Баъзи аёллар ҳомиладорлик даврида кўп сўлак ажралишини сезадилар. Бу ҳолат айниқса, 1 триместрда кўп намоён бўлади. Бунга қўшилиб жиғилдоқ қайнаши ҳам кузатилади. Бунинг сабаби нима экан?
Сўлакнинг кўп ажралиши нима дегани?
Тиббиёт тилида сўлакнинг кўп ажраишига птиализм деб аталади. Бунда оғиз сўлакка тўлиб кетиб, уни чиқариб ташлашга эҳтиёж бўлади.
Ҳомиладорлик даврида сўлакнинг кўп ажралишига сабаб нима?
Бу ҳолатга бирон спетсифик сабаб аниқланмаган бўлиб, ҳомиладор аёл организмидаги гормонал ўзгаришлардан кўрадилар.
Бунинг зарари борми?
Сўлак оқишининг ҳомиладор аёлга ҳам ҳомилага ҳам зарари йўқ. Лекин баъзида кўп сўлак оқиши жиғилдоқ қайнаши ва токсикоз аломатларини кучайишига олиб келиши мумкин.
Сўлакнинг кўп оқиши қачон намоён бўлади?
Ҳомиладорликнинг 6 ҳафталаридан бошланиб 20-22 ҳафталаригача давом этиши кузатилади. Жуда кам ҳолларда птиализм бола туғилгунга қадар давом этиши мумкин.
Сўлак кўп ажралишининг ижобий томони борми?
Ҳа, бор. Сўлакнинг кўп ажралиши натижасида энзимлар кўп ажралади. Улар эса ҳомиладор аёлда бироз бузилган ҳазм қилиш тизимини яхшилайди. Ундан ташқари сўлакдаги антибактериал, антизамабуруғ протеинлар ҳомиладор аёлни оғиз бўшлиғи ва тишларини ҳимоялаб туради.
Сўлакнинг кўп ажралаётган ҳолатини қандай енгиллаштириш мумкин?
- Тишни тез-тез ялпизлик тиш пастаси билан ювиб туринг;
- Тез-тез сув ичиб туринг;
- Шакарсиз ялпизлик конфет шимиб юринг. Бу сўлак ажралишини пасайтирмаса ҳам, сўлакни юта олишга ёрдам беради. Ширин ва нордон конфетларни шиммаслик керак, улар сўлакнинг ажралишини кучайтириб юборади.
- Лимонни яланг ёки сўринг;
- Конфет кўринишидаги Витамин C таблеткаларини шимиб юринг;
- Ялпизлик сақич чайнанг. Ўткир ялпиз таъми йўқолганда ташлаб юборишни унутманг.
Муҳими, бу ҳолат деб асабийлашмаслик керак. Доим ёнингизда салфетка, дастурмол ва қоғоз кружкалари бўлишини таъминланг. Бу ҳолатингизни аёл ҳаётида атиги бир неча бор келадиган ширин ҳомиладорлик даврининг белгиларидан бири деб қабул қилинг. Бироз вақтдан сўнг ўтиб кетади.
Ҳомиладорликка оид фойдали мақолаларни сайтимизнинг «Ҳомиладорлик» рукни орқали кузатиб боришингиз мумкин.
Манба: Uzbaby.uz