуртқа ва тос соҳасидаги бўғимларга етказилган жароҳатлар туфайли ҳам қовушолмаслик юзага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Баъзан жинсий ожизлик ёш йигитларда турмуш тарзи билан боғлиқ сабаблар туфайли келиб чиқиши ҳам мумкин. Узоқ вақт жинсий яқинликдан сақланиш, жинсий ҳаётни кеч бошлаш ёки бу борада ўта фаол бўлиш, айрим дори воситаларини мунтазам ичиш, озиқлантирувчи моддаларнинг етишмовчилиги, баъзи спорт турлари билан шуғулланувчи ёшларнинг гормонал воситаларни қабул қилиши шулар жумласидандир.

Қачон кимга мурожаат қилиш зарур?

Жинсий алоқа рўй бермаслиги доимий равишда қайталанаверса, зудлик билан андролог мутахассисга мурожаат қилиш керак. Шунингдек, жинсий аъзолардаги деформациялар (шаклий бузилишлар), узоқ вақт жинсий яқинликни хоҳламаслик, эрекция (жинсий қўзғалиш) вақтида оғриқ ҳис қилиш, овознинг ўзгариши ҳам шифокор қабулига ёзилишингиз учун жиддий асос борлигини кўрсатади. Бундай мутахассисларни ҳар бир туман, вилоят ва шаҳар маҳаллий поликлиникаларида, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари, шунингдек, хусусий клиникалардан ҳам топиш мумкин.

Қандай даволанади?

Аввало, жинсий ожизлик касалликлар туфайли юзага келган бўлса, уларни бартараф этиш лозим. Ўз ўрнида гормонал ҳолатингизни ҳам албатта, текширтиринг. Мабодо жинсий яқинликдан қўрқишнинг келиб чиқишига психологик омиллар таъсир қилган бўлса, руҳшуносга мурожаат қилишни унутманг.

Нормал жинсий қувватга эга бўлиш учун овқатланишга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Таркибида ёғ моддаси кам бўлган, кўпроқ витаминли маҳсулотларни истеъмол қилиш керак.

Соғлом турмуш тарзи, тартибли жинсий ҳаётни кечиришдан ташқари, жисмоний машқларни бажариш ҳам жинсий қувватни кучайтиришга хизмат қилади. Эрекция учун қўлларни олдинга чўзган ҳолда ўтириб-туриш энг яхши машқ сифатида тан олинган. 1 кунда 50-100 марта шу машқ бажарилса, кичик тос соҳасини қон билан таъминланиши кучаяди. Бундан ташқари, пиёда юриш, велосипедда учиш ҳам самарали.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.