Соғлом оила - соғлом келажак

Иккиламчи бепуштлик ҳақида мутахассис маълумоти

Фарзанд дунёга келтириб, уни улғайтираётган аёлга яна бир бор ҳомиладорлик ва гўдагига кўкрак тутиш бахти насиб қилмаслиги мумкинлиги кимнинг ҳам хаёлига келади, деб ўйлайсиз? Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда бу каби ҳолатларни кўп учратиш мумкин. Иккиламчи бепуштлик ҳақида олий тоифали шифокор, акушер-гинеколог Наргиза АКБАРОВА маълумот беради.

ҳомиласи «тушиб» қолган

Эслатма

Ҳомиладорлик юз бериб, фарзанд кўрган, ҳомиласи «тушиб» қолган ёки аборт қилдирган аёллар икки йил давомида ҳомиладорликдан сақланмай мунтазам жинсий ҳаёт кечирсаю, бироқ ҳомиладор бўлмаса, албатта, шифокор кўригидан ўтиши зарур.

Иккиламчи бепуштлик сабаблар

Аёлнинг ёши улғайгани сари ҳомиладор бўлиш имкониятлари (фертиллик) камайиб боради. Тахминан 35 ёшдан кейин ҳар тўртинчи аёлда бепуштлик кузатилади. 18-30 ёшлар оралиғида фарзанд кўриш эҳтимоли юқори ҳисобланади. Йиллар ўтиши билан аёл организмидаги тухум ҳужайралари жиддий хромосом ўзгаришларни бошдан ўтказади. Ўз навбатида бу ҳомиладорликнинг яхши кечиши ва соғлом болани дунёга келтиришга тўсқинлик қилиши мумкин. Иккиламчи бепуштликнинг сабаби тўғри аниқланса, уни даволаш ҳам осон кечади.

Ҳомиладор бўлишга тўсқинлик қиладиган касалликлар:

  • Эндометриоз;
  • тухумдонлар, бачадон найлари, бачадон бўйни ва қиндаги яллиғланишлар;
  • бачадондан ҳайз вақтидан ташқари қонли ажралмалар кузатилса;
  • бачадон миомаси;
  • тухумдон поликистози;
  • гормонал фоннинг ўзгариши.

Шунингдек, аборт қилдирган аёлларда бачадон эндометрийси зарарланиши туфайли етилган ҳамда уруғланган тухум ҳужайра бачадон деворига бириколмай қолади. Бу ҳолат иккиламчи бепуштликнинг энг оғир ҳолатларидан бири саналади. Аборт малакали шифокор томонидан ўтказилган тақдирда ҳам бир қанча нохушликларга сабаб бўлишини унутмаслик лозим.

Жинсий аъзолардаги жароҳатлар ҳам иккиламчи бепуштликка сабаб бўлиши мумкин:

  • жарроҳлик амалиётидан кейинги жароҳатлар;
  • яра изи, чандиқлар;
  • полиплар;
  • тўқималарнинг бирикиб кетган жойлари (спайка);
  • чот орасидаги жароҳатлар.

Бу каби жароҳатларни даволаб, муаммони ижобий ҳал этиш эҳтимоли юқори.

Нотўғри ташкил этилган турмуш тарзи ҳам ҳомиладорликка тўсқинлик қилади:

  • овқат, турли хил дорилардан заҳарланиш;
  • силла қуриши, озғинлик ёки ҳаддан ортиқ семизлик;
  • сифатсиз таомларни тановул қилиш.

Биологик номутаносиблик иккиламчи бепуштликнинг яна бир сабаби саналади. Маълум сабабларга кўра, иккинчи марта турмуш қурган аёлларда ҳам иккиламчи бепуштлик кузатилади. Негаки, биринчи турмушидан фарзанд кўрган бўлади. Бундай ҳолатда, албатта, турмуш ўртоғи билан биргаликда шифокор кўригидан ўтиш ҳамда даволаниш тавсия этилади.

Иккиламчи бепуштлик даволаш чоралари

  • Ҳомиладорлик юзага келишига ёрдам берувчи дори-дармонлар;
  • Лапароскопик жарроҳлик билан фиброзли ўсимталар олиб ташланади, бачадон найлари очилади.

Эндокрин тизимдаги хасталиклар туфайли юзага келган иккиламчи бепуштликни қалқонсимон без фаолиятини яхшилаш билан бартараф этиш мумкин. Ҳар бир ҳолатга шифокор томонидан алоҳида ёндошув талаб этилади. Гинекологик касалликлар натижасида юзага келган иккиламчи бепуштлик махсус терапия билан даволанади. Шунингдек, айрим ҳолатларда шифобаҳш гиёҳлар билан муолажа қилиш ҳам ёрдам беради. Бироқ буни малакали мутахассис — шифокор тавсиялари билан амалга ошириш лозим! Чунки шифобаҳш гиёҳлардан нотўғри фойдаланиш организмга акс таъсир этмаслиги кафолатланмаган.

Иккиламчи бепуштлик тўғри даволангандан кейин, аёлда яна бир бор оналик бахтини туйиш имконияти пайдо бўлади. Шунинг учун асло тушкунликка берилманг, яхшиси, ижобий натижага эришиш учун ўзингиз ҳам ҳаракат қилинг!

Мақола сизга ёқдими? Ундай бўлса, баҳоланг!
1 баҳо2 баҳо3 баҳо4 баҳо5 баҳо

Загрузка...

Телеграмдаги расмий каналимизга аъзо бўлинг!

Аъзо бўлиш
loading...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *